December 29, 2023

СУВ

Султон РАЕВ, Қирғизистон халқ ёзувчиси

(ҳикоя)

– Марҳумни сувга ола бошлашди, – деди бўз уйдан чиқиб келган чўққи соқолли ёш мулла.

Йўқловга келган одамларнинг оёғи тортилиб, ўкириб йиғлаб келганлар ҳам тинчиб қолганди. Бўз уйдаги аёлларнинг ҳам уни чиқмай қолди. Ёш мулла тўғри Жўмарднинг олдига келиб:

– Майитни сувга ола бошлади. Сиз ҳам кирасизми? – деди.

Жўмард бу саволга нима деб жавоб беришини билмай, ёнида турган кекса оқсоқолга қаради. Чол ёш муллага бир қараб олди.

– Жўмард ўғли бўлса-да, – гап бошлади чол энсаси қотиб, кўзини чақчайтиб, – у кўпдан буён шаҳарда яшагани учун бунақа ишларнинг расм-русумини тушунмайди. Яқин қариндош­ларидан бошқа бирортаси кира қолсин, – деди гапнинг индаллосига кўчиб.

Жўмард бирор марта бундай ишларни бошидан ўтказмагани боис нима дейишини билмай хижолат бўлиб тургач, оқсоқол буни пайқаб, ёш муллага шу жавобни берганди.

– У ҳолда марҳумнинг яқинларидан ким киради? – дея мулла чолни сўроққа тутди.

Бу чол Жўмарднинг амакиси, овулнинг кексаларидан. Гаплари ҳам ўзи каби ажаб­товур эди.

– Мен кираман, – деди Жўмарднинг ёнида турган жияни овоз чиқариб.

У ҳам шу овулда туради. Бобоси билан жуда иноқ эди. Ҳали отасини йўқлаб йиғлаганлар орасида шугина йигитнинг йиғиси баландроқ эшитилганди. Нима қилса ҳам бобоси. Юрак юракдан йиғлади...

Жиянини кўриб Жўмарднинг меҳри товланиб кетди. Бу йигит синглиси Тўлғонойнинг катта ўғли. Яқинда уйланган. Кап-катта одам бўлибди. Ичкарида бўз уйда синглиси Тўлғон­ойнинг отасини йўқлаб жон койитиб йиғлаганини эшитиб Жўмарднинг кўнгли бузилиб кетди. Кичик синглиси Асилнинг йиғиси бир эшитилиб, бир узилиб қолишининг сабабини эса Жўмард тушуна олмади. Ора-сира йиғиси бир-бир чиқиб қолмаса, йўқлови тузук-қуруқ эшитилмади ҳам. Хорижда юравергани учун чин юракдан йиғлашни унутиб юборгандек туюлди унга. Бўз уйда йиғи йўқлов қилаётган аёллар орасидаги хотинининг овози эса буткул эшитилмади. Ҳатто йиғлаб ҳам қўймади. Ахир, шаҳарда ўсган бўлса, бунақа нарсани қаёқдан ҳам билсин?

– Кир, болам, кир... Бобонгни яхшилаб юв. ...савоби тегади, – деди чол унга юзланиб.

Жўмарднинг отаси шу овулнинг оқсоқоли эди. Жони узилганига икки кун бўлди. Бу ердагилар, яқинлари олисда, Россияда юрган кичик қизи келсин деб, бир кун кутишди. Жўмардга ҳам хабар кеч етиб боргани учун, отасининг сўнгги сўзини тузук-қуруқ эшитолмай қолганидан армонда.

Отаси ўлими олдидан тушунуксиз ғулдираб, “Сув! Сув!...” деб қайта-қайта такрорлайверди... “Оғзи қуриб, чанқаб қолибди-да”, деб оғзига сув томизиб турса ҳам, ҳалиги айтган сўзини такрорлашдан тўхтамади. Ора-сира ўғил-қизи, Жўмард билан Асилнинг отини айтиб, “улар келдими” дегандек ишорат қилган бўлмаса, тилидан “Сув” деган сўз тушмай, шу сўзни айтиб жони узилди.

Булар учаласи туғишганлар. Икки қиз, бир ўғил. Каттаси Жўмард. Онасининг қайтиш қилганига бир йилдан ошиб, иккинчи йилга ҳам ўтди. Қариганда уларнинг худди киндиги бирдек, бир-биридан ажралмай қолишганди.

Кампир тирик пайтлари чолнинг шаҳди баланд, ёши бир жойга бориб қолса-да, анчайин дадил кўринарди. Отаси бир умр шу овулда мироблик қилиб ўтди. Кампири ўлгандан кейин чол буткул чўкиб, ўзини анча олдириб қўйди. Бошқа уйда яшаса-да, Тўлғоной отасининг кўзу қулоғига айланиб, эртаю кеч келиб, иссиқ-совуғидан хабарлашиб турди. Қариганда кампиридан айрилиб қолгани чолга худди бир қовурғасини йўқотгандек туюлди.

Онаси бечора ҳам яхши аёл эди. Эрта кетгани одамга алам қилади. Отаси ҳам кампирига бўлган меҳри туфайли, у дунёда ёлғизлатиб қўймаслик учун тезроқ унинг ортидан кетгандек, гўё.

Жўмарднинг отаси кампирининг йили ўтгандан сўнг уч-тўрт кунга шаҳарга борган. У Бишкекда кўп тура олмади. Самолётдан тушган дақиқадан бошлаб, келган жойини соғиниб қолди. Қаттиқ соғинган. Сафарга чиқишни ёқтирмасди. Бунинг устига кампири ҳам йўқ. Ўғли, келини, ёлғиз чечакдай набирасини кўриб келайин, деб шаҳарга келганди. Бунга ҳам Жўмард қайта-қайта телефон қилиб, келишга зўрға кўндирган. Тўлғонойга кун ора телефон қилди. “Отамни самолётга чиқариб, кузатиб қўй”, деб. Ота ҳам шу сабаб ўғлиникига келиб қолган. Бир томондан набирасини соғинган. У ҳам ўн ёшга кириб қолди. Жўмарднинг аёли шаҳарлик. Қайнота-қайнонаси шу шаҳарда туради, умри ўша ерда ўтган одамлар. Иккаласи ҳам профессор. Фанлар академиясида ишлайди.

Жўмарднинг аёли фанлар номзоди, университетда дарс беради. Отаси бу ерга келса ҳам келини, набираси билан кўнгилдан суҳбат қура олмайди. Келинининг билган сўзи “Ота, чой ичинг”, “Ота, келинг”. Бундан бош­қа сўзга тили келмайди. Ўқишни ҳам Москвада битириб келган. Набираси эса, “Бобо” деган сўздан бош­қасини билмайди. Отаси келса, Жўмард тилмочлик қилиб, таржима қилиб туради. Шунга отасининг юраги сиқилиб кетарди. Бу ҳам етмагандай тунд бўлиб олиб, ичидагини бировга айтгиси келмасди.

Жўмард Бишкекнинг кичикроқ, ўн иккинчи туманида яшарди. Уйининг деразасидан тоғ шундоқ кўриниб турарди. Отасининг эртаю кеч томоша қилгани шу тоғ эди. Болохона деразасидан бошини чиқариб олиб, ўша тоғлардан кўзини узмай қарайверарди.

Бир гал гапдан гап чиқиб, Жўмард отасининиг бу қилиғини юзига солмоқчи бўлган. “Тоғларнинг орасида юриб, тоғдан безмадингизми?” деган.

Отаси унга, одатдагидек, қўрс жавоб бериб: “Тоғдан безадиган бўлсам, қирғизлигим қаерда қолади? Тоғ менинг жоним!” деган. Арзимаган томошани, деб отасининг бундай қўрс жавоб бергани Жўмардга таъсир қилиб, кўкрагига найзадек ботган. Шундан сўнг бирор нарса деб сўрашга ҳам қўрқиб қолганди. Жўмард боласини елкасига опичлаб, тоққа олиб бориб келишга ҳам вақт топмаган. Тоғ унга жуда олисдек туюлган. Ҳозир эса бунга афсусланиб ўтирарди.

Жўмарднинг отаси уйдан эрта тонгда чиқиб кетарди. Қаёққа бораётганини ўғли ҳам билолмай қоларди. Эрта тонгдан отасининг уйдан чиқиб кетишига парво қилмай, кенгликка ўрганган одам, тўрт девор уйда қамалиб ўтириб, зерикиб кетгандир, деган ўйга борган.

Отаси учун эртаси тушдан кейинга билет олиб қўйганди. Унинг аҳволини кўриб, худди бургутни қафасга солиб қўйгандек, айбдор ҳис этди ўзини. Чол эрта тонгда чиқиб кетади-да, бир соатлардан сўнг қайтади. Келганда ўғли ҳам, келини ҳам ишга кетган бўлади. Ёлғиз қолган набираси унга эшикни очади. Отаси қўлини ювиб, сочиққа артингандан кейин, набираси қўл имлаб, стол устидаги овқатга чақиради. Билган сўзи “Бобо”. Иккаласи узоқ вақт жим ўтиришади. Чол қирғизчалаб нимадир дейди, набираси ўрисчалаб жавоб бергандай бўлади. Иккаласи ҳам бир-бирини тушунмайди...

Бугун ҳам шундай бўлди. Чол қош қорайганда уйдан билдирмай чиқиб кетди. Жўмард ташқарига чиқиб, тезда қайтади деб ўйлаганди. Отасидан анча вақт дарак бўлмади...

Жўмард хавотирланиб отасини излаб чиқди. Ташқарида шаҳар қайнаб ётарди. Катта йўлда машиналар тиқилиб кетган. Негадир тўхтаб қолган, атрофида одамлар тўпланиб туришарди. Жўмарднинг юраги “шув” этиб кетди... Хаёлига ёмон ўй келиб, миясига пичоқдай санчилгандай бўлди.

Жўмард воқеа жойига етиб борса, қизил шляпали семиз аёлнинг кучугини машина уриб кетибди. Аёл тўполон қилиб, ҳайдовчига дўқ қилиб ётарди.

– Бу ит қанча туришини биласанми? Тўрт минг доллар, бу қиммат, зотли итлардан, – деб чақчайиб ўдағайларди.

Жўмарднинг қинидан чиқиб кетаёзган юраги жойига келди. Йўлнинг нариги томонидаги боққа қараб юрди. Ҳар хил хаёлларга бориб, қадамини тезлатди. Отаси кўринмасди. Боғ ўртасидан ўтган сой бўйлаб тоғ томонга йўл олди. Шу ёлғизоёқ йўл билан тоғ тарафга борса бўларди... Анча юрди. Чидай олмай, қарши тарафдан келаётган йигит ва қиздан:

– Шу атрофда бир чолни кўрмадиларингми? – деб сўради.

– Орқада келаётган оқсоқол эмасми? ̶ деди қиз бурилишда кўринган одамга ишора қилиб.

– Ҳа, раҳмат, ўша, – деб отасини олисдан кўрган Жўмарднинг юзига қон югура бош­лаган, безовта юраги жойи тушганди. Қария суви кўп катта сой бўйлаб боғ тарафга шаҳдам кетиб борарди. У отасининг йўлини тўсиб чиқди.

– Овулингизни жуда соғинганга ўхшайсиз? –Жўмардга отаси кўнглидаги сирни ошкор қилгандай туюлиб кетди. – Эртага тушликдан ке­йинга билет олдим... Тўлғонойнинг ўғли сизни кутиб оладиган бўлди.

– Яхши қилибсан, – отасининг юзидан на қувонгани, на ўкингани сезиларди. Бир муддат жим бўлиб қолди. – Сизларни ҳам қийнамай, энди бора қолай, – деди чол чуқур хўрсиниб.

– Қийнамай деганингиз нимаси? Келганингизга баримиз хурсанд бўлиб қолдик-ку, айниқса, набирангиз... – Жўмард сўзларига ўзи ҳам ишонмаётган бўлса-да, отасининг кўнглини кўтаргиси келди. “Қаердан ҳам хурсанд бўлсин, ёзилиб гаплаша олмаса? Гаплашадиган гап бўлмаса, нимани ҳам гаплашишарди?”

Жўмарднинг бу сўзлари чин юракдан айтилмаётганини отаси ҳам ич-ичидан сезиб турарди.

– Шу кунларга етказганига шукр... – деди отаси сир бой белгиси келмаса-да, юзи ёришмай. – Кўрдим... кўнглим хотиржам бўлди. Энди яна қачон келаман, ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билади, – оғир хўрсиниб давом этди қария. –Омон бўлсаларинг бўлди.

– Манави ариқнинг бошига қадар бориб келдим, бир қултум сув йўқ. ...Дарахтлар қуриб бораяпти, – деди чол, гапни бошқа томонга буриб. – Ариқнинг қуриб қолгани яхшиликдан нишона эмас...

– Бизда шундай... Шаҳарда... сизларнинг овулларингиз эмас, туну кун шарқираб сув оқиб турадиган, – деди Жўмард отасининг қош-қовоғига қараб. – Бу томонларда сув танқис.

– Ҳиммм... – чол унсиз бош чайқади.

Жўмарднинг ёшлик чоғи отаси айтган бир гап эсига тушиб кетди. У ҳам сув тўғрисида эди.

– Ота, эсингиздами, бизни доим уришар эдингиз. Сувга тупурма, сувга ушатманглар, деб. Бир гал сувга қараб ушатаётганимда таёқ билан урганингиз ҳали ҳам эсимда... – Жўмард отасидан гап олиш учун шу гапларни айтганди.

– Тўғри қилган эканман... – деди отаси ўзига ўзига гапиргандек. – Шундан буён гапимга кирмай келаётган экансан-да?

– Йўқ, йўқ. ...бу ёшлик пайтим бўлган, – Жўмард отасига ўтинч билан қаради.

– Эрта тонг ва қош қорайганда уйдан чиқиб кетаётганимни ҳеч пайқадингми? – деди чол ўғлини саволга тутиб.

– Нега пайқамайин, пайқадим... Сиз билан бирга чиқай десам, унамайсиз. Набирангизни ҳам эргаштирмайсиз, – деб ичидагини айтиб олди.

Чол ўйланиб қолди, жавоб бермади. Бир муддат жим турди.

– Мана, сен сув танқис дейсан?! – деди отаси йўл бўйлаб келар экан. – Албатта, сув танқис бўлади-да, сувга қараб чоптириб турсаларинг. Ичаётганларинг ҳам сув, исроф қилаётганларинг ҳам сув, – чолнинг пешонаси тириша бош­лади. – Ўзинг айт, нега отанг эрта тонгда уйдан чиқиб кетади, биласанми? Мен сувга қараб ушата олмайман. Ким сувга қараб ушатади? Одам боласи сув билан келган, ўлганда ҳам сув билан кетади... сув табаррук! Сувнинг уволи бор! – деди отаси, кўпдан буён айтолмай юрганларини айтишга ботиниб.

Жўмардни кўпдан ўйлатиб юрган, отасини нима қийнаётганини энди тушунгандай эди. Отаси нима учун уйида тура олмаганини анг­лагандек бўлди. Чол ҳожатхонадаги сувга қараб ушатгиси келмай, узоқларга бориб юрган экан-да?! Жойи жаннатдан бўлсин! Отасининг бу гап­лари ўшанда худди ёшлигида таёқ билан ургандек бўлганди...

“Сув” деган сўзни эшитганда, отасининг шаҳарга бориб айтган шу аччиқ гапларини эсларди.

– Марҳум сувга олинди. Энди жанозага ўтинг­лар! – деди бояги ёш мулла.

Отаси “сув”га олиниб, сўнгги сафарига кетмоқда... “Одам боласи сув билан келган, ўлганда ҳам сув билан кетади... сув табаррук! Сувнинг уволи бор!” отасининг сўзлари бу гал худди ярага туз сепгандай Жўмарднинг юрагини ачиштира бошлаганди...

Бу сўзлар унинг қақшаб оғриётган юрагидаги армонлар эди, тош бўлса-да, эритиб юборадиган мангу саволларга жавоб тополмас, кўксидаги азобларнинг чеки йўқдек туюларди.

Бу ёлғончи ҳаётда дунёларга эришаман деб, ўзининг яқинларига бутунлай бегона бўлиб қолганини, жон томирига умр бўйи ҳаётнинг муқаддас сувини улашиб келган қалби, қуёш одамларнинг ҳароратини сўндириб қўйгандек, ҳис этди ўзини.

Хириллаб, ун чиқармасдан йиғлар, шу онда кўксини куйдириб бораётган армонлар унинг юрагига чақмоқдек қадалганди. Юраги ёниб, уни парча-парча қилиб ташлаётгандек эди. Шу онда кўпдан буён ўйлар оламидан ғойиб бўлган сув ўзининг умрига янги ҳаёт бағишлаётганини ҳис этди.

* * *

...Марҳумни сувга олиб бўлишди.

Қирғиз тилидан

Жаббор ЭШОНҚУЛ таржимаси.