June 22, 2023

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ТАХАЛЛУСЛАРИ

“Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”да келтирилишича, арабча “қутилиш, халос бўлиш” деган маънони билдирган тахаллуслар, одатда, ижодкорлар томонидан ўз ижодини таъкидлаб кўрсатиш, исм-фамилиясидан қониқмаслик ёки бирор хавф-хатардан, таҳликадан қочиш мақсадида қўлланади. Тахаллусни муаллифнинг ўзи танлайди. Абдулла Қодирий ҳам элликдан ортиқ тахаллусда ижод қилган.

Абдулла Қодирийнинг Жулқунбой, Калвак Маҳзум, Думбул, Муштум, Овсар каби тахаллуслари китобхонларга яхши таниш.

Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” китобида ёзувчининг ўткир тили ва аччиқ ҳажвиялари ҳаммага ҳам ёқавермагани, шу боисдан душманлар орттиргани айтилади. Қодирий ўз таржимаи ҳолида: “Мени бойлар, эшонлар кўра олмас эдилар. Чунки мен уларни ишчи тилидан чаққан ва сирларини очувчи душманлари эдим”, деб ёзади. Шундан кўриш мумкинки, Абдулла Қодирий душманлардан, таҳдидлардан сақланиш учун ҳам турли тахаллуслардан фойдаланган.

“Отам ҳақида” китобида Абдулла Қодирийнинг “Муштум” ва турли газета-журналларда босилган ҳажвий, танқидий мақолаларида элликдан ортиқ тахаллус қўллагани айтилади. Уларнинг айримлари очиқ, айримлари яширин бўлган. Ҳабибулла Қодирий бу тахаллусларнинг аксариятини ўзи билган, баъзиларини хабардор кимсалардан сўраб, баъзиларини эса мақолаларнинг услуби ва мазмунига қараб аниқлаган. Жулқунбой, Жирқинбой, Ж-бой, Жу-бой, У-бой, Ж, Жулқунбой Сов­ринбой ўғли, Мулла Жулқунбой, Жулқинчитир, Думбулбой, Жулбулбой жия­ни, Думбулбой ўғли, Думбул девона, Думбулниса, Домладумбул, Жиян, Жиянингиз Муштум, Калвак маҳзум, Калвак маҳзум жияни, Калвак маҳзум Шоший, Тошпўлат, Тошпўлат тажанг, Алимов, А.Қ, Бойқуш, Индамас сўфи, Йўловчи, Кампир, Карнайчи, Колхозчи, Газнитчи, Лакаланг маҳзум, Мавлон куфур, Муштум, Сани худо, Телба, Овсар, Чин дўст, Чирманда ботир, Чи чора, Шапак маҳзум, Шоший, Шилғай, Боғбон, Қақилдоқ хўжа, Матбуот ариси, Мошхўрдачи, Шаккок, Мулла эшонбой, Ғўсхўр, Мулла Мушфиқий.

2017 йилда “Info Capital Group” нашриётида 5 жилдда чоп этилган “Абдулла Қодирий” тўпламининг 5-жилдида жами 37та тахаллус келтирилган бўлиб, улар орасида “Отам ҳақида” китобининг 1983 йилги нашрида қайд этилган 51 тахаллусдан 33таси (Жирқинбой, Ж-бой, У-бой, Жулқунчитир, Думбулбой, Жулбулбой жияни, Калвак маҳзум, Тошпўлат, Тош­пўлат тажанг, А.Қ, Бойқуш, Индамас сўфи, Кампир, Карнайчи, Колхозчи, Газнитчи, Лакаланг маҳзум, Мавлон куфур, Сани худо, Телба, Чин дўст, Чирманда ботир, Шапак маҳ­зум, Шоший, Боғбон, Қақилдоқ хўжа, Матбуот ариси, Мошхўрдачи, Ғўсхўр, Мулла Мушфиқий, Абдулла Жулқун, Абдулла Муштум, Жулқун) учрамайди, аммо 11та тахаллус (А.Қодир, Абудумбул, Бемаза маҳзум, Гўзиматчи, Думбул, Ж-й, Ж-Қ, Мулла Жулқун, Мухбир, Совринбой, Совринбой ўғли) қўшилган. Биринчи китобдаги “Алимов” тахаллуси эса кейинги нашрда “Жўра Алимов” тарзида киритилган.

– Бобомиздан қолган асарларни ўқиш, у кишининг услубини ўрганиш, китобларини тайёрлаш натижасида шунга амин бўлдимки, Қодирий услуби ўзига хос ва бетакрор, – дейди адибнинг невараси Хондамир Қодирий. – Унинг сўз танлаши, жумла тузилишларига қараб, “Отам ҳақида” китобида келтирилган айрим тахаллуслар тахминий киритиб юборилган, деган хулосага келдик. Ҳатто Боис Қориев тадқиқотларида келтирилган тахаллуслар ҳам баҳсли, деб ҳисоб­лайман.

Ўз даврида тахаллусларни аниқлаш бўйича қатор тадқиқотлар олиб борган ва ўзи ҳам Олтой, Боис, Қоризода, Ёш қалам, Тилчи, Эшитгучи тахаллуслари билан ижод қилган Боис Қориев (1903–1977) матбуот саҳифаларини бирма-бир варақлаш, шахсий хотираларни тиклаш ва суриштириш­лар натижасида жиддий ютуқларга эришган. Ўзбекистон Фанлар Академияси нашри ҳисобланган “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг 1967 йил 1-сонида эълон қилинган Боис Қориевнинг “Адабий тахаллуслар ҳақида” деб номланган тадқиқотида Абдулла Қодирийнинг 33та тахаллуси келтирилган. Аҳамиятлиси шундаки, тадқиқотда тахаллуслар алифбо тартибида келтирилган ва уч қисм(доимий, ўткинчи ва қисқартирилган)га бўлиб чиқилган. Унда Алимов, Жулқунбой, Шоший Абдулла Қодирийнинг доимий тахаллуслари, Бойқуш, Думбулбой, Думбулбой жияни, Думбулдевона, Думбулниса, Думбулбой ўғли, Ж-бой, Жарқинбой, Жиян, Жиянингиз Муштум, Индамас Сўфи, Йўловчи, Калвак маҳзум жияни, Калвак маҳзум шоший, Кампир, Карнайчи, Колхозчи, Лакаланг маҳ­зум, Мавлон куфр, Мулла Жулқунбой, Муштум, Овсар, Санийхудо, Чиндўст, Чирмандаботир, Чи чора, Шапалоқмаҳзум, Шилғай ўткинчи (вақтли), А.Қ, У-бой эса қисқартма тахаллуслар сирасига киритилган.

Боис Қориев Ҳабибулла Қодирийда келтирган Жирқинбой, Жу-бой, Ж, Жулқунбой Совринбой ўғли, Жулқунчитир, Жулбулбой жияни, Домла думбул, Калвак маҳ­зум, Тош­пўлат, Тошпўлат тажанг, Бойқуш, Газнитчи, Телба, Шапак маҳзум, Боғбон, Қақилдоқ хўжа, Мошхўрдачи, Шаккок, Мулла эшонбой, Ғўсхўр, Мулла Мушфиқий каби 21та тахаллусни руйхатга киритмайди. Назаримизда, Боис Қориев тадқиқотлари анчайин асосли кўринади. Сабаби, улар орасидаги Жирқинбой тахаллуси шоир, драматург ва педагог Рафиқ Мўминов(1900 – 1951)га, Газнитчи тахаллуси эса Газетхон шаклида журналист ва таржимон Аъзам Айюбов(1904 – 1938)га, Газетчи шаклида Босит Сиддиқов(1900–1938)га, Шаккок – Ҳилмизодага (Боис Қориев шундай келтиради, аниқлаш имкони бўлмади), Мулла Мушфиқий тахаллуси эса Мулла Мушфиқ тарзида маърифатпарвар шоир Ҳожи Муин(1883 – 1942)га, шоир, ёзувчи, журналист Ғози Юнус(1889 – 1942)га тегишли. Бундан ташқари, Ҳабибулла Қодирий тахаллус сифатида санаб ўтган Калвак маҳзум, Тошпўлат, Тошпўлат тажанг Қодирий асарлари қаҳрамонидир. 2017 йилда “Info Capital Group” нашриётида 5 жилдда чоп этилган “Абдулла Қодирий” тўп­ламининг 3-жилди “Диёри бакр” деб номланади ва унда адибнинг юқоридаги рўйхатларда учрамайдиган Ж-б, М.Абдулла Қ, М.А.Қ, Мазлум (Эски шаҳарлик), Эски шайтон, Мирза соврин каби тахаллусларда эълон қилинган асарлари ҳам киритилганки, улар тахаллуслар сонини янада оширади. Ана шуларни инобатга олиб, бугунги кунгача Қодирийнинг 36 тахаллуси аниқланган экан, дейиш мумкин. Кўринадики, буюк адиб, “кулдириб йиғлатади, йиғлатиб кулдиради”ган “фельетонлар қироли” Абдулла Қодирийнинг тахаллусларини махсус ўрганиш ва янги маълумотларга эга бўлиш қодирийшунослар олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Холиёр САФАРОВ