September 15, 2023

ОЮ ҚУЁШ СУЯНГАН ТОҒИМ

Моҳигул МУСТАФОЕВА

ЎРГИЛАЙИН ЎЗБЕКИСТОНДАН

Минг шукр,

юртим тинч,

боламнинг порлоқ

Кўзлари йўлимни ёритган чироқ,

Оналар кўнглидан хавотир йироқ,

Ўзим ўргилайин Ўзбекистондан.

Осмонга узатсам етар қўлларим,

Юлдуздай чарақлаб турар гулларим,

Уфқларга туташди равон йўлларим,

Ўзим ўргилайин Ўзбекистондан.

Боболар бу юртга жонини тиккан,

Момолар айрилиқ оғусин ютган.

Не марду майдонлар тупроғин ўпган,

Ўзим ўргилайин Ўзбекистондан.

Нечоғли азиздир, шоҳ Бобур айтсин,

Фурқатдек бағри қон мусофир айтсин,

Айрилиқ шиддати шаштидан қайтсин,

Ўзим ўргилайин Ўзбекистондан.

Отамни бағрига олган бу макон,

Менинг ҳам кўнглим тўқ,

уни ҳеч қачон

Жисмим тарк этмайди,

тарк этса ҳам жон.

Ўзим ўргилайин Ўзбекистондан.

СЕНИ ЯХШИ КЎРАМАН

Отамерос уйим ўзингсан,

Райҳон исли куйим ўзингсан,

Боламдай хушбўйлим ўзингсан,

Сени яхши кўраман, Ватан.

Ўзингдирсан гуллаган боғим,

Ою қуёш суянган тоғим,

Бирдек азиз гулу янтоғим,

Сени яхши кўраман, Ватан.

Қалбимга қўр солди муҳаббат,

Билдим недир азобу роҳат,

Энди яхши кўрсам ҳам фақат

Сени яхши кўраман, Ватан.

Ерга суқсам гуллар қаламим,

Меҳринг дилдан аритар ғамим,

Ишқинг билан ёруғ оламим,

Сени яхши кўраман, Ватан.

Тилимдадир қутлуғ каломинг,

Ўзбекистон, улуғвор номинг,

Шаънинг – шаъним,

шонингдир шоним,

Сени яхши кўраман, Ватан.

АТИРГУЛ

Жилмайиб бош эгишга моҳир,

Хаёл наҳот шу қадар оғир?!

Умр қисқа ва гўзал ахир,

Эй, ҳовлимда ўсган атиргул,

Гул юзини тўсган атиргул.

Кўнглинг олган қуёш эмасми?

Тонгги шудринг кўзёш эмасми?

Маъюслик кўз бўяш эмасми?

Эй, ҳовлимда ўсган атиргул,

Гул юзини тўсган атиргул.

Ёлғизликдан наҳот бағринг қон?

Лабинг тишлаб турибсан ҳайрон,

Недан қалбинг бўлмоқда вайрон?

Эй, ҳовлимда ўсган атиргул,

Гул юзини тўсган атиргул.

Қизарганча ерга боқасан,

Хушбўй шамолларда оқасан,

Севиб қолдинг?! Сен ҳам ёқасан!

Эй, ҳовлимда ўсган атиргул,

Гул юзини тўсган атиргул.

Моҳигул МУСТАФОЕВА