САҲНАДА СЕҲР БОР
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивали турли мамлакатлар театр арбобларининг руҳий-маънавий байрамига айланди, дунёнинг турли ҳудудлари ўртасида янгича маданий муносабатларнинг юзага келиши учун замин яратди, десак муболаға бўлмайди. Япониялик тирик афсона, таниқли театр режиссёри Тадаси Судзуки: “Театрнинг самарали ривожланиши тор доирадаги миллий ўзига хосликларни енгиб ўтиш, ҳатто театр мактабларининг услубларини фаол қовуштириш орқали амалга оширилади”, деганди. Эҳтимол, миллий театримизнинг келгуси ривожи ҳам айнан шунга боғлиқдир. Умуман, одамлар театрга нима учун келадилар? Назаримда, санъатнинг бу абадий ва гўзал соҳасида хизмат қилаётган ҳар бир инсон ўзига шу саволни бериши керак. Зеро, театр санъати туфайли инсон ўзини ва оламни тушунишга ҳаракат қилади.
Таъкидлаш жоизки, “Евроосиё” халқаро театр фестивали томошабинлар учун ҳам, театр намояндалари учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Янги спектакллар, режиссёрлар ва актёрларнинг изланишлари ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларнинг юзага чиқишига туртки бўлди. Мазкур муаммолар аксарият муваффақиятли ҳал этилаётгани ҳам кўзга ташланди. Бугунги театрда йўналишлар ва ўзига хосликлар ранг-баранг. Бу ҳолат, аввало, режиссёрлик ечимларининг, жанр ва услубларининг хилма-хиллигида кўзга ташланади.
Аввало, саҳнавий ечимда нима ва қандай ўзгараётгани, яъни режиссёрлик тафаккуридаги ўзгаришларга тўхталиб ўтсак. Режиссёр ниятининг амалга ошиши бугунги кунда, асосан, техник янгиликлар, асбоб-ускуналарга боғлиқ. Театрга ёритиш бўйича постановкачи рассом атамаси кириб келганига анча бўлди. Албатта, театрга янги техник ёритиш услуби зарур, лекин режиссёр тафаккурининг ўсиши фақат бу билан белгиланмайди. Ўйлашимизча, театрда саҳна асари яратишдан олдин саҳна ифодавийлигини яратишнинг анъанавий ҳамда янги воситаларини яхши билиш зарур. Масалан, Қозоғистон ёш томошабинлар театрининг “Қоракўз” (режиссёр Фарҳад Молдағали) спектаклини олайлик. Режиссёр мураккаб бўлмаган драматургик материалдан, Мейерхольд ёзганидек, “асардаги сўзларни силкитиб ташлаб, пластик ва пантомима ҳаракатларининг аниқ кўринишини сақлаб қолган ҳолда” ўзига хос янгича саҳна талқинини яратишга муваффақ бўлган. Режиссёр топган ўзига хос ифода воситалари, пластик унсурлар, жисмоний хатти-ҳаракатлар жавобсиз муҳаббатнинг фожиасини, яхшилик, ғамхўрлик каби оддий инсоний ҳиссиётлар ҳимоясини очиб беради.
Таъкидлаш жоизки, кўрикнинг асосий мавзу йўналиши бўлмиш армонга айланган муҳаббат қиссаси ҳеч қандай ташқи ва ички тазйиқсиз, кутилмаганда юзага қалқиб чиқади. Асар драматургияси айнан мазкур ҳал қилувчи тушунчалар асосига қурилган. Асосий эътибор севгига, бир-бирига боғланиб қолиш, интилиш, самимиятга қаратилган. Профессионал жиҳатдан пишиқ ёзилган асарларда ҳамиша томошабинни жалб этувчи, уларни кучли драматизмга бой, мураккаб вазиятлардан қутулиб чиқишга ҳаракат қилаётган қаҳрамонларга ҳамдард бўлишга ундовчи кучли эмоционал туртки бўлади. Ҳолатлар томошабинни сеҳрлаб қўяди, уни воқеаларнинг ҳаққонийлигига ишонишга ундайди. Аслида театр моҳиятига кўра воқеликнинг хаёлий кўриниши бўлиб, томошабин кўнгилли равишда шу олам ичра шўнғийди, айнан мана шу олам томошабинни кулдиради, йиғлатади ёки хаёлот оламига етаклайди.
Муҳаббат мавзуси ҳамиша режиссёрларни ўзига тортиб келган. Шу маънода таниқли режиссёр Олимжон Салимов Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” асаридаги вазиятлардан драматизм манбаларини, психологик нуқталарни излайди. Уни севгининг пайдо бўлиши, самимий ҳиссиётлар, севиш нималигини ҳис этиш, севишга қодир бўлиш, аҳдига содиқликни тушуниш масалалари қизиқтиради. Спектакль воқеалари севги йўлида қурбон бўлишга тайёр ёш қаҳрамонлар образларини ижро этаётган актёрларнинг ички эҳтирослари билан тўйинган ҳолда аста-секин ривожланиб боради. Бироқ саҳнани техник жиҳатдан ёритишдаги муаммо ҳамда ҳурматга сазовор икки оила – Монтекки ва Капулеттилар оилалари ўртасидаги кучли душманлик ҳамда адоватнинг сабаби қаерда, ёш севишганларнинг ўлимига ким сабабчи эканига жавоб йўқлиги спектаклдаги ҳаққонийликни сусайтиради.
Агар режиссёр тафаккури театр декорацияси орқали ифодаланадиган бўлса, унда мазкур спектаклнинг ғоявий-бадиий мақсади образли ифодаланиши зарур. Шу ҳолатни биз Қорақалпоқ ёш томошабинлар театрида режиссёр Султонбек Қаллибеков томонидан саҳналаштирилган “Қўрқут ота” (муаллиф – К. Иманалиев) спектаклида кузатдик. Имкон қадар кам деталлар билан безатилган саҳнавий маконда муҳаббат билан ижод қилиш имкони мавжуд. Режиссёр Уланмирза Каримбаевнинг “Умут” (К.Иманалиев) моноспектаклида ажойиб актриса Н.Мамбетова она образини ишонарли, табиий, психологик жиҳатдан заргарона талқин қиларкан, онанинг ўғлига бўлган садоқатли муҳаббатини моҳирона кўрсата билади. Актриса образни энтикиш билан, бўлаётган воқеаларга табиий равишда кескин муносабат билдирган ҳолда ижро этади.
1967 йили драматург Л.Зорин томонидан ёзилган “Варшава оҳанглари” пьесаси бугунги кунда ҳам томошабинларни ҳаяжонга солиб келмоқда. Минск драматик театрида режиссёр С.Куликовский саҳналаштирган мазкур пьеса фикримизнинг далилидир. Икки инсоннинг мураккаб, ноодатий, ўзига хос тақдири акс этган мазкур асар ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида саҳнадан тушмай келади. Мураккаб шароитга қарамай, бир-бирини севувчи икки инсон ўзларининг романтик, оташин, жўшқин муҳаббатларини сақлаб қолиш учун ҳаётларини ўзгартира олмадилар. Режиссёр ортидан борган актёрлар машҳур саҳна образларини такрорламаган ҳолда ўзларининг севги тарихларини яратадилар. Актёрлар қаҳрамонлари образини режиссёр томонидан белгиланган икки томонлама аниқ хатти-ҳаракат ва олдиларига қўйилган вазифаларни бажариш орқали талқин қиладилар. Туркман драматик театрининг “Ҳаёт дарахти” (режиссёр Э.Ишонгулиев), Тбилиси ёш томошабинлар театрининг “Тун ва тўтиқуш” (режиссёр Д.Хвтисиашвили) спектакллари кучли муҳаббат билан суғорилган. Бироқ, ўрни келганда, мазкур спектаклларда актёрлар асосланмаган, қаҳрамонларнинг ички кечинмалари билан оқланмаган ортиқча эмоционалликка берилганларини айтиб ўтиш жоиз.
Тожикистоннинг Рус драматик театрида саҳналаштирилган “Умар Хайёмнинг тазарруси” (режиссёр Б.Миралибеков) ва Санкт-Петербург шаҳри Васильев оролчаси театрининг “Узоқ давом этган Рождество тушлиги” (режиссёр Р.Уранов) спектаклларига алоҳида тўхталиш зарур. Ҳар икки спектакль саҳна тилининг ўзига хос услуби ва маъно йўналишидаги ўхшашлигига кўра эътиборни тортади. Биринчисида буюк шоир ҳаёти ҳақида эпик саж жанрида шошилмай ҳикоя қилинса, иккинчисида эса, томошабин рамзлар орқали кескин ўзгаришлар акс эттирилган истеҳзоли фарс жанридаги томошанинг гувоҳи бўлади. Спектакль услуб жиҳатидан айричалигига қарамай, улардаги мантиқий йўналиш ягона, яъни инсон бу дунёга нима учун келади, нима учун бутун умрини бетиним ҳақиқат излаш билан ўтказади, деган саволларга жавоб изланади. Кези келганда, спектакллар чўзилиб кетганини, оқибатда темпоритмнинг сусайганини, пластик қайтариқлар кузатилишини таъкидлаш жоиз. Асосийси, мазкур спектаклларда аниқ ғоявий йўналиш, яъни спектакль нима учун қўйилган, деган саволга жавоб йўқ.
Фурсатдан фойдаланиб, баъзи тилакларни айтиб ўтмоқчи эдим. Бундан буён дунёнинг етакчи режиссёрлари, Россия, Англия, Япония каби мамлакатларнинг саҳна усталари иштирокида маҳорат дарслари ўтказиб турилиши лозим. Шунингдек, “Театр саҳнасида миллий ва жаҳон классикасининг муҳимлиги” шиори остида ёш режиссёрлар лабораториясини ташкил этиш зарурати мавжуд. Зеро, бу йўл ёш ижодкорларнинг томошабинни тўлқинлаштирувчи, психологик мураккаблиги жиҳатидан аҳамиятли спектакллар яратишида муҳим роль ўйнаши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, турли услубий йўналишлар ва жанрларда яратилган спектакллар кўриги ҳар бир спектаклнинг мустақиллиги ва очиқлиги билан боғлиқ асосий принципларнинг муҳимлигини мустаҳкамлади. Даврларнинг, маданиятларнинг ўзаро шиддатли таъсирини, турли халқлар маданиятларининг ўзаро бойиш жараёнларини намоён этган мазкур фестиваль театр санъати учун ҳеч қандай чегара йўқлигини яна бир бор намоён этди. Муҳими, спектаклларда асосий мағзи севги, ишонч, холислик ва умуминсоний қадриятлар бўлган актёрликнинг ҳамда театр санъатининг мўъжизакор кучи мавжуд.