July 9, 2023

ТЕЖАМКОР ЭР

Ҳабиб СИДДИҚ

(ҳажвия)

Дарвозадан кириб келган эрнинг кўзи ҳовли супураётган хотинига тушди-ю, хуноби ошиб, пешонаси тиришди.

– Ҳай-ҳай, эсинг жойидами ўзи?..

– Ие, келдингизми, дадаси. Қарамабман-а?..

– Шунақа, қарамайсан. Қилган ишингни қара-я!

– Ҳа, нима қилибман, – ҳайрон бўлди хотин.

– Ахир, шунақа ҳам супурасанми?..

– Тушунмадим.

– Нимасини тушунмайсан?.. Бунақа супуришга супурги чидайдими?.. Тўрт кунда ейилиб тугайди-ку!

– Ҳа-а, шунга шунчами?

– Шунга-да! Супургини эҳтиёт қил, деб сенга неча марта айтганман. Қара бунинг аҳволини, – хотини қўлидаги супургига ишора қилиб давом этди эр. – Бозордан олиб келганингга ҳали икки йил бўлмай ярми ейилиб кетибди. Аста, оҳиста супурсанг, узоққа етади.

– Хўп, дадажониси, – дея жилмайди хотин эрининг феълини яхши билганидан гапни чўзмай.

– Хўп дейсану билганингдан қолмайсан.

Четроқда турган полиэтилен халтачага кўзи тушган эрнинг яна жиғибийрони чиқди:

– Ие, манави нимаси энди?

– Пўчоқ.

– Кўриб турибман – пўчоқ! Лекин, буни қара, намунча қалин арчдинг. Сенга неча марта айтганман, сабзи билан картошканинг пўчоғини юпқароқ арчгин, деб. Неча йилдан бери сенга ўргатолмадим. Ҳалиям қалин-қалин арчиб, қанча сабзавотни увол қилдинг, хотин.

– Вой-во-ей, шунга шунчами?..

– Ие, бўлмасам-чи?.. Анави ўн тўрт йил аввал олган катак кўйлагимни ҳам ора кунда ювавериб рангини ўчирдинг. Бўлмаса, ҳали анча вақт кийишим мумкин эди. Эҳтиёт қилишни билмайсан, хотин.

– Хўп, дадаси. Энди эҳтиёт қиламан, – деди хотин бир ютиниб.

– Э-э, неча марта айтгансан бу гапни. Лекин амал қилмайсан.

Деразага қараб, бир нима эсига тушгандай:

– Ҳа, дарвоқе, ўтган куни манави ойнани артдинг-а?

– Ҳа, артдим.

– Шунақа қаттиқ артдингки, ўша пайтда ойналар юпқалашиб тешилиб қолмасайди, деб юрагимни ҳовучлаб ўтирдим. Са-ал секинроқ-да, ахир. Бу уй, бу ойналар отамдан қолган-а!.. Пулинг куймаганда, қадрига етмайсан.

– Бирам ваҳимачисиз-ей, дадаси.

– Ваҳимачилик эмас бу, тежамкорлик, хотин. Сенга ўргатолмай ҳалакман. Бугун нима овқат қиляпсан?

– Манти қиляпмиз.

– Ҳа, яхши. Ҳойнаҳой кўк мантидир ё картошкалими?

– Йўқ, гўштли.

Эрнинг жаҳли чиқиб овози бир парда кўтарилди:

– Ие, сенга айтгандим-ку, гўштни тежа деб, меҳмон-пеҳмон келганда ишлатамиз. Ўзимизга ана кўкданми, жа-а бўлмаса, картошка ё қовоқ манти ҳам ёмон эмас, соғликка кони фойда.

– Бир гўштли манти ейлик дедим-да, дадаси, – деди хотин вазиятни юмшатиш учун ялинчоқ оҳангда. Сал ҳовридан тушган эр фикрларини далиллашга тушди:

– Кўп гўшт есанг қон босиминг кўтарилади. Ана унда дорихонага қатнаб, пойабзалимнинг таги тешилади. Дори-дармоннинг нархини биласанми ўзи? Осмонга чиқиб кетган. Бунақада уйимни куйдирасан-ку, хотин.

Бирдан хотинининг оёқ кийимига кўзи тушиб яна сўроққа тутади:

– Ие, онаси, шиппак олибсанми?

– Ҳа, олдим. Ярашибдими? – деди хотин оёғини сал кўтариб.

– Ярашибдими, дейсан-а?.. Нима кераги бор шу матаҳнинг?.. Ана омборхонада эски калишим ётибди-ю. Орқа тарафини қайчилаб олиб ташласанг, бинойидек шиппак. Бемалол уч-тўрт йил судраб юрсанг бўлади.

– Во-ой, шуни билмабман-а? – дея кесатди хотин.

– Сенга эрталаб ишга кетаётганимизда газни, чироқни ўчириб, сув жўмракларини беркитиб кет, деб доим тайинлайман.

– Шундай қиляпман ўзим ҳам, дадаси.

– Энди ишга кетаётганингда анави девордаги соатни ҳам тўхтатиб қўйиб кетасан.

– Во-ой, нега?

– Ҳамма ишга кетгандан кейин соатнинг юриши кимга керак. Ахир, унинг мурватлари ейилади-ку, эси паст хотин. Ишдан қайтгач, яна юритиб қўясан-да.

– Вой бўй, намунча энди?..

– Тежамкорликни ўрган, хотин, тежамкорликни!

Бирдан ниманидир эслагандай кўзи чақнаган хотиннинг супургиси қўлидан тушди, “Ҳозир, дадаси” деганича тезгина уйга кириб кетиб, бироз ўтгач қўлида галстук билан чиқиб келди.

– Мана, кўриб қўйинг, дадаси.

– Нимасини кўраман? – деди эр беписандлик билан.

– Галстук! Бир тақиб кўрасизми?

– Энди бунга ҳам пул сарфлаганингни айтиб қон босимимни кўтармоқчимисан?

– Йў-ўқ, дадаси, – деди хотин нозланиброқ. – Эски кўйлагимдан сизга галстук тикиб қўйдим. Тежамкорлигимга энди қойил қоларсиз, дадажониси.

Эрнинг башараси баттар тундлашди.

– Э-э, мутлақо қойил эмасман.

– Ие, нега? – деди хотин ўксиниб.

– Мен сенинг тежамкорлигингга қачон тан беришим мумкинлигини айтайми?

– Айтинг, – деди хотин ошиқиб.

– Менинг эски галстугимдан ўзинг­га кўйлак тикиб олганингда!

Хотин ҳайратга тушганидан тили лол бўлиб қолди.

Ҳабиб СИДДИҚ