August 3, 2023

“СЎЗГА СОЛДИМ ЖУРЪАТИМНИ МЕН”  

Абдулла Шер

Абдулла Шер иккинчи жаҳон уруши авж паллага чиққан пайт – 1943 йили туғилади. Шунга ишора қилиб, шеърларининг бирида: “Биз уруш фарзанди бўлиб туғилдик”, дейди. Оғир йиллар, тинчлик орзуси, айрилиқлар, бир бурда нон қайғуси, машаққатлар... Энг муҳими, “Уруш тугаганда билдик дафъатан, Тандир борлигини ошхонамизда” – тўқлик замонларига ишора ўлароқ шоирона топиб айтилган фикр бу. Шеър охирига тушган урғу ҳам.

Диққат қилинса, Абдулла Шернинг ижодида замонавий ва мумтоз шеърий жанрлар – сарбаст, учлик, тўртлик, сонет, октавадан тортиб ғазал ва мухаммасгача бор. У “Навоий ҳақида баллада”, “Қизил шалонлар”, “Икки ўқ” сингари балладалар, “Карвон қўнғироғи”, “Йиғлаётган тош”, “Ёнаётган йўл”, “Севилмаган менинг севгилим” каби достонлар ёзди. Тўғри, шоир эпик тафаккур кўлами ва туйғулари уйғунлашган достонларда синовдан ўтади. “Кўксини ўқ тешган ботирлар яшар, Кечикиб ёзилган достонларимда”, дейди у. Шунинг ўзиёқ шоир адабий бисотининг кўламини кўрсатади.

Мен Абдулла Шерни туйғун, шиддаткор, бироз ўжар, курашчан ижодкор сифатида тасаввур қиламан. Ўзаро суҳбатларда ҳам ҳамиша ҳаяжонли ва ёниқ, таклифлари мўл ва амалий фаолияти ҳам шунга мос бир инсон Абдулла ака. “Гарчи Абдуллодир исмим, ҳар сўзим исён билинг”. Шоир табиати шу мисрада ҳам кузатилади.

Жимжитликни бузиш, бемаъни ҳоллар, алдовга, “ҳамма майдонни битта ҳайкал қоплаган” замон адолатсизлиги ва зулмига қарши сўзи билан исён қилиш, сўз айтиш ижодкорнинг бурчи, албатта.

Мен орзунинг товуш етмас ўлкаларига

От қўйдим-у ёруғ кунни топай деб бот-бот,

Лекин темир дарвозалар кўланкасида

Дариғ тутди қуёшини мустабид ҳаёт.

Аму билан Сирдарёга тўкиб ёшимни,

Икки дарё ўзанига тўлиб йиғладим,

Кўтаролмай алдовлардан эгик бошимни,

Қулликдаги Ўзбекистон бўлиб йиғладим.

Шоирнинг узун таржимаи ҳолида шундай маҳзун саҳифалар ҳам бор. “Эски дунё тўнгаклари” – улар ўтмишга айланди, “Эрк кунига, Юрт кунига” яраш, янги замонга – “гўзал Истиқлол”га шукрона – бу ҳам шоир ижодий биографиясининг бир бўлаги.

* * *

Кўп ҳолларда шоирлар ўз китобларининг мундарижасига, шеърларининг жойлашиш тартибига эътибор бермайди. Аммо бу гап Абдулла Шерга тегишли эмас. Абдулла ака мажмуалари структурасига жиддий қарайди. Шеърларининг мазмун-моҳиятан ўзаро уйғунларини жамлайди. Туркумлайди. Шунга кўра шоирнинг битта туркуми “Сарбаст қўшиқлар” деб номланади. Номидан кўриниб турганидек, муаллиф бунда эркин вазнда ёзилган, ўзига хос оҳанг ва фалсафий мазмунли шеърларини жамлаган.

“Севги олмоши” китоби – 44та сонетдан таркиб топган бу туркум тўртта бўлимдан иборат. Туркум тартибини шоирнинг ўзи бундай изоҳлайди: “Сонетлар китоб-туркумнинг номига мос тарзда тўртга бўлинган, яъни тўрт турдаги кишилик олмошлари билан ифодаланган “Мен”, “Сен”, “У”, “Биз” қисмларга бўлинган. “Мен” – ошиқнинг ҳиссиётларини, кечинмаларини; “Сен” – маъшуқанинг тасвирини, гўзаллиги, улуғворлиги, латофатини; “У” – ҳаёт, табиат, муҳаббат, ағёр, маъшуқа сингари жонли ва жонсиз нарса-ҳодисаларга лирик қаҳрамоннинг муносабатини; “Биз” – икки севишганнинг олам қўйнида биргаликдаги ёки биргаликка интилувчи хатти-ҳаракатлари жараёнларини ўз ичига олади”. Сонетнинг композицион қурилиши – “тартиби мумтоз”. Мумтоз шарқ шеъриятидаги ғазал жанрига хос назарий қонуниятни бузиб бўлмаганидек, сонет ёзиш қоидаларига ҳам тугал амал қилмоқ лозим. Шоирнинг бир сонети бундай бошланади:

Бу тоғлар ром этди мени, жонгинам,

Бу тоғлар ўйлатди, ўйладим сени,

Бу тоғлар сўйлатди, сўйладим сени,

Мен тошлар тилини ўргандим, эркам...

“Тошлар тилини ўрганган” Абдулла Шер, табиийки, сонет табиатини, ўзбек ва дунё адабиётида сонетнавислар ижодини ҳам пухта ўрганиб чиқади. Камтарлик билан ўз ёзганларини тажрибалар деб атайди. Ҳолбуки, шоирнинг сонетларида ўзига хос фалсафа, қисмлараро адабий-эстетик яхлитлик сезилиб туради.

“Чиқмоқ бўлдим Вақтнинг қаъридан” – шоир асирликни, асрга асранди бўлишни истамайди, унда абадият орзуси кучли. Абдулла Шер ижод машаққатларини теран англайди ва “истеъдод” сўзини тақсимлаб, ярми “дод” эканига урғу беради. Шоирлар “баҳордан қор тилаши, қишдан гул сўраши” мумкин бўлган, “ичидаги дарддан жигарпора” одамлардир. Гоҳида ўз-ўзига маломат қиладиган ижодкор манглайига шундай чўнг изтиробни кўтариб юриш битилгандир. Шоирлар гоҳида осмон билан диллашадиган тоифадир:

Гоҳида чарақлаб бепоён осмон,

Мени бир юлдуздек қабул қилади.

Ҳар ёруғ юлдузга бағишлаб достон,

Мен Сомон Йўлидан юргим келади.

Осмондаги “ҳар ёруғ юлдуз”, маъно кўчимига кўра, ердаги истеъдодли ижодкор. Шоир ҳар бир аллома, адиб ёки шоирга ёинки само бағридан абадий ёғду сочаётган энг ёруғ юлдузга бағишлаб достон битиши мумкин. Шоир учун “Сомон йўли” муҳим бир тушунча. Сомон йўли – самодаги энг ёруғ юлдузлар ғуж жамланган макон. Сомон йўли – абадият йўли. “Сомон йўли” иборасини Абдулла Шер кўп қўллайди. Қайси бир шеърида нимадир Сомон йўлига сингиб кетади. Бошқа бир мисрада шоирнинг лирик қаҳрамони Сомон йўлидан ловиллаб қайтади. “Сомон йўли” таъбири устоз шоирлардан мерос. Яъни “Сомон йўли Навоийдан из...”. Дарҳақиқат, шундай бир нуқтада Абдулла Шернинг бадиий тафаккури Ойбек сиймоси билан туташади. Устозига меҳри баланд шоир тушига киради Ойбек. Ойбекни ой, тарих, мозийда ўтган улкан алломалар қиёфасида кўради.

Бир сесканиб тушимдан турдим,

Сўзга солдим журъатимни мен:

Куни кеча йўл узра кўрдим,

Ўзбекистон, сувратингни мен.

Абдулла Шернинг нафосатга йўғирилган шеърлари эсда қолади. “Дунё яшил. Дунё гўзал, Чарақлайди кун, Майсазор­дан болалигимнинг иси келади”; “Болаликнинг майин кафтида Эркаланиб лолалар тердим”. Болалик қўмсовлари беғуборлик соғинчидир. Ҳар қандай ижодкор кўнгил дардларига муносиб сўз топиш ва сўз айтиш йўлида изланади. Абдулла Шернинг қуёш томон ирғитган сўзлари нурга тегиб жаранглайди. Ойга отса, сўзлари сутга чайилгандай кўркамланади. Яхши топилдиқ.

“Шеърият чидамдир, шеърият сабот”. Сўз йўлининг ўз машаққатлари бор. Сўзларнинг оҳу зорлари тилини топиш, сўзларнинг суврати ва рангини кўриш шоирларга хос.

Шоирларки, дўстидир гулнинг,

Не-не гўзал мисра тиздилар.

Мен шеър дедим агар кўнгилнинг

Сувратига топсам чизгилар...

Шеър – кўнгил суврати учун чизги. Абдулла Шернинг лирик талқинига кўра, шоирларнинг юраклари бошлари узра бамисоли байроқ каби ҳилпираб туради. Абдулла Шер ўз бисотидаги шеърий маъданга шундай ташхис қўяди. Чин шеър нафис нафосати билан ўқувчига таъсир этади, эсида қолади. Абдулла Шер бу ижодий-психологик ҳодисани яхши билади.

* * *

Абдулла Шер нафосатшунос муаллим сифатида Ўзбекистон Миллий университети талабаларига “Эстетика” фанидан сабоқлар берди. Ўз вақтида ЎзМУ қошидаги Олий адабиёт курси тингловчиларига маърузалар ўқиди. Ижодий тажрибалари хусусида ёш қаламкашларга бадиий маҳорат дарслари ўтди. Муаллимликнинг нони қаттиқ. Аммо ўша Олий адабиёт курси ўқув жараёнини бошқарган йилларим Абдулла Шер масъулиятли муаллим сифатида эсимда қолди.

Муаллим – улуғ ном. Абдулла Шернинг муаллимлиги олимлиги билан уйғун, олимлиги шоирлигини тўлдиради. Биз кўп йиллар рус олими Юрий Боревнинг “Эстетика” китобини ўқидик ёки ўқувчиларга тавсия этдик. Китоб рус тилида.

Университетнинг фалсафа факультетида ишлаган йиллари Абдулла Шер “Эстетика” – “Нафосат фалсафаси” дарслигини ёзди. Дарслик мазмунига кўра Ғарб ва Шарқ нафосатшунослигида мавжуд жуда кўп мавзуларни қамраб олади. Китобда инсоннинг маънавий даражаси, ахлоқи, маданият ва ҳаёт, адабиёт ва санъат моҳиятидан, уларга хос эстетик категориялардан баҳс юритилади. Абдулла Шер дарсликка бошқа китобларда учрамайдиган тушунчаларни киритади – “Мўъжизавийлик ва хаёлийлик”, “Қизиқарлилик ва зерикарлилик” каби масалаларни қунт билан муҳокама этади. Санъатни таснифлаштириш борасида эса умумқабул қилинган Ҳайдэггернинг мантиқийлик тамойилини эътироф этгани ҳолда, тарихийлик тамойилини таклиф этади. Қадим замонлардан давримизгача бўлган эстетик ҳодиса тарихини хронологик тарзда ёзган муаллиф эътиборидан Туркистон маърифатчи-жадид мутафаккирлари дунёқарашига хос жиҳатлар, уларнинг орзу-истаклари четда қолмайди.

“Ахлоқшунослик”, “Эстетика” дарсликлари Абдулла Шернинг педагог олим сифатида муайян воқеа-ҳодисани илмий-назарий тизим асосида баён этишини, педагогик маҳорати ҳамда адабий-эс­тетик қарашларини ўзида акс эттиради. Дарвоқе, ижод аҳлининг дунёга қарашини биринчи навбатда бадиий асарлари, кейин эса, улар томонидан ёзилган адабий-назарий мақола ва рисолалари мазмунидан ҳам билиб олиш мумкин. Гапим Абдулла Шернинг “Абадият ва умр” китобига диққат қаратиш лозимлиги томон бурилди. Абдулла ака фалсафий тафаккурга мойил ижодкор. Ва юқоридаги китоб ҳам “фалсафий-маърифий асарлар”дан таркиб топгани билан диққатга молик.

Абдулла Шер учун дунё файласуфларининг қарашлари, фикрлари, ўгитлари, афоризмлари бегона эмас. Дунёга машҳур француз файласуфи Ж.П.Сартрнинг “Экзестенциализм – инсонпарварлик дегани” асарини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Таржима “Жаҳон адабиёти” журналининг дастлабки сонларда босилган эди.

Гапимиз ўз-ўзидан Абдулла Шер ижодининг яна бир қирраси – таржимонлигига келиб тақалди. Шоир дунё адабиётидан Ж. Байрон, Ҳ.Ҳайне, А.Пушкин, М. Лермонтов, Н. Некрасов, А. Блок, М. Горький, А.Ахматова, Э. Чарэнц каби ижодкорларнинг асарларидан намуналарни она тилимизга ўгирди. Абдулла Шер олмон шеъриятини яхши билади, олмон тили билан жиддий шуғулланади. Ҳ.Ҳайненинг “Олмония. Қиш эртаги” дос­тони ва бошқа шеърлари таржимасида тил билиши қўл келди.

* * *

Мен бахтлиман: йўлдан озмадим,

Тафт кутмадим йилтироқ муздан;

Шеър ёздимми? Йўқ, шеър ёзмадим,

Мен лолалар ундирдим сўздан.

Шоир “Гул йиллар, булбул йиллар” шеърий тўпламини шундай саволли, тажоҳили орифона ва метафорик йўсинда тугаллайди.

Абдулла Шернинг журъатли сўзи, сўздан униб чиққан гуллари, чечаклари, лолалари – шеърлари, достонлари, адабий-илмий асарлари, таржималари – барча-барчаси ўзбек адабиёт бўстонини безаб, шеърият муҳиблари қалбига завқ-шавқ бағишлайверади.

Баҳодир КАРИМ,

филология фанлари доктори,

профессор