July 28, 2023

ЭЛИБОЙЛИ ЭЛАТДАНМАН

Ҳол Муҳаммад ҲАСАН

ШОИР

Унинг чин оти – ошиқ, меҳрга қул яратиқ,

Чўнтаклари чил тешик, кўнгли бўш, қаҳри қаттиқ.

Ўн бешида оқсоқол, етмишида ёш бола,

Битта гап албатта кам, иккита гапинг ортиқ.

Мол-дунё берсанг олмас – эҳсонингга зормас у,

Миннатли ошинг емас, очдан ўлса боқмас у,

Тинч ўтирмас, тек турмас, етовингга юрмас у,

Сарпойингни киймайди, тўни минг ямоқ – йиртиқ.

Англаб бўлмас, не истар, не манзилни кўзлар у,

Хонни – ҳоқонни “сен”лаб, ҳур гўдакни “сиз”лар у,

Гоҳ капалак қонидан инжа ҳикмат излар у,

Гоҳ биргина қўйини бўрига қилар тортиқ.

Ёлғиз суянгани – Сўз, ишонгани – Ҳақ, доим,

Ожиз онаси – Тили, отаси – Эл, Халқ, доим,

Улар-чун туриб бергай, қўпса қиёмат қойим,

Бошин топшириб дорга, кетар кўзлари очиқ.

Кетар кўзлари очиқ...

ДЕМИШЛАР

Пири муршид этагин тут, кулли савоб, демишлар.

Пандин эшит, дуосин ол, барокат топ, демишлар.

Эрта, индин тадоригин шу бугун нақд қилиб қўй,

Қайтиб очар эшигингни секинроқ ёп, демишлар.

Ҳолимга боқ

Чақиртикон чакалакзор экан сўқмоқ,

Тобони тош йўловчилар ялангоёқ.

Ялангюрак билан етиб келдим ўтиб,

Минг бир тилим дилимга боқ, Ҳолимга боқ.

ТЕЛЕФОН

Бизнинг элда, ҳар элдошда

Овунчоқ – у, эрмак – у.

Жон жигардан, қариндошдан

Қалинроқ – у, тиргак – у.

Етти ёшдан токи етмиш,

Барчага ундан ташвиш.

Ётса – ёстиқ, турса – курси,

“Изла”, “қидир”, “кўрмак” – у.

Йўл-йўлакда, қўл қулоқда,

Маърака, тўй, овлоқда…

Кампирга чол, бевага тул,

Бўй-бўйдоққа эркак – у.

Фисқи-фасод, “миш-миш”дан дод,

СМСдан ҳақорат,

Замонга хос оддий ҳолат –

Ижтимоий тармоқ – у.

На андиша, на малоҳат,

На самимий бир суҳбат…

Энди бари эски чўпчак,

Алмисоқдан эртак, у.

Энди, ҳатто, нақл бошқа,

Фикр бошқа, бошқа ўй:

Камбағални урма, сўкма,

Телефонин олиб қўй!

ЎЗИМГА ХОС ШЕЪР

Сиёсатга алоқам йўқ,

Аммо лоқайд эмасман.

Ноз-неъматдан кўзларим тўқ,

Қарзим йўқ бирон касдан.

Фиқҳдан сал хабарим бор,

Зерим бор, забарим бор.

Мантиқ отлиғ тошга чақиб,

Билгум рўёни ростдан.

Хушомадни хушламасман,

Бийни олқишламасман.

Ҳамиятимга тегса гар,

Кечгум минг йиллик дўстдан.

Элибойли элатданман,

Эски бир миллатданман.

Бугун афсус, ор ҳақда сўз

Кетса, лом-мим демасман.

Бор мақтанса, топилгайдир,

Йўқ мақтанса, чопилгай.

Қачон ёлғон ёпилгайдир?

Билолмай – “эси паст”ман.

Тошга дўнмиш гардуни дун,

Чақмоқ чақар тамаддун.

Қўрқаяпман тушиб учқун

Ўт кетмаса бехосдан...

Фисқу фасод, фаҳш, иснод...

Арвоҳлар чекар фарёд:

“Ҳаё хаста, аста-аста

Чиқиб бормоқда эсдан”.

Шукр, аъзои таним соғ,

Тўрт мучам бут, камим йўқ.

Ахир, менинг дохилим йўқ,

Дейман, аммо лоҳасман.

Бошқарувга бошим етмас,

На куч, на ёшим етмас.

Оқиб бораётурман, бас,

Лойқа сувда бир “хас”ман.

Синфларга алоқам йўқ,

На боён, на қулмасман.

Асли ўзи бекманми, ё ...

Билмасман, ҳеч билмасман.

ОҚ ФОТИҲА

Омадинг олдинда, отлан-да, изла,

Туяга мингин-да, узоқни кўзла.

Чилтешик деворлар сичқони бисёр,

Дардинг бўлса, магар, тоғларга сўзла.

Харсангдор тоғларда тоза қорлар бор,

Туманли тўшида сирли ғорлар бор.

Қоялар қатида, булут патида

Панжаси найзадор бургут, сорлар бор.

Пастликда нима бор, пастлардан бўлак,

Лойқа сув келтирган хаслардан бўлак.

Қора ер талашиб, кир луқма ташиб,

Юрган қурт-қумурсқа, каслардан бўлак.

Йўлга чиқ, чашмалар бошларига ет,

Минг яшар арчалар қошларига ет.

Бир аср судралиб юргандан кўра,

Чўққини бир лаҳза забт эт, сўнгра кет.

Отлан, оқ йўлларга йўлласин ўзи,

Қўлласин, қўлласин, қўлласин ўзи.

БУ ДУНЁ

Ўнгиб тўзган, кўҳна чопон,

Ҳар келган бир кийиб ўтган.

Биров ювиб, ямоқ солган,

Биров йиртиб, ўйиб ўтган.

Қирқ қулоқли бу дошқозон,

Қайнар унда оби ёвғон.

Қорни ёриқ, нафси ёмон

Очкўзларни койиб ўтган.

Чархи нобоп тоштегирмон

Дўлга тушган қолмас омон.

Оқаргунча ҳар битта дон

Минг жонидан тўйиб ўтган.

Дунё, дунё, дунё – ёлғон,

Бу гап эскилардан қолган.

Бою боён, оқил-нодон,

Бари куйиб-куйиб ўтган.

ҚАЙҒУ

Дов дарахтнинг юргиси келар,

Одамнинг кўкларда учгиси.

Тошнинг дарёларда сузгиси келар,

Оловнинг тўйиб сув ичгиси.

Тупроқ эса, ҳеч орзу йўқ,

Бир умр шу зайл ўтгуси.

У оғиру босиқ, кўнгли тўқ,

Кун келиб барисин ютгуси.

Ҳол Муҳаммад ҲАСАН