* * *
Бир хилқат излайман, хаёлий хилқат.
Кўзимга термулиб ўтирса кўзим.
Ҳою ҳаваслардан йироқроқ узлат,
Сўзимга эврилиб турса, бас, сўзим.
Дўст хиёнатидан ёқилган олов
Тафтида тобланиб турмаса ғаним.
Кўнгил маслагига қўйилган тушов –
Иблислар ҳамласи букмаса қаддим.
Бир хилқат излайман, хаёлий хилқат.
Еру осмон узра таралса ифор.
Товланмаса бунда сурату сийрат,
Ноҳақликдан юрак топмаса озор.
Бир хилқат излайман, хаёлий хилқат.
Эзгу ўйлар бўлса фақат ташвишим.
Суҳбатдошинг бўлса пок самимият,
Сўзланмаса сўзлар сохта, оташин.
Бир хилқат излайман, хаёлий хилқат.
Кўнгил тубидан-да чуқурроқ тилсим.
Излаб-излаганим биламан фақат,
Яратган амрида топиш, топмасим…
* * *
Ажиб ҳолат, ажиб мавҳумот
Оқиб кирар жисму қонимга.
Минг тилимга бўлинган юрак
Тегиб кетар энди жонимга.
Дарёдайин шовуллаб узоқ,
Ўз куйимга ўзим маҳлиё,
Оқаверсам, ўзаним бузмай,
Сув ташнага боқмай ҳам қиё.
Истакларим бўй чўзар кўкка,
Атроф жимжит, турибман танҳо.
Қадамларим бироз сусаяр,
Йироқлашиб кетади дунё.
Кимларгадир берган кўзларим,
Меҳрим... яна алланималар.
Ҳайрат билан боқади менга,
Юрак яна бир тилимланар.
Ўзим учун келар яшагим,
Шу орзу-ла банддир хаёлим.
Хотиржамлик оғушида маст,
У ёқ-бу ёқ босар оёғим.
Ўзим танҳо турган дунёга
Бир қуш учиб келиб йиқилар.
Ҳамма истак соврилар кўкка,
Яна қалбга олов ёқилар.
Кечир, қушим, ўзим бир фурсат,
Дардим билан бўлиб андармон,
Худбинликнинг этагин тутиб,
Сақлай дебман бу жонни омон.
Сенинг кўксинг яралаган мен,
Менинг лоқайд нигоҳим балки.
Учгил қушим, қанотинг бўлай,
Энди ерга сиғмайди илким.
Озорларинг меники бўлсин,
Андуҳларинг туйса кўксингни.
“Дунё маним” деганлар куйсин,
Ҳаловатим қолсин ўксиниб.
Учгил қушим, учавер қушим,
Ҳампарвозинг бўлиб мен учай.
Кўкнинг “буюк” ҳасратларини,
Бор вужудим билан мен қучай.
Энди юрак сарҳадларига,
Киролмайди у худбин ўйлар.
Оромларнинг тинчини бузиб,
Уйғоқ сўзим қўшиғин куйлар.
* * *
Сайқалланиб боради дунё,
Зеби рўйин кўз-кўзлаб узоқ.
Офтоб кўкка берай деб оро,
Сочларига солади тароқ.
Энди кунлар узайиб борар.
Фурсатингни шоширмайди қув.
Хаёлингни тарк этмай қўяр.
“Чил-чил синиб оқаётган сув”.
Дарахтларнинг тирқишларидан
Мўралайди осмон кўзлари.
Вужудимда ҳар бир ҳужайра
Ҳароратдан кетар тозариб.
Энди уйғоқ тонглар селига
Чўмилади жумлаи жаҳон.
Қалбда кадар яшаган жойдан
Бошланади ададсиз сайҳон.
Қоқ ўртада ягона дарахт
Ўсиб борар самога қадар.
Япроқлари – рангин капалак,
Қанотидан тўкилади зар.
Ажиб олам ҳайратларига
Лол қолади кўнгил чечаги.
Шу бугундан бошланар энди,
Тахайюлим янги чўпчаги...
* * *
Ёғаётган қордай хаёллар сочиқ,
Хотира қаърига қулаб бораман.
Тўсиқ йўқ, ҳамма эшиклар очиқ,
Вақт деворини шартта ёраман.
Ана, тор кўчада югуриб чопар
Хивич йўрғасида жажжи болакай.
Тўхтатиб бир нима сўрайин десам,
Тупроқнинг чангида кетди кўринмай.
Ҳой, шошма,
Соғиниб келдим, болалик.
Отингни бериб тур, битта минайин.
Бир муддат беғубор олам қўйнида
Кўкка ўрлаб ойдан бўса олайин.
Чанг-тўзон ичидан қайтиб чавандоз
Отнинг жиловини тутди қўлимга.
Шоша-пиша саман ёлини силаб,
Чуҳ дедим, қарамай ўнгу сўлимга.
Болалик шавқидан маст бўлиб учдим.
Сирлашдим қадрдон юлдузлар билан.
Ойнинг ёғдусида оламни қучдим,
Билдимки, улар ҳаммани соғинган.
Хаёлим завқини бузди бир маҳал
Қизимнинг овози – жажжи, беозор.
– Дадажон, юринг-чи, чана учтиринг,
Ташқарида ёғар сиз ёқтирган қор...
***
Йиллар қувар орт дан изма-из.
Йўл четида мушфиқ хотира...
Пешонага йўл солган чизиқ–
Манзилгача қиммат йўл кира...
* * *
Беғубор хаёллар, саркаш туйғулар,
Оғушидан кетгим келмайди сира.
Соғиниб яшайман сўнгги дамгача,
Болалик кўмилган жой, у – хотира...
Аъзам РАҲИМ