November 3, 2023

ҲАМКОРЛИК САМАРАСИ

Яқинда Л.Н.Гумилев номидаги Евроосиё миллий университети профессори, филология фанлари доктори, таниқли туркшунос Мағрипа Ескеева ва Ўзбекистон Миллий университети профессори Насимхон Раҳмонов тузган “Қозоқ ва ўзбек тилларининг қиёсий паремиологик луғати” чоп этилгани илмий алоқаларимиз мустаҳкам эканига яна бир далилдир.

Луғат тузиш мураккаб, кўп вақтни талаб қиладиган жараёндир. Мазкур паремиологик луғат М.Ескеева ва Н.Раҳмоновнинг бир неча йиллик меҳнатлари натижаси десак, муболаға бўлмайди. Луғатни тузишда ўзбекистонлик олимлардан филология фанлари доктори Қаҳҳоржон Йўлчиев, филология фанлари номзоди Хурсанали Шарафиддинов ҳам ўз ҳиссаларини қўшганлар.

Луғатда берилган қозоқча мақолларнинг қозоқ тилидаги талқини, шунингдек, бу талқинларнинг рус, инглиз тилларидаги таржимаси ва ўзбекча мақолларнинг ҳам айнан шундай тартиблангани унинг фойдаланиш доирасини кенгайтиради. Айни тартиб­ланиш бошқа миллат вакиллари учун ҳам қозоқ ва ўзбек мақолларининг эквивалентлари маънодошлигини осон тушуниб олиш имкониятини бериш билан бирга, кундалик ҳаётда ёки бадиий ижодда фойдаланишда ҳам асқотади.

Қозоқ ва ўзбек халқи ижтимоий, маданий, қолаверса, адабий ҳаётининг азалдан яқинлиги кўпроқ мақолларда, халқ қўшиқларида, умуман, халқ оғзаки ижодининг барча жанрларида ўз аксини топган. Бу ҳолат эса, икки халқнинг дунёқараши, ҳаёт тарзи, маданияти илдизлари азалдан бир эканини намоён қилади. Луғатдаги айрим мақоллар бунга яққол далилдир. Масалан, Куёв қувса, эшик боғини тут, ўғил қувса, тўр бошига ўт. Ушбу мақол қозоқ халқида ҳам айнан шу шаклда қўлланади. Луғат муаллифлари мазкур мақолнинг ҳар икки тилдаги мазмунини шарҳлар экан, шакл ҳам, моҳият ҳам бир эканини тасдиқлайдилар. Ўзбекча шарҳнинг русча ва инг­лизча таржималарида ҳам мақолнинг маъноси ва моҳияти китобхонга тўлиқ етказиб берилган.

Икки тилдаги мақоллар ҳар доим айнан такрорланмаслиги табиий, мазмунан ўхшаш, синонимик хусусиятга эга бўлган мақолларга ҳам китобда кенг ўрин берилган. Бу турдаги мақоллар ҳам анчагина. Жумладан, Жоҳил улфат – бошингга кулфат (қо­зоқчаси: Надандық - қасират); Нимани қилсанг хор, ўшанга бўласан зор (қозоқчаси: Нени кем тутсанг, соған зар боласан).

Умуман, луғат муаллифлари кенг кўламда иш олиб борганларини айтиб ўтиш зарур. Шу билан бирга, мазкур паремиологик луғат келгусида янада мукаммал бўлиши учун бир нечта жиҳатларни такомиллаштириш керак. Масалан, ўзбекча мақолларда имловий хатолар учрайди. Бундан ташқари, айрим мақоллар мазкур луғатга киритилмаган. Эҳтимол, китобнинг ҳажми шуни тақозо қилгандир. Балки, бир неча жилд нашр этилар. Нима бўлганда ҳам, қозоқ ва ўзбек халқининг азалий қон-қардошлиги, оғзаки ижодининг яқинлиги ҳали кўп тадқиқотларни биргаликда амалга оширишга даъват қилади. Яна бир таклиф: мазкур луғатга ҳар икки тилда салмоқли сўзбоши ҳам, албатта, керак деб ўйлаймиз.

Шу ўринда Н.Раҳмонов ўтган йили Қозоғистон Фанлар академияси Адабиёт ва санъат институтининг лойиҳасига жалб қилинганини ва шу лойиҳа натижаси сифатида қозоғистонлик ҳамкасблари билан “Олтин Ўрда адабиёти” номли жамоавий монографияни яратишда иштирок этганини фахр билан айтиб ўтмоқчимиз. Мазкур монография қозоқ тилида нашр этилган. Бундан ташқари, Н.Раҳмонов бир неча йиллар илгари ўзбек адабиётини даврлаштириш масалалари юзасидан монография ҳам эълон қилган, талабалар учун “Ўзбек адабиёти тарихи” (Энг қадимги даврлардан XV асрнинг биринчи ярмигача) қўлланмасини ёзган эди. Бу қўлланма 2021 йили Олмаотада дарслик сифатида уч жилдда қайта чоп этилди. Устоз тадқиқ қилган Олтин Ўрда адабиёти боби мазкур нашрлардан ўрин олгани кўпчиликка маълум.

Н.Раҳмоновнинг қозоғистонлик олим­­­лар билан илмий ҳамкорлиги сер­қир­ра­­лигини айтиб ўтиш керак. Дунё турко­лог­лари эътирофи билан бирга, қозо­ғистонлик олимлар ҳам Насимхон Раҳмоновнинг ишларига, хусусан, туркология соҳасидаги тадқиқотларига алоҳида эътибор билан қарашади. Бунинг натижаси ўлароқ, 2019 йили мазкур инс­титут Қадимги давр антологиясининг биринчи жилдида Н.Раҳмонов тайёрлаган “Олтун ёруғ” асарининг 50 саҳифасини чоп этди.

Юқорида тилга олинган монографияда Олтин Ўрда давлатининг ижтимоий-сиёсий тарихи, ундаги адабий жараённинг ўзига хослиги каби масалаларга ойдинлик киритилган. Ўзбек адабиётининг ривожида бу давлат маданий ҳаётининг таъсирига алоҳида эътибор берилган. Келгусида ҳам Олтин Ўрда адабиётини ўрганиш ва тадқиқ қилиш давом этиши зарур. Миср мамлуклар давлатидаги адабиёт ва маданий ҳаёт, жумладан, Сайфи Саройи ижоди ҳам мазкур жамоавий монографияда Олтин Ўрда адабиётининг давоми сифатида киритилгани жуда ўринли. Бу қисм ҳам Н.Раҳмонов томонидан ёзилган. Олтин Ўрда адабиёти бўйича таҳлил ва талқинлар Олмаотада чоп этилган мана шу жамоавий монография билан охирига етди, деб бўлмайди. Чунки нафақат адабиёти, балки Олтин Ўрда адабий тили ҳам ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Бир пайтлар Амир Нажип бу ҳақда айрим кузатишларини эълон қилган эди. Шундан сўнг бу давр бўйича тадқиқотлар бироз сусайди. Устоз Насимхон Раҳмонов ҳам юқорида айтиб ўтилган монография ва қўлланмаларида Олтин Ўрда адабий тили ҳақида айрим талқинларини ўртага ташлаган. Бу ёш тадқиқотчиларга ўзига хос чорловдир.

Нодирбек ЖЎРАҚЎЗИЕВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори