КАШТАЛАР ЗАМИРИДАГИ РАМЗЛАР
Куни кеча устозлар, курсдошлар билан Тошкент шаҳридаги Амалий санъат музейида бўлдик. Бу санъат масканидан бир олам завқ ва таассуротлар билан қайтдик.
Ўтмишда урф бўлган, кенг пешайвонли кичик ҳовлига киришингиз билан сизни тарихий муҳит ўз бағрига олади. Ҳовли ўртасидаги тапчан қишлоқдаги уйимизни эслатди. Ёз ойлари кеч кириши билан шунақа тапчанда ўтирардик юлдузларни санаб, чигирткалар овозини эшитиб ётиш ҳаммасидан завқли эди... Хуллас, музейни томоша қилишни бошладик. Менга ўхшаб ҳовли четидаги тутга осилган миллий либосларни кийиб кўришга шошилаётган курсдошларим қанча? Ўртада устозимиз ҳалак. Музей анча гавжум экан. Ҳар қадамда битта сайёҳ, битта хорижлик меҳмон.
Биринчи бўлимга киришим билан сайёҳларни ўзига бунчалик маҳлиё қилаётган жиҳат нимада экан, деб ўйлаб қолдим. Каштачилик бўлимига ўтишимиз билан бу сирнинг тагига етгандек бўлдим. Деворларга осилган ҳар бир кашта, йўлбошловчи опанинг айтишича, қадимги момоларимиз тиккан сепликлар экан. Яъни ҳар бир қиз болалигиданоқ то бўйга етгунча кашта, қуроқ, сўзана тикиб, сепларини ўзлари тўлдиришаркан. Бир томондан уларга раҳмим келса, бир жиҳатдан ҳавасим ҳам келди. Чунки бундай мураккаб, майда ишни санъат даражасида тикишга ҳозирги қизларнинг сабри етмаса керак. Кашталар замирига яширинган сирлар рамзларда ифодаланган. Масалан, анор муҳаббат, оила рамзи бўлса, қалампирмунчоқ бало-қазолардан асраш рамзи сифатида тикилган.
Тўқимачилик бўлимига ўтганимизда қизиқ воқеа содир бўлди. Залда ҳар бир вилоятга тегишли сўзана ва гиламлар илинган экан. Шунда ҳамма ўз вилоятининг ҳунармандчилик ишларини томоша қила бошлади. Мен ҳам Шаҳрисабз сўзаналарини томоша қила туриб бундай бежиримлик, ранглар уйғунлиги катта машаққат ва сабрни талаб қилганини англадим. Оҳ, онамнинг супра қоқди, қомати тик жун гиламлари... Момомнинг урчуғида таноби тортилган жун ипларнинг камалак қозонда чўмилишидан тортиб, дорга осилгунга қадар сабрингиз косаси тўлиб қолмаса бўлди. Кейин биз чиллак қилиб ўйнайдиган таёқларни онам атай олиб қўйиб, камон ва қиличлар ясарди. Қуёш меҳридан баҳраманд бўлган ипларни узун дастгоҳга солиб тўқиб кетаверарди. Аслида, гилам, сўзана тўқиш бир баҳона, аёллар бу ҳунарлари ортидан ўзаро дардлашиб, олишган. Чунки бир жуфт гиламни тўқиш учун бир маҳалла аёллари ёрдамга келган. Турмуш қураётган ёшларга алвон гиламлардек ёрқин, мустаҳкам, гўзал ҳаёт ҳамроҳ бўлсин, деб дуолар қилишган. Тонггача айтиладиган ўлану лапарларнинг гаштини айтмайсизми...
Йўл бошловчи опанинг айтишича, ушбу музейдан энг яхши усталарнинг етти мингдан ортиқ заргарлик, дўппидўзлик, сополчилик, миллий кийимлар, миниатюралар, чинни буюмлар, мусиқа асбоблари ва бошқа ҳунармандчилик ишлари ўрин олган экан. Мени ҳаммасидан ҳайратлантиргани ранго-ранг пештоқлар, салобатли устунлардаги ёғоч ўймакорлиги ишлари бўлди. Энг ажойиби, бундай бўртма, нақшинкор пештоқлар бизнинг Шаҳрисабз томонларда ҳали-ҳануз сақланиб қолган. Демак, бизнинг боболаримиз чин санъат шайдолари бўлишган, йўқса, бунчалик дид, гўзалликка қизиқиш қаёқда дейсиз?!