November 24, 2023

ТАҲЛИЛ ЗЎР, БИРОҚ...  

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2023 йил 3 февраль сонида филология фанлари доктори Манзар Абдулхайрнинг “...Бечора шоир бўлғуси” номли мақоласи “Бир ғазал шарҳи” рукнида эълон қилинган. Мақола муаллифи Ҳазрат Навоийнинг:

Ишқ аҳли гўристонида қабрим чу зоҳир бўлғуси,

Фарҳод анинг тошин йўнуб, Мажнун мужовир бўлғуси –

матлаъли ғазалини шарҳлашга киришади. Манзар домла дастлаб ғазалнинг тўлиқ матнини келтириб, кейин уни “рамзларсиз тушуниш мушкул”лигини таъкидлагач, ғазални байтма байт шарҳлайди. Юқоридаги биринчи байт шарҳига диққат қиламиз: “Улуғ шоирнинг бу матлаъи бағоят бир жўшқин кайфиятда ёзилган бўлиб, ғазалнинг бутун мазмун-моҳиятини, аниқроғи, ошиқнинг аҳволи руҳиясини яққол намоён қилади: агар илоҳий жазба теккан ошиқ инсон ёр ишқи кўйида руҳий парвоз қилар маҳалида борди-ю фалакдан, яъни самодан дўл ёғса тош бўлсин. Чунки чин ошиқ учун кавну макон кенгликлари-да писанд эмас. Илло, у руҳий ҳаракатда – бу йўлда фано бўлишга тайёр. Бунга бир белги сифатида, энг аввало, бу “ошиқи покбоз” тошга айланган ёғинларнинг ҳар бирига бош бўлсин. Бу суратланиш ғазал мисралари оша бардавомдир...”.

Юқоридаги байтга олим ёзган мулоҳазаларнинг мутлақо алоқаси йўқ. Байтда Алишер Навоий “ишқ аҳли гўристонида менинг қабрим пайдо бўлса, қабртошимни Фарҳод йўнади, Мажнун эса мужовирлик қилади” деган. “Мужовир” икки маънога эга: Фарҳод қабртошимни йўнганда, ёнида Мажнун ҳам бўлади; Мен қазо қилсам, Мажнун мендан (гўримдан) хабар олиб, дуо қилиб туради.

Энди тўртинчи байт ва унинг изоҳига эътибор қиламиз:

Хатти ғуборин демаким, бўлғуси ул юз монии,

Тун пардаси ой нуриға не навъ сотир бўлғуси.

“Аввало, ушбу байтдаги энг характерли сўзга эътиборни қаратайлик. Бу – “чўлпон” сўзидир. Бу сўз Алишер Навоий асарларида “ёруғ тонг юлдузи”, “гўзал”, “чиройли”, “порлоқ” сингари маъноларда қўлланади. Умуман, мумтоз адабиётда “Чўлпон” – “Зуҳра”, “Ноҳид” номлари билан ҳам юритилади. У қуёш тизимисидаги тўққизинчи катта сайёралардан бири, Ерга энг яқин, қуёшдан ҳисоблаганда иккинчи сайёра ҳисобланади.Форсий ривоятларга кўра у афсунгар Ҳорут ва Морут ошиқ бўлган аёлдир. Аниқроғи, бунда яна шундай маъно бор: ишқ шундай таврдирки, бу кўйга тушган инсон-ку инсон, ҳатто фаришталар-да йўлдан озишлари муқаррар. Зеро, ўша малоиклардан бири, яъни Ҳорут ишқ туфайли кўкдаги юлдуз оҳанжамасига, иккинчиси, Морут ердаги бани башар авлодига мансуб аёл жинсига ошиқи беқарор бўлган эди...

Шоир фикрича, Қуёшни Тонг юлдузи-ку Тонг юлдузи, балки ойга ҳам ташбиҳ қилиб бўлмайди. Эй фалак, нидоимни эшит! Майли, ташбиҳда сенга бир йўл кўрсатай. Агар сен ёрнинг оғзини бир зарра деб билсанг, унинг шаҳло кўзини Чўлпон юлдузи, қошини эса янги чиққан ойга қиёс қила қол?! Бу ўринда Навоий “чўлпон” сўзини гўзаллик тимсолида қўллаш баробарида сонияда минглаб чақирим йўлни босиб ўтадиган тез учар сайёра – Чўлпон, аммо у вафо, муҳаббатда ҳеч қачон қуёшдек гаронжон, яъни оғир, вазмин бўла олмаслигини поэтик рамзларда ифода этади...”.

Ажаб?! Байтда уни характерлайдиган “Чўлпон” ҳам, унинг синонимларидан бири ҳам мавжуд эмас-ку?! “Ой”га тегиш­ли гаплар ҳам байт­даги “ой нури”га умуман боғланмайди. Мониъ – “тўсиқ”, сотир ҳам шунга яқин “парда” дегани. Шоир маъшуқанинг “хатти ғубори” ҳақида сўзламасликни, ундаги ғубор гўзал чеҳра туфайли сезилмаслигини таъкидлаган. Иккинчи мисрада шу фикр поэтик жиҳатдан далилланган: гўё бу ҳолат тун пардасининг ой нурига тўсиқ бўлолмаслигига ўхшаш ҳолат эканига урғу берилган. Унда байтга дахл қилмайдиган юқоридаги узундан-узун шарҳ қаердан пайдо бўлди?

Гап индаллоси, Манзар домла амалга оширган таҳлил зўр, бироқ унинг мақолада келтирилган “Бўлғуси” радифли ғазалга мутлақо дахли йўқ. Муаллиф айтган фикр-­мулоҳазалар эса улуғ шоир қаламига мансуб бошқа ғазалга тегишлидай туюлди. Камина улуғ шоирнинг лирик меросини варақлаб, Манзар Абдулхайрнинг мулоҳазаларига асос бўлган ғазал матнини аниқладим. Домла айтган барча даъволар улуғ шоирнинг:

Агар ишқинг ҳавосида ёғар ҳар жола тош ўлсун,

Нишона ҳар бирига дермен ушбу хаста бош ўлсун –

матлаъли ғазалига узукка кўз қўйгандек мос тушади. Қизиқ...Таҳлилда ғазал матни ихтиёрсиз равишда алмашиб кетган. Яъни Манзар Абдулхайр Алишер Навоийнинг биз келтирган ўн бир байтли “Ўлсун” радифли ғазали(Қаранг: Алишер Навоий. Қаро кўзум. Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1988. 587-саҳифа)ни таҳлил қилгану, унга тегишли барча мулоҳазалар бошқа ғазалга янг­лиш равишда ёпиштирилган.

Муаллиф мақола сўнгида “ғазалда радди матлаъ” санъати қўлланганини ҳам алоҳида таъкидлайди. Йўқ, у ерда бундай санъат мавжуд эмас. Биз “Қаро кўзум” китобида ўқиган “Ўлсун” радифли ғазалда эса “радди матлаъ” санъати кўзга яққол ташланади:

Навоий ашк дурридек тиларким кўзда ер бергай,

Агар ишқинг ҳавосида ёғар ҳар жола тош ўлсун.

Манзар домлани яхши танийман. Ҳозирги кунда Алишер Навоий ғазаллари таҳлилида жонбозлик кўрсатаётган иккита олим бўлса, улардан бири ҳеч шубҳасиз Манзар акадир. Бироқ юқоридаги чалкашлик улуғ шоир мухлисларини чалғитиб қўймасмикан, деган хавотирда ушбу “акс-садо”ни ёзишга жазм этдим.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,

филология фанлари доктори