ОПА-СИНГИЛ БРОНТЕЛАР
ОПА-СИНГИЛ БРОНТЕЛАР
Ижод оламида ўзига хос из қолдирган Эмили, Энн ва Шарлотте Бронтелар аслида беш опа-сингил эди. Иккита каттаси ўсмирлик чоғида ҳаётдан кўз юмган. 1824 йилда Мария, Элизабет, Шарлотта ва Эмили Кауан-Бриждаги қизлар мактабига қабул қилинган. Уларга отаси Патрик Бронте барча шароитларни яратиб берган.
ЎЗГАЧА ОЛАМЛАР
Қизлар болаликдан адабиётга меҳр қўйишади. Улар биргаликда пьесалар, шеърлар, новелла ва ҳикоялар ёзишади. Ҳатто қўлёзмаларни ўзлари китоб қилишади ва хаёлий Ангрия деб аталмиш ўлка ҳақида кўплаб ҳикоялар ёзишади. Эмили билан Энн яна бир олам – тўрт қиролликдан иборат Гондал ўлкасини ўйлаб топадилар.
БИРИНЧИ УРИНИШ
Опа-сингил Бронтеларнинг китоблари аввалига эркакча тахаллус билан эълон қилинган, ўша вақтларда яхши оилаларнинг қизлари бадиий ижод билан шуғулланмаган – бу эркаклар юмуши ҳисобланган. Мабодо ёзсалар ҳам оила ташвишлари, муҳаббат можаролари ҳақида қалам тебратиб, ёзганлари тор доирада тарқатилган.
1846 йилда улар ўзларининг ҳисобидан исмларини ўзгартириб, Каррер, Эллис и Эктон Беллар тахаллуси билан шеърлар тўпламини чиқаришади. Аммо китобнинг фақат икки донаси сотилади, холос. Бу муваффақиятсизлик қизларни умидсизликка туширмайди, балки насрга қайтишга омил бўлади. Бир йил ичида улар романлар ёзишиб, нашр қилишади. Асарлар орасида “Жейн Эйр” романи катта ютуққа эришади ва бошқа асарлари бу романнинг соясида қолади.
БИРГИНА ШАРЛОТТА ТУРМУШГА ЧИҚҚАН
Шарлотта Бронтега кўпчилик оила қуришни таклиф қилган, аммо уларнинг барчаси қатъий рад этилган. Чунки у ўзини оила қуриш учун яралмаган, деб ҳисобларди. Шунингдек, феъл-атвори оғир, инжиқ эди, аммо укаси ва сингилларининг вафотидан кейин бутунлай ёлғизланиб қолади. У туғилган уйида яшайди. Аммо руҳоний Патрик унга ўзи истагандай таянч бўлолмайди, турмушга чиққач, кўп ўтмай ўзи ҳам, чақалоғи ҳам ҳаётдан кўз юмади.
МУҲОКАМА
Шарлотта Бронте “Жейн Эйр” (1847) романини эълон қилганда китобхонлар ҳайрат билан қарши олсалар-да, танқидчилар бу асарни эркак киши ёзганми, аёл киши ёзганми, дея муҳокама қилишган. Шарлотта уларга: “Сиз учун мен на эркак, на аёлман, шунчаки муаллифман. Шунинг учун мени муаллиф сифатида муҳокама этишингиз лозим”, деб жавоб беради.
ЭМИЛИ БРОНТЕ
Эмили Бронте “Довулли довон” (1847.) номли битта роман ёзган. Унда эҳтирос кучли бўлиб, мантиқ ва ҳаёт талабларига жавоб бермагани учун опасининг соясида қолиб кетади. Эмили Бронтенинг романи одатдаги викториан даври романларига ўхшамас эди. Бу романдаги новаторлик XX асрга келибгина эътироф этилди.
ЭНН БРОНТЕ
Опа-сингиллари қаторида Энн унчалик машҳур эмасдир, аммо унинг “Агнес Грей” ва “Уайлдфелл-Холлик нотаниш аёл” романларини ҳамон китобхонлар севиб ўқишади. Инглиз танқидчиси Жорж Сейнтсбери бир гал адиба ҳақида: “Ёши катта қариндошларининг рангсиз акси”, деб ёзган эди. Оилада олтинчи фарзанд бўлган Энн кўплаб ҳикоялар, эртаклар ёзиб қолдирган.
БРОНТЕЛАР ҚИСҚА УМР КЕЧИРГАН
Оилада нисбатан машҳур бўлган Шарлотта (1816 – 1855), Эмили (1818 – 1848), Энн (1820 – 1849) ҳам 31 ёшида ҳаётдан кўз юмган укаси Брэнвеллдан кейин узоқ яшамаганлар.
Эмили укасининг дафн маросимида шамоллаб қолиб, орадан уч ой ўтгач вафот этади, ундан сўнг орадан бир йил ўтгач, Энн ҳам сил касаллигига чалиниб оламдан ўтади.