June 1, 2023

КАНН АНЖУМАНИ ТААССУРОТЛАРИ

Куни кеча Францияда 76-Халқаро Канн кинофестивали ниҳоясига етди. Мазкур нуфузли кинофестивалда хорижлик кинематография вакиллари қаторида ўзбек киноижодкорлари ҳам ўз миллий павильони билан иштирок этди. Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК директори Фурқат УСМОНОВ бу ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

– Мазкур халқаро кинофестивалда Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги халқаро муносабатлар бўлими мутахассиси Сайёра Худойбердиева ҳамда камина бошчилигидаги ўзбек делегацияси қатнашдик. Кинофестивалнинг очилиш кунида хорижий меҳмонларни ўзбек кинематографияси билан таништирдик. Хусусан, Ўзбекистон Миллий павильонида ўтказилган «My Dream Uzbekistan» номли еттита лот тақдимоти кинофес­тиваль меҳмонларида қизиқиш уйғотди.

Кинофестиваль доирасида ўзбек делегация­си вакиллари дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган халқаро кинокомпаниялар, телеканаллар, продюсерлар, кинематография ва туризм ташкилотлари, интернет стриминг ресурслари вакиллари билан музокаралар ўтказди ҳамда ҳамкорлик меморандумларини имзолашга муваффақ бўлди. Нуфузли киномутахассислар билан танишувлар, учрашувлар, келишувлар – буларнинг барчаси ўзбек кинематографияси келажаги учун ташланган муҳим қадамлардир. Жумладан, канадалик бадиий ва ҳужжатли кино продюсери, «Stralent» компанияси бош ижрочи директори Мажид Казми диний ва этник мавзуда яратилаётган йирик халқаро лойиҳаси ҳақида сўзлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорликда мазкур лойиҳа доирасида ҳужжатли фильм суратга олиш имкониятлари билан танишди. Бундан ташқари, кинодистрибьютор, Франциянинг нуфузли ARP компанияси вакили, Люк Бессоннинг Europa Corporation компаниясида 25 йил фаолият кўрсатиб келган Филипп Кампф билан учрашувда миллий кинематографиямиздаги ўзгариш жараёнлари ҳақида гапириб бердик.

Хорижий киномутахассисларни қизиқтирган энг муҳим масала бу – Ўзбекистондаги суратга олиш жойлари бўлди. Фестиваль доирасида, хусусан, нуфузли Amazon халқаро онлайн платформаcининг Европа минтақаси бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқариш департаменти директори Фабрис Ламбо билан Ўзбекистондаги суратга олиш жойларидан Amazon учун унумли фойдаланиш, платформага ўзбек киномаҳсулотларини жойлаштириш имкониятлари борасида суҳбатлашдик. Муҳими, Ўзбекистон Миллий павильони учун кинофестиваль аҳамиятли учрашув ва келишувларга бой бўлди. Шулардан бири Франциянинг Ницца шаҳрида фаолият юритадиган кинога ихтисослашган “Broadcast Nice World Media” компанияси билан My Dream Uzbekistan дастури доирасидаги еттита лот бўйича юртимизнинг туризм салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи қисқа мет­ражли ҳужжатли фильм суратга олиш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланганидир. Шунингдек, бадиий фильмлар продюсери, франциялик Дени Жонсон ва унинг “Denis Johnson Films” компанияси билан юртимиздаги тарихий туристик жойларида Жонсоннинг янги тарихий бадиий фильмига трейлер суратга олиш бўйича келишувга эришилди.

Канн кинофестивалида фаол иштирок этиб, йирик кинокомпаниялар вакиллари билан ҳамкорликка чоғланган ўзбек делегацияси кузда ўтказилиши режалаштирилган XV Халқаро Тошкент кинофестивали учун тажриба орттирди. Миллий павильон иши давомида Ўзбекистоннинг жаҳон кино саноати мутахассислари билан ҳамкорликка эришиши юртимизнинг жаҳондаги туристик нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шубҳасиз, мамлакатимизнинг жаҳон кино бизнесидаги фаол иштироки юртимизда сайёҳлар сони ортишига имкон беради, деган умиддамиз.

Ўз мухбиримиз