August 11, 2023

«ҚУТЛУҒҚОН» РОМАНИ ТУРК ТИЛИДА  

ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаси Мусо Тош­муҳаммад ўғли Ойбек­нинг “Қутлуғ қон” романининг турк тилига таржимаси икки қардош халқ ўртасидаги азалий адабий ҳамкорликнинг бугунги ифодасидир.

Туркияда Евро Осиё ёзувчилар уюшмасининг “Bengü” нашриёти томонидан чоп этилган “Қутлуғ қон” асарини Туркия Рес­пуб­ликасида яшаб, илмий изланиш олиб бораётган ҳамюртимиз, таниқли тилшунос ва таржимашунос Замира Ҳамидова турк тилига ўгирган. Бу таржима икки мамлакат ўртасидаги адабий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг самарасидир.

“Қутлуғ қон” романи шу кунга қадар араб, форс ва МДҲ давлатлари тилларига таржима қилинган. “Bengü” нашриёти раҳбари, профессор Ёқуб Умар ўғли бошчилигида жорий йилда Анқарада нашр этилган мазкур таржима 430 бетдан иборат бўлиб, унинг юзага келишида кўплаб мутасаддиларнинг хизмати бор.

Асарни нашр этиш жараёнларига Ёқуб Умар ўғли бошчилиги ва ҳомийлигида малакали мутахассислар, муҳаррир ва дизайнерлар гуруҳи жалб этилган. Китобга туркиялик таниқли журналист, муҳаррир, айни пайтда Туркия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири матбуот котиби Лайло Гунеш хоним масъул муҳаррирлик қилган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Наим Каримовнинг “Ойбек ва унинг “Қутлуғ қон” асари ҳақида” номли сўзбошиси ушбу нашр аҳамиятини янада оширган.

Н.Каримовнинг ёзишича, Ойбек 1963 йилда нашр қилинган “Шеърлар” тўплами учун ёзган “Автобиография”сида ушбу романнинг дунёга келиш тарихига оид қуйидагича маълумот берган: “1937 йилда “Қутлуғ қон” романини ёза бошладим. Бу романни ёзиш учун материал йиғиб ўтирмадим, болалигимдан ҳаётни кузатишни севганлигимданми, кўнгилдан, хотирамдан “Қутлуғ қон” романи қуйилиб келаверди. Романни қисқа фурсатда ёзиб тугатдим”. “Эл хизматида“ (1965) сарлавҳали мақоласида эса Ойбек асарнинг яратилиш тарихи тўғрисида шундай ёзган: “...Унда (романда – Н.К.) ўзбек халқининг революциядан олдинги ҳаёти, халқнинг ўз ҳуқуқлари учун курашга интилиши ва бу курашнинг машҳур 1916 йил қўзғолонига қўшилиб, кучайиб бораётганлиги тўғрисида ҳикоя қилмоқчи эдим. Гарчи мен роман воқеалари юз берган даврда ҳали бола бўлсам ҳам, энди мен буни ўз кўзим билан кўрмаганлигимни айтиш учун етарли ҳаёт тажрибасига эгаман, деб айта олардим. Болалик чоғларимда мен халқ турмушини кўрдим, камбағаллар ва авом халқнинг қоронғи ва дим уй-жойларини, бойларнинг атрофи баланд-баланд деворлар билан ўралган ҳашаматли иморатларини, муздек ҳовузи бўлган боғларини кўрдим. Ёшлигимда бой боғини кўриш учун бир неча марта дарахтларга чиққанман. Мен бошқаларнинг турмушини чанқоқлик билан кузатдим ва кейинчалик романимда тасвир этилган ижтимоий муносабатларнинг кўпгина томонларини ўша вақтдаёқ тушунган эдим... 1938 йилда ёзиб тугалланган “Қутлуғ қон” романим шундай туғилди”.

Таъкидланганидек, Ойбек умрининг илм маҳзанини йиғиш фасли икки тарихий давр тўқнашган йилларга тўғри келди. У ҳаётининг илк даврида, қисқа фурсатда, мадрасада ўқиб, араб ва форс тиллари билан ошно бўлди,  инқилобий бўронлар билан бош­ланган янги даврда эса эътиборини кўпроқ шу даврнинг муҳим ижтимоий масалаларига қаратди. Адиб қаттол тузум даврида яшаган бўлса-да сермаҳсул ижод қилди. Унинг насрий мероси “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” ва “Улуғ йўл” каби беш  роман, “Шонли йўл”, “Hyp қидириб”, “Болалик хотираларим” ва “Бола Алишер” номли тўртта қисса ҳамда бир қанча ҳикоя ва очерклардан иборат.

Таъкидлаш жоиз, китобда Ойбекнинг фаолияти ва асарларига доир қизиқарли маълумотларни ўқиш мум­кин. Китобда адиб ҳаёти ва ижодига доир алоҳида маълумотларнинг берилгани туркиялик китобхонларга Ойбек ҳақида кенг тасаввур беради. Таржимада адиб ҳаёти ва ижоди мисолида XX аср ўзбек адабиёти ҳақида ҳам тушунча бериб ўтилган.

Ўйлаймизки, ўзбек адабиётининг Туркиядаги толмас тадқиқотчиларидан бири Замира Ҳамидова томонидан таржима қилинган “Қутлуғ қон” асари ўзбек-турк адабий алоқалари тарихида Алишер Навоий, Бобур, Лутфий, Атойи, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби алломаларимиз асарларининг турк тилидаги таржималаридан кейин­ги қимматли нашр сифатида қадрлидир. Бу таржима олиманинг Евро Осиё халқлари адабий алоқаларига доир кўп йиллик изланишлари, тинимсиз меҳнати самараси, қолаверса, ўзбек адабиётига бўлган улкан эҳтироми рамзидир.

Таржимон назарида Ойбек тили ўта жозибали. Унинг сўз бойлиги, ҳар бир сўз ифодалаган маъно унинг адабий асарига янада файз ва нафосат бағиш­лайди. Зеро, адабиёт – сўз санъати, унинг ҳар қандай ифодавий имконияти сўз билан амалга ошади. З.Ҳамидова асар таржимасида буни яхши англаган. Айни пайтда у сўзнинг ифодавий имконияти чексиз эканлигини ҳис этади. Таржима жараёнида ойбекона тил ва услуб гўзаллигини имкон қадар сақлаб қолишга интилган. Бу асар таржимаси таржимоннинг қарийб ўн йиллик меҳнатлари самарасидир. Ўйлаймизки, ушбу таржима турк китобхонларига манзур бўлади, Ойбек ҳаёти ва ижодини ўрганишдаги кейинги тадқиқотлар учун асосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори