* * *
Кангул ришталари тоб ташласа гар,
Гардун меҳварига дарз кетар сар-сар,
Меҳр тафтларидан яралган гавҳар –
Ватан, кангулларда меҳрга айлан!
Қалблар бир-бирининг пайвасти хеши,
Соғинар, қайрилар қалб торин эшиб,
Қадр иззатлари улғайган бешик –
Ватан, кангулларда қадрга айлан!
Қадим садоларнинг томирларида,
Оққан мардоналик бўлмасин майда,
Ғурур шонлари бўй тортган дийда –
Ватан, кангулларда ғурурга айлан!
Сабр саболари элади сабот,
Ҳидоят кишвари синови бот-бот,
Имон нурларидан зарғун муножот –
Ватан, кангулларда имонга айлан!
Покиза ҳис бўлиб дилларга кўчгин,
Руҳият арконин руҳларин қучгин,
Жон қушлари куйиб сиғинган очун –
Ватан, кангулларда ватанга айлан!
Ватан… кангулларда… Ватанга… айлан!
* * *
Даштнинг осмони олисдан-олис,
Олисдан-олис осмондан дашт ҳам.
Кундуз қуёш талпинар холис,
Нурин даштга сингдириб ҳар дам.
Шомда эса порлаган қамар
Олисдан-олис партавин тақиб,
дашт осмонин тўнини ямар
зулумотнинг зулматин чақиб.
Юлдузлар тўп-тўп бўлиб кўкда
масофа сирига ёнгашиб,
шуълаларин сочар фалакдан
олисдан-олис даштга энгашиб.
Осмон ила даштнинг ҳубида
олисдан-олис йўл олар хаёл.
Шивирлар канглумнинг тубида
чексизликка талпиниб савол.
* * *
Ажиб эртак, ажиб ривоят – кенглик,
мендан кетмагин йироқ.
Канглум сендан кенгайиб ғоят,
канглум сендан нурланар яйроқ.
Ажиб ҳайрат, ажиб мўъжизот – кенглик,
мендан кетмагин олис.
Канглум тубида туб ёй томир от,
канглум тубида яшаётган ҳис.
Ажиб ифор, ажиб тароват – кенглик,
мендан кетмагин узоқ.
Канглум манзари сен-ла сароват,
канглум манзари сен-ла жонузоқ.
Ажиб умид, ажиб хотира – кенглик,
мендан кетмагин элас.
Канглум руҳин маҳзун торттириб,
канглум руҳин бўйлантирган сас.
Ажиб эртак, ажиб ривоят – кенглик,
мендан кетмагин йироқ.
Канглум сендан кенгайиб ғоят,
канглум сендан нурланар яйроқ.
* * *
Қибланинг шифтлари қизарди,
чарақлайди эртага офтоб.
Кўтарилар ҳавонинг зарди,
занг бойлаган зангирлар афтод.
Кангулларда қотган андуҳлар
тарқалади туманлар каби.
Шивирларга дўнади уҳлар,
ҳаяжонга айланар сабий.
Кўришар интизор айрилиқ,
изтироб тўлади соғирга.
Дийдорнинг лаблари суйрилиб,
эртага босади бағрига.
Эртага руҳимда бир шитоб,
мен унга ихтиёр бераман.
Гапимга ишонгин моҳитоб,
эртага соғиниб бораман.
* * *
Сукут – ризолик аломати эмас,
инкор тарзи ҳам эмасдир зотан.
Сассизлик сасидан сасланган сас,
кангул канорида қуради тан-тан.
Атроф қирчиллама жиловдор ҳийла,
дамакига от қўйиб елар.
Фақат сукут меҳрин тутади сийлаб,
фақат сукут жон қушин силар.
Елпашак вақт чопар вақти хуш,
шамоллар қатида тўзғийди адир.
Сукут – Румий дилидаги қуш:
«Ичингдаги ичингдадир».
Руҳнинг майдонида армонлар аҳгар,
руҳнинг йўлларида саргардон бардош.
Сукут – руҳда кўклаган жавҳар,
сукут – руҳда томчилаган ёш.
Таъмалар тўқийди ширин хушомад,
шовқинлар сабрини кемирар чаннон.
Сукут – таъмалар ён бермаган мард,
сукут – руҳдан шовқинларга санчилган синон.
Тилёғма ёлғон, хиёнат изи
кўхакай кўксини топтайди неча.
Сукут – субутга тан муқаддас сезим,
сукут – ҳақдан сув ичган чечак.
Сукут – ўзингга ўзинг дуч келмоқ гали,
бир қурбдирки – ўзингни тинглаш.
Очун ўйинларига қўл силкаб, вале,
сукут – руҳинг ҳисларин англаш.
* * *
Кун оғди. Кечга товун
эсди хуш насим.
Дунё – қадимги ровий,
дунё – руҳимнинг саси.
Оқшом уфин уфуриб
қошига сурма сурар.
Дунё – узоқ йўл юриб,
дунё – ҳорғин ўлтирар.
Сочар даштлар устинда
юлдузларини осмон.
Дунё – ямоқ пўстинда,
дунё – узилган паймон.
Оқшом сепи – тугунча,
сукунат – гўзал чирой.
Дунё – нишлаган ғунча,
дунё – янги чиққан ой.
Кун оғди. Кечга товун
эсди хуш насим.
Дунё – қадимги ровий,
дунё – руҳимнинг саси.
* * *
… Соғинчлара айлан, кангул,
суманбар соғинчлара.
Оймомолар тўқиган гул,
дилгинанг боғичлари.
Мусаллам ишқ пойида син –
ҳажр шомин тобламлари.
Тонглар қақроқ лабин боссин
феруза тус шабнамлара.
Бир кун тарқар йироқ йўлни
қоплаб ётган туманлара.
Шайдо этмиш сендай қулни
ул лолаи нўъмонлари.
Бағрингда барг ёзсин илҳақ,
илҳақ соғинч қаболари.
Соғинчлара тўлқин хилқат
сирин очсин саболара.
Соғинчлара айлан, кангул,
суманбар соғинчлара.
Оймомолар тўқиган гул –
дилгинанг боғичлари…
* * *
Юрагингга қадр уйғонсин
ҳам ғурурлар уйғонсин онгда.
Шаббодалар меҳрига қонсин
отаётган нурафшон тонгда.
Канглунг қамуғ, занжир эшиги
илгагинг еч, ўзингни тани
Ки, қадрдир ўлик бешиги,
ки, ғурурдир ҳурлик зотани.
Руҳингни сев, руҳингга эрк бер,
ҳисларингга бойланган қушлар,
қўйвор, учсин, қўйворгин бир-бир,
ҳумоларга айлансин тушлар.
Муқаддас хотиранг сасидан,
сезгум букук, азотлигини.
Умидларинг харитасидан
излайман руҳ озодлигини.
* * *
Таътил тугар. Яна шаҳарга
Икром – ғариб жуссанг йўл олар.
Дов бермас қайрилиб қарарга –
юрагинг узилиб қолар.
Қайтасан, ёдларингни олиб:
Қашқадайро – титилган тасма.
Соғинчларин канглунгга солиб –
термулганча қолади Касби.
Қум босиб, чашмалари йитган,
қайранглари шўриш ютган жар.
Лайлаклари қайтмайин кетган –
доғин сўрган Султон Мирҳайдар.
Тўриқлар дупуридан босмон,
тўлғаниб-тўлғаниб тушган бўз.
Янтоқларнинг ялоғи – осмон,
қўзигуллар мунчоғи – юлдуз.
Қизғалдоқлар ноласи – тўрғай,
неларнидир сўйлар жизиллаб.
Пойезд пойи остидан пай-пай,
тўкилади йўллар шивиллаб.
Қарайсан, вагон ойнасидан ой
кокилларин энкайтиради.
Кенгликларга айландинг бир ой,
бир ой руҳинг кенгайтиради.
* * *
Пойида соғинчлар ухлаган уйнинг,
эшиги ғийқиллаб очилар бир кун.
Йиртилиб соғинчнинг қирқ ямоқ тўни,
баридан тирқираб сачрайди сукун.
Юрагим орқага тортади шунда,
шивиллаб кетади, сўкилиб кетар.
Шифтларда тортанак тўр тортган индан,
минг йиллик армонлар тўкилиб кетар.
Лоларанг бўёқлар намиқиб, тўнгиб,
гуллаган деворлар суйрилар хол-хол.
Ичкарида қатрон бойлаган мунгни,
силтаб ташқарига ирғитар шамол.
Пойида соғинчлар ухлаган уйнинг,
эшиги ғийқиллаб очилар бир кун.
Йиртилиб соғинчнинг қирқ ямоқ тўни,
баридан тирқираб сачрайди сукун.
* * *
Мен юрган йўл пешонасига
битилган армоннинг ғайир битиги.
Ботади тирғалиб шонасига
қисматнинг қирқ ямоқ эшиги.
Мен юрган йўл даштларга пайванд,
кенгликларга сингиб кетар жим.
Бир гўзалнинг фироғи-ла банд –
юрагимда эзгин илинжим.
Мен юрган йўл Ҳақ рангин ютиб,
ҳақ гардини кўтарар туғдек.
Номард пойи тошдайин ботиб,
ноҳақ шикба санчилар тиғдек.
Мен юрган йўл шеваси эзгу,
субутга сайисдир, сукутга таъбир.
Шикаста меҳрдан сирқиган сезги –
вужудида занглайди сабр.
Мен юрган йўл мискин бечора,
соғинчга бағрини очади пайдар.
Ўртаниб қайғудан, ғамдан, начора,
канглумдан бошланиб, канглумга қайтар.
* * *
Мен бир – армон, мен бир – хотира,
Соғинч зардобини сипқорар сукун.
Қуёш нилларини ғамга ботириб,
Юрагимга ўксиб ботади ҳар кун.
Юрагимдан ўксиб чиқади қуёш,
Туннинг ҳасратларин чегиради тонг.
Хаёл – гесулари тўзғин сабртош,
Ойнинг тўлқинлари ювар қора занг.
Дунё – сутумлари қулаган работ,
Жунун водийсида бойқуш чўқилар.
Умид – елаётиб кўз теккан оқ ой,
Менинг азобимга додлаб йиқилар.
Камалак – осмоннинг еттита туғи,
Офтоб оташида куйиб музлайди.
Армон – қувончини йўқотган йиғи,
Хотира – кўксимда бўзлайди.
Икром ОТАМУРОД