December 1, 2023

ПЕРСИ БИШИ ШЕЛЛИ  

XIX аср романтизм оқимига мансуб буюк инглиз шоирларидан бири Перси Биши Шелли 1792 йили Сассекс графлиги ҳудудида таваллуд топган. Ўзининг қисқа ва мураккаб кечган умри давомида исёнкор инсоний ҳис-туйғуларга йўғрилган асарлар яратган. Шелли болалик чоғидаёқ фикр-мушоҳадали бўлиб, йигирма ёшида умрбоқий асарлар ёзган.

ОЗОДЛИК ПАРТИЯСИ

Француз инқилоби даврида яшаган шоир (Годвиннинг “Сиёсий тенглик” асаридан руҳланиб) ижодида тенглик, озодлик ғоялари етакчи мавзуга айланади. Шелли дўсти Ли Хантга йўллаган хатида шундай ёзади: “Биз шиддатли даврда яшамоқдамиз, азизим Хант! Бизнинг партиямиз озодлик учун кураш партиясидир”.

МАНГУ ДОН КИХОТ

Уни Байрон “Мангу Дон Кихот”, Мэтью Арнольд “Фазода нурли қанот қоққан хаёл фариштаси”, деб атаган. Албатта, бу ўхшатишлар хаёлий бўлса-да, аслида Шелли ижодида ўзи яшаган давр муҳити мужассам эди. Рус адиби Константин Бальмонт шоир шеърларини рус тилига таржима қиларкан, Шеллини “Шоирларнинг шоири, у ўзини поэзияга бағишлаганларнинг энг яхшиси, энг марҳаматлиси”, деб ёзади.

СЕРҚИРРА ИЖОДКОР

Шелли ўттиз йиллик умри мобайнида кўплаб нас­рий, шеърий, драматик, фалсафий, адабиётшуносликка оид асарлар яратди. Шоир сифатида “Қиролича Маб”, “Ченчи” асарлари туфайли эътироф этилди. Шеллининг икки қаноти – донишмандлиги ва хаёлпарастлиги, диний маслаги ва шоирлиги унинг даҳосининг ўзига хос қирраларидир.

БИР ЙИЛЛИК ТАЪЛИМ

1810 йилда Оксфорд университетига кирган ўн саккиз ёшли Шелли “Цастроцци" ва "Авлиё Ирвайн” романларини ёзиб, ўқувчилар эътиборини қозонган эди. Университетда Платон, Еврипид, Лукреций ижоди ҳамда Локк ва Юм фалсафаси билан танишади. Аммо бу билим даргоҳи шоирга катта таъсир ўтказолмайди, бир йилдан сўнг, 1811 йил 25 мартда “ўзини намоён этиш эҳтиёжи устунлик қилган” Шелли талабалар сафидан чиқарилади.

БАЙРОН БИЛАН ДЎСТЛАШУВ

1814 йилда Шелли рафиқаси Мери (таниқли файласуф, журналист-анархист ва атеист Уильям Годвиннинг қизи) билан Швецарияга боради ва у ерда буюк инглиз шоири Байрон билан танишади. Шелли ва Мери тўрт йилни гоҳ Швейцария, гоҳ кўҳна Англияда ўтказади. Шу йилларда шоир ҳақиқий йирик шеърий асарлари – “Аластор” ва бош­қа поэмаларини ёзади.

ИТАЛИЯДА

1818 йилдан Италияда яшай бошлаган Шелли қадимги юнон адабиётидан, Ҳомер мадҳиялари, Софокл ва Феокрит ижодидан ҳайратланади (ёнида Софоклнинг китобини олиб юради). Шелли Италияни “қувғиндилар жаннати”, деб атайди. Бу ерда “Озод бўлган Прометей”, “Ченчи” драмаларини ёзади. Шоирга юнонистонлик сиёсий арбоб, миллий қаҳрамон Маврокордато билан яқиндан танишув мислсиз илҳом бахш этади. Шелли ўз ғояларига содиқ қолиб, “Биз барчамиз юнонлармиз”, деб таъкидлайди,
1821 йили “Эллада” лирик драмасини ёзади.

АЖАЛ ҚАЙИҒИ

Шелли 1822 йили Байрон билан бирга қайиқ сотиб олади. Бу хариддан кейин Шелли нохуш тушлар кўра бошлайди. Шу йил 1 июлда дўсти Уильямс билан йиғинга кетган шоирнинг қайиғини денгиз тўфони ағдариб ташлайди. Орадан икки кун ўтгач, денгиз тўлқини чўккан икки шоирнинг жасадини қирғоққа чиқариб ташлайди. Шеллининг ён чўнтагида Китс ва Софоклнинг китоблари бор эди.

Жаҳон адабиётида Шеллининг номи Байрон, Бёрнс, Мильтон, Беранже каби улуғ ижодкорлар қаторида тилга олинади.