August 18, 2023

ДУНЁНИНГ ҲАР ЕРИДАН НИЗОМИЙ ВА НАВОИЙ КЎРИНУР...  

Низомий деганда Озарбайжон, Озарбайжон деганда Низомий кўз олдимизга келади. Бу бежиз эмас. Низомий Ганжавий озарбайжон халқининг тимсолига айланган.

Ҳазрат Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида буюк Низомийни шайхлар қаторида зикр этган. Низомийда “...зоҳирий улум ва расмий истилоҳотдин баҳраи тамом...” (А.Навоий, “Насойим ул-муҳаббат”, 10-жилд, 483-бет) мавжуд бўлганини таъкидлаб, уни устоз мақомида улуғлаган.

Низомий “панжасига панжа урмоқ” осон эмаслиги ҳақида дарсликларда ўқиганмиз. Ҳамид Олимжон 1939 йилда “Фарҳод ва Ширин” мақоласида шундай ёзади: “Навоий ўтган зўр ижодий йўлни ва у яратиб қолдирган ўлмас асарларни ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Навоий ўз халқининг Низомий даражасидаги зўр арслони бўлиб етишди”.

Машҳур олмон шоири Гёте Низомий Ганжавийни: “Барча халқлар ва замонларнинг энг улуғ етти шоиридан бири, – деб таърифлаган. – Олмонияда зўр шоирлар кўп, лекин улар Низомий Ганжавий олдида ҳечдир”.

Ижод аҳли ҳамиша эркка, мус­тақилликка, адолатга, ҳалолликка интилганларнинг олдинги сафида бўлган. XII асрда Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг кўплаб шаҳарлари, жумладан, Ганжада жавонмардлик ҳаракати кенг ёйилган. Ҳаракат аъзолари, асосан, косиб ва ҳунармандлардан иборат бўлиб, улар золим ҳукмдор ва амалдорларга қарши курашган, оддий одамлар – халқ манфаатларини ҳимоя қилган. Низомий шу ҳаракатнинг мақсад ва ғоя­лари тарафдори бўлган. Унинг дунёқараши ва ижтимоий ақидалари асосан косиб ва ҳунармандлардан иборат бўлган шу ҳаракат ғоялари таъсирида шаклланган. Давр салотини унинг мулозаматида бўлишни табаррук билган. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида қуйидагиларни битган: “Умри гаронмояни аввалдан охирғача қаноату тақво ва узлату инзиво била ўткарибдурлар ва ҳаргиз сойир шуародек ҳирсу ҳаво ғалабасидин дунё арбобиға илтижо қилмайдурлар...” (А.Навоий, ­10-жилд, 483-бет).

Алишер Навоий Низомий Ганжавийнинг шоирлик салоҳияти ва қудратига, у етган даражага эришиш мушкул эканини таъкидлаб: “...кўп абъёти алфоз жазолатидин ва маъною таркиб салосатидин деса бўлурки, эъжоз сарҳадига етибдур, кишининг илкига кирмак имкон эмас...”, деб ёзган (А.Навоий, 10- жилд, 485-бет).

Дунё адабиётшунослари Низомийнинг адабиёт ривожига қўшган ҳиссасини юксак баҳолаганлар. Уни ўта равон шеърий нутқ ва ўзига хос шеърий услуб яратган буюк шоир сифатида эътироф этганлар. Эрон олими, доктор Саид Ҳамидиённинг фикрига кўра, “Фирдавсий қаҳрамонлик достонлари яратишда мислсиз бўлгани каби, Низомий форс тили ва адабиёти тарихида лирик шеърият соҳасида етакчи ўринни эгаллайди”.

Улуғ шоирнинг шеър тузилиши ва қурилишини янгилаш, сўз танлаш ва янги сўз бирикмалари тузиш иқтидори, сўзлардан фойдаланиш бобидаги ўзгартиришлари адабиётдаги инқилоб даражасида баҳоланган. Низомий шеърларининг халқ орасида кенг тарқалиши сабаби уларнинг содда, самимий ва равонлиги, тавсиф ва тасвирлардаги аниқлик, табиийлик, деб эътироф этилган.

Кейинги икки аср давомида шоир асарлари жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинди. Европа мамлакатлари ва дунёнинг бошқа юртларида улуғ шоирнинг ижодиёти бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар кўлами кенгайди. Анг­лиядан Уилям Жонс, германия­лик Ван Хуммер Поргестал, Ҳелмут Риттер ва Вилгелм Бахер, италиялик Итоло Пицзи, россиялик Евгений Бертельс, мисрлик Абдулмуин Ҳасан ва бошқа тадқиқотчи-ю таржимонлар шоир асарлари бўйича илмий изланишлар олиб борганлар.

Яқинда Озарбайжонда ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари бир гуруҳ иштирокчилар Низомий Ганжавий зиёратини дилга тугиб, Ганжа шаҳрига йўл тутдик. Шаҳарга кираверишда баланд қалъа тикланган. Қизил ғиштдан. У шаҳар чегараси ҳисобланади. Бу – рамзий девор. Шу ерда бизни Ганжа вилояти маданият бош­қармаси бошлиғи Парвин Гасимов кутиб олди.

Ҳазрат Низомий Ганжавий мадфун ерда мақбара дастлаб XVI асрда бунёд этилган. Бугун эса у ягона улкан мажмуа сифатида узоқдан кўзга ташланади. Мақбара шаҳарга жанубий-ғарбий томондан кираверишда, асосий асфальт йўлга туташган катта майдоннинг тўрида. Атрофи кенг ва обод. Майдонни кўркам боғ қуршаган. Чинор кўп. Баланд, серсоя, умрзоқ чинорлар. Айтишдики, Чинор – Ганжа шаҳрининг рамзи.

Мақбара атрофида “Хамса” достонлари сюжетига биринж – бронзадан ишланган бўртма манзаралар. Ерга замонавий кошинлар ётқизилган. Кулранг ва қора кошинлар шундай терилганки, ранглари ва кўриниши билан қадим миноралардаги шаклларни эслатади. Мақбара баландда, зиналар сидирға кўтарилмаган, аксинча, бир туркум зина – беш-олти зина тугайди-да, текис майдонда юрасиз, яна бир туркум зина ва яна текислик. Бунда киши чарчаб қолмайди. Зиналардан ўтиб юраркан, нафас ростлаб тепага чиқиб бораверади. Агар шу бир яхлит зина бўлганда, тасаввур қилинг, зиёратга келган, айниқса, ёши улуғлар – зиёратга эса асосан кексалар келади – қандай ҳориб қолишарди. Икки томонда катта фаввора оппоқ сув отиб, атрофга салқин сочади. Мақбаранинг баландлиги йигирма метр, қизил мармардан. Умумий кўриниши саккиз қиррали юлдуз шаклида. Юлдузнинг ўртасидан минора кўтарилган. Минора деворларининг ярми – икки чети тўлқинсимон, тепаси гумбаз. Иккинчи ярми – олд ва орқа томондан кириладиган жойнинг тепа қисми текис нақш. Нақш тепасида саккиз қиррали юлдуз ичига Қуръони шариф оятлари битилган. Мақбарага икки томондан, олд ва орқадан кирилса бўлади. Эшиклар қизил ёғочдан, нақш ва бе­зак­лар билан ўйиб безалган. Кириш жойининг тепасига озарбайжонча лотин ёзувида катта ҳарфлар билан “NIZAMI” ёзилган. Ҳарфлар соф олтиндан! Биринчи қаватда оқ мармар устида қадам босиб юрасиз. Деворда саккиз қиррали юлдузлар ичига, деворларнинг тепа қисмида сиёҳранг шишаларга оятлар дарж этилган. Йўғон панжараларда беш қиррали юлдузларга “Панж ганж”­дан байтлар битилган. Биринчи қават доира шаклида. Ўртада, пастда – ертўлада марқад. Оқ мармардан. Бу Буюк Шоирнинг мангу уйи.

Пастга ҳаммани ҳам тушираверишмаса керак. Буюк иноятлар бўл­дими, Буюк Шоир­нинг ёнига биз учун йўл очилди.

Пастдамиз. Ўртада мангу уй. Мармар тошлар ҳам маҳзун, юмшоқ руҳга қўшилиб кетгандек... Ажиб бир об-ҳаво. Абадийлик об-ҳавоси шундай бўлармикан?..

Даҳмани айланиб, мармарга чўкамиз. Қабртошда арабий ёзувлар йўқ. Қуръон тиловат қилинади. Буюк шоирга мангу ором, дунёга, эл-юртга тинчлик сўралади...

Мақбарадан сўнг Низомий Ганжавий музейига ўтилди. Музей ёдгорлик мажмуасига қарама-қарши томонда, асфальт йўлдан нарида, мақбара билан юзма-юз жойлашган. Маҳобатли бино. Ҳаворангда. Осмонни эслатади. Асосий эшикдан икки томонга тепага қараб юлдузлар туркуми харитасини эслатувчи оқ чизиқлар тортилган.

Музей нодир озарбайжон гиламлари, шу гиламларга ишланган шоир портретлари, шоир асарлари, хусусан, “Панж ганж” сюжетлари асосида чизилган миниатюралар, кўп асрлик нозик, бежирим қўлёзмалар, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги асарлари... Ҳаммаси Низомий Ганжавий ҳаёти ва ижодига дахлдор. Тарихий ва маданий қимматга эга бу ашё-ю буюмлар музейга келган кишини ХII юзйилликка, Низомий ижодининг бепоён кенгликларига олиб киради.

Тошкентда чоп этилган ҳазрат Алишер Навоийнинг “Хамса”си Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си билан ёнма-ён қўйилган. Гўё икки буюк шоир ёнма-ён тургандек...

Шаҳарларнинг хос кечмиши, савдолари, тақдири бор. Ганжанинг тақдири – Низомий. Шаҳарни бунёд этишда, қуришда, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда – ҳамма нарсада Низомийнинг юксак осмони, Низомий юлдузи, Низомий қуёши мўлжал олинган. Ганжа – Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд – Низомийга бешик бўлган, Абумуҳаммад Илёс – бешик – она номини юксалтирган фарзанд. Низомий – Озарбайжон фарзанди, дунёнинг шоири...

Бугун шеърият, адабиёт шаҳри бўлган Ганжада, бутун Озарбайжонда буюк донишманднинг тинч, барқарор, фаровон ҳаёт борасидаги орзу-армонлари ушалаётир.

Адабиёт, шеърият ҳақида суҳбат борар экан, Озарбайжон Фанлар академияси Ганжа вилояти бўлинмаси Низомий Ганжавий маркази раҳбари Алимухтор Мухторов шундай дейди:

– Буюк Алишер Навоий юртидан (Ўзбекистондан демоқчи), “Хамса” юртидан буюк Низомий Ганжавий юртига, “Хамса” юртига хуш келибсизлар!..

– Ганжавий мақбараси Ганжа шаҳрининг ҳар еридан кўринар экан, – десак;

– Дунёнинг ҳар еридан Низомий кўринур... – деди шавқ билан.

– Дунёнинг ҳар еридан Навоий кўринур...

Алимухтор Низомий ҳақида гапирганда, Фузулийдан байтлар ўқиганда баланд завқ, ҳайрат ва ҳаяжон билан сўзлайди. Буюклар ижодидан ҳаётдаги ҳар бир ҳолатга мос мис­раларни зукколик билан топади ҳамда қироат билан ўқийди. Кўриниб турибди, у Озарбайжонни, ўз она тилини, миллий адабиётини жуда севади. Шу севги унинг ботинини маънавий қудратга тўлдираверади.

Энг муҳими, биз ўзаро ўзбекча, озарбайжонча сўзлашамиз. Ўзбек, озар тилларида байтлар ўқиймиз. Бизга тилмоч, таржимон ёки шарҳловчи сира керак эмас. Буни ҳар биримиз ич-ичдан ҳис қиламиз.

Ганжа шаҳрига сафаримиз якунига етди. Аммо Низомий Ганжавий зиёрати якунига етмайди. Даҳо шоир асарларини ҳар ўқиганингизда унинг мўътабар ҳузурига боргандек, Шеър ва Шоир юрагининг уришини ҳис этгандек бўлаверасиз.

Салим АШУР