December 8, 2023

ҲАЛИ ШЕЪР ТАХТИГА КУБРОЛАР КЕЛГАЙ   

Насрулло ЭРГАШ

АВТОПОРТРЕТ

Менинг зоҳиримда телбалик йўқдир,

Тинч оққан уммонман, дайро ичимда.

Шоирман, мажнунлик этмасман даъво

Ки Мажнун ичимда, Лайло ичимда.

Ўзимдан ичкари кетган бир йўлман,

Ошкор фарёд солмам, ғавғо ичимда.

Ўз руҳимга чўкиб ётган кажкулман,

Пир деб юкинганим мавло ичимда.

Руҳимда айланар чайир тасбеҳим,

Билмаслар, не улуғ тақво ичимда.

Менинг буюклардан йўқдир танишим,

Шоҳ ҳам ичимдадир, гадо ичимда.

Одамман, бегона эмасдир лойим,

Халқ ҳам ичимдадир, аркон ичимда.

Ичимда Ҳалложга қурилган дорим,

Исёндан ўрилган арқон ичимда.

Ошиқман, руҳимда қизиган савдо,

Ишқман, бир зарраси сиртимда йўқдир.

Бўғзимда бир қашқир айлар тавалло,

Вале қашқир исми исмимда йўқдир.

Зикрим ичимдадир, ичимда тавбам,

Жандам кўринмайдир, ридо ичимда.

Менинг кўнгил деган жойдадир Каъбам,

Кўкдан изламасман, Худо ичимда!

ШЕЪРНИНГ ТУҒИЛИШИ

Даштларда кишнайди айғирлар,

Даштларда югурар болалар.

Бўғзимни куйдириб ҳар кеча

Нолалар келмоқда, нолалар.

Даштларда бир сулув аёллар

Узгайлар, ҳидлайлар лолалар.

Суягим сурнайдир, пуфласам,

Нолалар келмоқда, нолалар.

Даштларда ёғилгай ёмғирлар,

Даштларда ёғилгай жолалар.

Онажон, юрагим ёрилиб

Нолалар келмоқда, нолалар.

Эй илҳом! Сен борсан, ҳеч нарса

Босолмас руҳимнинг шаштини.

Даштларда югурар болалар,

Бу даштлар руҳимнинг даштидир...

БАШОРАТ

Устозларим Мурод Хидир ва

Сувон Мелига

Ҳали учиб кетган ҳумолар келгай,

Чорласам йиғилиб даҳолар келгай.

Қонимда бир дарё ётар мавж уриб,

Ҳали ер остидан дарёлар келгай!

Бошимга эгилиб самолар келгай,

Ерга қулоқ солсам наволар келгай.

Ҳали кўп Гўрўғли туғар бу тупроқ,

Туркистон аталган дунёлар келгай!

Ҳайқирсам бўғзимга нидолар келгай,

Шеър айтсам ҳам шоҳу гадолар келгай.

Эй ғаним, осилма, байроқ қўлимда,

Ҳали шеър тахтига кубролар келгай!

Шайландим, парвозга ёздим қўлимни,

Бирга учайлик деб ҳумолар келгай.

Дарёман, тўсавер майли йўлимни,

Ҳали ер остидан дарёлар келгай!..

ТАВБА

На бу ёқлиғ, ва на у ёқлиғ бўлдим,

Ўзим билолмадим, қай ёқлиғ бўлдим?

Гоҳ нафсимдан ғолиб, гоҳ мағлуб бўлдим,

Кечир, Тангрим, бунча уётлиғ бўлдим!

Ўзинг айт, мен қандай ўр толиб бўлдим,

Ёмон толиб бўлдим, ғўр толиб бўлдим,

Ўзимдан гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб бўлдим,

Кечир, Тангрим, бунча уётлиғ бўлдим!

Гоҳо уммон бўлдим, гоҳ балиқ бўлдим,

Гоҳида кенг жаҳон, гоҳ торлиқ бўлдим,

Бир ҳақир зарранг эдим, борлиқ бўлдим,

Кечир, Тангрим, бунча уётлиғ бўлдим!

Гоҳо кадар бўлдим, гоҳ шодлик бўлдим,

Гоҳо гадо бўлдим, гоҳ шоҳлиғ бўлдим,

Яхши бўлмоқчийдим, ёмонотлиғ бўлдим,

Кечир, Тангрим, бунча уётлиғ бўлдим!

На бу ёқлиғ, ва на у ёқлиғ бўлдим,

Ўзим билолмадим, қай ёқлиғ бўлдим?

Гоҳ нафсимдан ғолиб, гоҳ мағлуб бўлдим,

Кечир, Тангрим, бунча уётлиғ бўлдим!

* * *

Андалиб қўнгандай гул бозорига,

Бир дил излаб кирдим дил бозорига.

Шоҳ эдим, бир кунда қулга айландим,

Зулайҳо келмади қул бозорига.

Япроқлар ўйнайдир куз бозорида,

Сўз излаб кирмадим сўз бозорига.

Эй шоир дўстларим, дунё талашманг,

Бир куни етгайсиз бўз бозорига!

Куйладим бош уриб ишқнинг пойига,

Бир қуш келиб қўнди кўнгил торига.

Дедим, тавоф этай, менга йўл кўрсат

Мажнун мозорига, Қайс мозорига!

Тўтиқуш уйғонмас булбул зорига,

Бойўғли қўнмагай гул бозорига.

Эй дил, аҳли нафслар не билсин бизни,

Зулайҳо келмаса қул бозорига.

Насрулло ЭРГАШ