December 29, 2023

ЮКСАК ЭЪТИБОР – ИЛҲОМ МАНБАИ  

Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш билан бир қаторда адабиётга, бадиий ижодга, ёзувчи ва шоирларнинг эркин фаолият юритишларига жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида миннатдорлик билан таъкидлаш лозим.

Сўнгги йилларда маданий-маърифий ишлар, жумладан, адабиётга, ёзувчи-шоирларга, ёш қаламкашларга ҳар қачонгидан ҳам эътибор кучайди. Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини алоҳида таъкидлашни истардим. Мазкур ҳужжат китобхонлик маданиятини оширишда, бинобарин, ижодкорларга маънавий рағбат беришда жуда муҳим омил бўлиб келмоқда.

2021 йил 26 март куни Президентимиз маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган икки муҳим ҳужжатни имзолади. Булар: “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлардир. “Хусусан, давлат раҳбарининг “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида кўрсатилганидек, энди халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъанаю қадриятлари куйланган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз, замонавий адабиётимиз намуналари хорижий тилларга тизимли тарзда таржима қилинади ҳамда жаҳон ахборот тармоғида кенг тарғиб этилади, – дея бу ҳужжатлар аҳамиятини изоҳлайди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раи­си, сенатор Сирожиддин Саййид. – Содда айтганда, миллий меросимиз, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссалари дунё миқёсига олиб чиқилади. Мамлакатимиз ва халқаро миқёсда илмий-маърифий тадбирлар, адабий анжуманлар, фестиваллар, танловлар, халқ сайиллари, адабий-мусиқий кечалар ўтказилади”.

Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор экани мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари “Шоирлар хиёбони шундай маскан бўлиши керакки, шоирларимизнинг шеърлари бу ерда мунтазам жаранглаб туриши зарур”, деб таъкидлаганига мос равишда Адиб­лар хиёбони бугунги кунида нафақат пойтахтимиздаги файзли хиёбонлардан бирига, балки маънавий-маданий тадбирлар, шеърхонликлар ўтказиладиган гўзал масканга айланди. Кейинги йилларда атоқли шоирлар ва ёзувчиларнинг хотираларини абадийлаштириш, уларнинг асарларини кўп нусхаларда чоп этиш, уй-музейларини ташкил қилишга оид муҳим қарорлар қабул қилингани ҳам биз кутган ишлардан бўлди. Ана шундай қарорлардан бирига кўра, Жиззахда Шароф Рашидовнинг, Сирдарёда эса Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймоннинг уй-музейи ташкил қилинади, улар ҳақида фильмлар ишланиб, китоблар нашр этилади.

Мамлакатимизда адабиётнинг гуллаб-яшнаётгани, ижодкорлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани Ўзбекистон ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўйганидан далолат беради.

“Дўрмон” ижод уйида дам олар эканман, бу ердаги сокинлик, асрий чинорлару арғувонларнинг салобати, ижод уйининг деярли ўртасидан оқиб ўтган зилол сувли анҳор, энг муҳими, бу ердаги ўзига хос ижодий муҳит қалбимга ўзгача сурур бахш этди. Дастлаб мўъжаз бир иморатдан иборат бўлган ижод уйи бугунги кунда нафақат муҳташам ижод саройига, балки унинг атрофи ижодкорлар яшайдиган сўлим маҳаллага айлангани эътиборга молик. Бу ерда Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби адабиётимиз дарғалари яшаб ижод қилганини алоҳида таъкидлаш керак. Қолаверса, келгусида беназир асарлари билан халқимиз маънавиятини янада юксалтирадиган, ватанимиз шавкатини олам узра ёядиган ижодкорлар ҳам қалам теб­ратиши шубҳасиз. Зотан, бунинг учун мавжуд шароитларни яна ҳам яхшилаш чора-тадбирлари кўрилаётгани одамни қувонтиради.

Бугунги кунда юртимизнинг сўлим гўшаларидан биридаги “Паркент” ижод уйи ҳам ёзувчи ва шоирлар хизматида. Айни пайтда ёзувчи ва шоирлар “Зомин” дам олиш уйида ҳам баракали ижод қилаётганлари давлатимиз ва ҳукуматимизнинг ижодкорларга бера­ётган алоҳида эътиборнинг яна бир далилидир. Адабиётга, ижодкорларга бундай ғамхўрлик, албатта, бежиз эмас. Зотан, ижод аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор – илҳом манбаидир.

Исмат КЎЧИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

“Дўстлик” ордени соҳиби.