September 8, 2023

ТУҒИЛГАН ЖОЙИНИ ЎЙЛАБ ТОПГАН

Анна Ахматова

Анна Ахматова баъзида ўзи ҳақида тарихий ҳақиқатга зид маълумотлар ҳам берган. У таржимаи ҳолида ўзини Ленинградда туғилганман, деб ёзади. Гап шундаки, император даврида Ленинград Санкт-Петербург деб аталган. Анна Ахматова эса, аслида Одессада туғилган. Эҳтимол, пойтахтда туғилиш шоира учун муҳимроқ туюлгандир. Анна Горенко(бўлажак Ахматова)нинг туғилган жойи ҳужжатларда қайд этилган, албатта. Аммо у шоира сифатида чиндан ҳам шимолий пойтахтда туғилган эди.

ҚОБИЛИЯТЛИ ҚИЗ

Анна (ҳозирча Горенко, Ахматова эмас) болалигида бир гимназиядан бошқасига кўчиб ўқиб, гуманитар фанларга бўлган қобилиятини намоён этарди. Ўзининг эслашича, бўлажак шоира Лев Николаевич Толстой ихтиро этган алифбони ҳам ўрганиб, бемалол ўқий олган.

Анна кичкинтойлигида ўзидан катта болаларга ўтилган дарсларга кириб, француз тилини яхшигина ўрганиб олган.

ПУШКИННИНГ ЧИЛТОРИ

Анна Ахматова ўсмирлигини Царское селода ўтказади ва бир куни боғни сайр қилиб юрганда чилтор шаклидаги қимматбаҳо игнатугма топиб олади. У лирани умрининг охиригача асраб юради ва буни А.С.Пушкин тушириб қўйганига ишонади.

ҚАСДДАН ТУРМУШГА ЧИҚҚАН

Ахматованинг биринчи турмуш ўртоғи, ўзи бир неча бор рад этган Николай Гумилев эди. Чунки қизнинг бошқа йигитга бўлган оташин муҳаббати жавобсиз қолган. Шунда Анна Гумилевга турмушга чиқишга розилик беради.

Икки шоир никоҳи ғалати бўлади – шоира Гумилевни севмаслигини яшириб ўтирмайди, балки тақдир буюргани шу, деб билади. Гумилевнинг ота-­онаси бу никоҳ яхшилик билан тугамайди, дейишади. Одатдаги анъаналарга кўра, улар ҳақ эдилар. Улар расмий равишда кейинроқ ажралишган бўлса-да, Анна ва Николайнинг муносабатлари бундан анча аввал ниҳоясига етганди. Ҳатто ўртада ўғил туғилиши ҳам оилани сақлаб қололмади. Бунга Ахматова Гумилевни айбдор деб билади.

МОДИЛЬЯНИ ҚАСОС ЎРНИДА

Николай Степанович садоқатли эр бўлмай, Ахматовада рашк ва ранжиш туйғуларини оловлантиради. Эридан қасд олиш учун Ахматова Парижда рассом ва ҳайкалтарош Амадео Модильяни билан ишқий саргузаштлар қилади. Ҳайкалтарош ҳали дунё­вий шон-шуҳратга эришмаган эди. У Аннанинг суратларини чизар ва унга ишқий мактублар ёзарди. Эрининг Мария Кузьмина билан ишқий саргузаштларидан хабар топган Анна ўзига Модильяни ёзган хатлардан Николай ҳам хабардор бўлишини истайди. Албатта, Николай ҳам хотинининг ишқий саргузаштларини билгач, рашк оловида ёнган бўлиши керак.

ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИ

У большевиклар қамоққа ташлаган эри ва ўғлининг озод қилинишини сўраб Сталин билан учрашган. Уларни тергов жараёнида бир-бирига, ҳатто Анна Ахматовага ҳам туҳмат қилишга мажбур қилишган. Шоирани ҳам турмага ташламоқчи бўлган қатағончилар кейинчалик бу фикрдан қайтишади.

Ахматованинг яқин дугонаси ёзувчи Софья Островская аслида НКВД томонидан тайинланган, унинг ортига тушган айғоқчи эди.

Шўролар унинг барча яқинларини қатағон қилган. Анна Ахматованинг биринчи эри Николай Гумилев отувга ҳукм қилинган, ёлғиз ўғли Лев умрининг ўн йилдан зиёдини турли қамоқ лагерларда ўтказади. Учинчи эри Николай Пунин бир неча марта қамалади ва оқибатда қамоқда вафот этади.

Унинг сўнгги шеърлар тўплами 1925 йили чоп этилган. Шундан сўнг шўро ҳукумати унинг “қўпорувчи ва шўроларга қарши” ижодини тарғиб этишга таъқиқ қўяди. Айрим асарлари вафотидан сўнг йиллар ўтгач нашр қилинган.