August 3, 2023

ИСТЕЪДОДНИНГ ҚЎШ ҚАНОТИ  

Мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро миқёсдаги тадбирларда Янги Ўзбекистон тараққиёти, олимларимиз ва ижодкорларимиз қўлга киритаётган ютуқлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Миллий адабиётимизнинг мумтоз намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари Италияда итал­ьян тилида нашр этилиши, Навоий шаҳрида бўлиб ўтган “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали ва ТуркСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши, “Туркий адабиёт дурдоналири” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг ўзбек тилида ўқувчилар қўлига етиб бориши, Буюк Британиянинг Оксфорд университетида ўзбек тили ва адабиёти таълимининг йўлга қўйилиши, мазкур университет олимлари билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа олий ўқув юртларида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиши мамлакатимиз маданий ҳаётида улкан воқеа бўлди.

Халқаро миқёсдаги ана шундай муҳим тадбирлардан бири Тошкент давлат транспорт университети ва Канаданинг Бритиш Колумбия университети ҳамкорлигида бўлиб ўтди. Тошкент давлат транспорт университетида ўтказилган мазкур тадбир Канаданинг Бритиш Колумбия университети фалсафа фанлари доктори Дилсора Комил Фозилованинг “Исломнинг уйғониши: радикализм ва Ўзбекис­тонда диннинг парадоксал бош­қарилуви” номли инглиз тилидаги илмий монографияси ва “Сени узоқ кутдим” номли ўзбек тилидаги шеърлар тўплами тақдимотига бағишланди. Дилсора Комил Фозилова Ўзбекистонда туғилиб ўсган, айни пайтда Канадада илмий ва ижодий фаолият олиб боради.

Тадбирни университет проректори Абдулазиз Ғуломов очиб, Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдураҳмановнинг табрик сўзини ўқиб берди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид илм ва ижод истеъдоднинг қўш қаноти эканлигини таъкидлаб, Мустақиллик байрами арафасида юртимиз маънавияти ва адабиётида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида сўзлади. Дилсора Комил Фозилованинг “Сени узоқ кутдим” номли шеърлар тўплами ўзбек адабиётига янги ном ўз овози билан кириб келганидан дарак беришини ва бу овоз олис Канада диёрида соф ўзбек тилида янг­раб, уммонлар оша Ўзбекистонга етиб келганини таъкидлади. “Сени узоқ кутдим” – ушбу уч сўз замирида халқимиз Мустақилликни, бугунги дориломон кунларни, хорижда яшаётган юртдошларимиз Ватанимизга қайтиш саодатини узоқ кутгани каби теран маънолар мужассамдир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима бўлими Дилсора Комил Фозилова номзодини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тавсия этди.

Дилсора Комил Фозилова инг­лиз тилидаги “Исломнинг уйғониши: радикализм ва Ўзбекистонда диннинг парадоксал бошқарилуви” илмий монографиясининг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбирда ёзувчилар, журналистлар, олимлар, соҳа мутахассислари сўзга чиқиб, илмий монографиянинг янгилиги ва тадқиқотчи қўлга киритган ютуқлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Рустам МУСУРМОН,

Ёзувчилар уюшмаси Халқаро адабий алоқалар

ва бадиий таржима бўлими бошлиғи