July 9, 2023

ИЖОДНИНГ ШИРИН АЗОБЛАРИ

Қашқадарёнинг сўлим гўшасида туғилиб, тоғлару сойлар руҳидан баҳраманд бўлиб вояга етган, эл меҳрини, Ватани тарихи ва бугунини куйлашга қодир қалб билан қўлида қалам тутган ҳассос адиба Шарофат Ашурованинг айни дамгача чоп этган асарларини ўқиб, адибанинг руҳий дунёсини тушуна билиш учун ҳам ҳадсиз билим, ҳар бир асарини китобхон учун янги дунёларга эшик очиб берадиган олтин калитга қиёс этдим.

Кўҳна Насафнинг маънавий илдизлари ҳақида гап кетганда шу заминда ­бунёд бўлган маданий марказлар, ҳадис ва фиқҳ мактаблари, исломий обидаларимизга тўхталиб ўтмасдан бўлмайди. Бои­си, Насафнинг бағрида туғилиб, вояга етган ҳар бир улуғ зотнинг фаолияти бугунги кун авлодларининг тақдири билан чамбарчас боғлиқдир. Кўплаб тарихий асарлар муаллифи Шарофат Ашурова ана шундай тарихий сиймоларимизни, муҳташам тарихимизни, унутиб бўлмас қадриятларимизни бадиий адабиётга олиб кирган таниқли ижодкорлардан.

Шарофат опа ўз овози, ўз услубига эга қалам соҳибасидир. Адиба хонадонида меҳмон бўлган киши дунё ташвишларини унутиб, қадим тарихимизга, улуғ пирларимизнинг покиза оламларига саёҳат қилади. Ҳаётимизга гоҳ яқин, гоҳ узоқ туюлган мўъжизавий ҳақиқатлардан хабардор бўлади, завқланади, фахрланади, ўйга толади, руҳи уйғонади. Адибанинг киши кўнглига файз бағишлайдиган, қадимий китобларга, қўлёзмаларга бой маърифатли хонадонида бўлганимда ижоднинг ширин азобини туйган қалам соҳибасининг сирли оламини кашф қилдим.

Айни кунга қадар адибанинг “Қусам шайх” романи, “Илоҳий тун”, “Жарчилар қисмати”, “Сабр султони”, “Бир кашта қисмати”, “Пойга” каби қиссалари, “Дўмбира”, “Жаннат шамоли” каби ҳикоялар тўпламлари, “Насаф муқарнаси”, “Мерос абадияти”, “Маънавият жавоҳири”, “Яхшилар тажаллиси” тарихий-публицистик тўп­ламлари чоп этилди. Бевосита унинг ташаббуси билан 2016 йили Чироқчи туманидаги “Мирзаёр халифа”, “Кўк тўнли ота”, Қарши шаҳридаги “Ҳазрати эшон”, “Мушкул она” каби зиё­ратгоҳлар кашф этилган бўлса, 2017 йили Қарши шаҳридаги “Шарофбой”, “Абдуллахон”, “Қиличбой”, “Бекмуродбой”, “Хўжа Қурбон” мадрасалари тарихи тадқиқ этилган. Ушбу мажмуалар қошида маърифатхоналар очилишида адиба фаол иштирок этиб, “Хўжа бош ота”, “Кўктўнли ота”, “Тутак ота”, “Арс­лонбоб ота” каби тарихий жойлар ҳақида китоблар ҳам яратди.

Илк ёзилган ҳикояларини ўқиган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ёшгина ёзувчи ижодига шундай баҳо берган эди: “Ўзбекнинг миллий маданияти водийдан бошланган деб юрардим. Шарофатнинг илдизи чуқур ҳикояларини ўқиб, дунёнинг яралиши Қашқадарёдан бошланганми, деб ўйлаб қолдим”. Устоз адиб Асқад Мухтор ҳам адиба ижодини ўз битикларида тилга олган: “Қашқадарёлик ёш адиба Шарофат Ашуровани шахсан танимайман, аммо ҳикоя­ларидаги ўзига хослик мени ҳайратга солди. Инсон тақдирини осмон жисмларига боғлаш илмини “Тўғал” ҳикоясида гўзал бир тарзда ёритган. Адибанинг ижодини янаям чуқурроқ, кенгроқ таҳлил этиш лозим.

Иқтидорли адиба Шарофат Ашурованинг “Тўғал” ҳикояси чорвадорлар ҳаётининг ўзига хос деталлари, экзотикаси билан бойитилган. Сюжет оддий: Абдишукур бобонинг келини бева қолган, аммо кетказгиси йўқ, лекин Сайгул ёш, нима қилсин? Кетадими-кетмайдими, биз билмаймиз, аммо бу ҳолатнинг психологияси тўла-тўкис берилган. Тил, ҳолат, тасаввур жуда халқчил. Аза жойини қисқартириш мумкин. Биргина ҳикояда чинакам ижодни кўриш мумкин”. Бундай эътирофлар ва эътиборли фикрлар Шарофат Ашурованинг бугунги кунда ҳам қаламини қўлидан қўймай, даврнинг шиддаткор руҳига муносиб ижод қилишига рағбат бергани асл ҳақиқатдир.

Хонадонидаги суҳбатларимизнинг бирида Шарофат опа илк бора маҳзун ҳолда кўнглини очганди:

– Таниқли устоз ижодкорларнинг эътирофларини эсласам, қалбим ғурурга тўлиб кетарди. Бироқ шу қувончлар ичида юрагимни ўртаган шахсий изтиробимнинг ҳам чеки йўқ эди. Чунки биз фарзандсиз эдик. Фарзанд тилаш мақсадида Аҳмад Яссавий ҳазратларининг пойига (1983 йилда) зиёратга борганман. Бу ерга ўша пайтда зиёратга кам келишар экан, борганлари ҳам ўзимизнинг юртдошларимиз. Худога илтижо қилиб, тилагимни сўраб ўтирсам, бир қозоқ кампир атрофимни айланиб ўтди. Менинг аҳволимга ачинганидан ғуд­раниб кетди:

– Ув, бунча куйинчак бўлмасанг, ана у жоқда яна бир Ойбек деғонлари яшағон, “Навоий” деган роман ёзаман деб қайнотасининг эшигида юраркан, – деди.

– Саидносирхон эшоннинг уйлари яқинми, – деб сўрадим.

– Тилинг бор эканғуй, ҳа, эшоннинг куёви Ойбек, ана у жайда жашаған...

Кетишимиздан бир кун аввал қозоқ кампир кўрсатган манзилга бордим. Эшоннинг ҳовлиси қанақадир етимхонами, боғчами бўлган чоғи, оқ ҳалатли аёллар нариги томонларда ивирсиб юрибди. Мен эса ўша замонлардан қолиб кетган, илгари анча эътибор билан қурилган бўлса-да, ўтирғичлари қийшайиб қолган айвончага бориб ўтирдим. Қанча ўй суриб ўтирганимни билмайман, ажриқлар орасидан бир қаламнинг кети кўринди, пайпаслаб, уни олдим. Қалам яримлаб қолган, аммо орқа томони роса тишлаб ташланган. Тошкентга қайтиб, суриштирсам, Ойбек домланинг ҳовли-уйлари биз яшайдиган маҳаллага яқин экан. Бир куни қаламчани қўлимга олиб, устознинг хонадонига бордим. У ерда бир давра олимларни учратдим, яна бир қанча ижодкорлар ва Ойбек домланинг аёли, профессор Зарифа Саидносирова билан танишдим. Сўнгра, холи қолганимизда қаламни кўрсатган эдим, Зарифа опа ҳайрон бўлиб:

– Ростдан ҳам Ойбек домлангизнинг қалами-ку бу қалам, – деди ажабланиб. – Ўчириб ёзишга ўнғай бўлсин учун қаламдан фойдалангач, ўй суриб ўтирганларича, қаламнинг орқа тарафини чайнаб ўтириш одатлари бор эди. Бунда ҳам бир ҳикмат бор, албатта, қизим, ҳали ёш экансиз, устозингизнинг йўлини берсин, Ойбегимнинг ижод йўлини тилайман, – дея дуо қилди.

Шарофат опа “Олтин мерос” жамғармасининг Қашқадарё вилояти бўлими раиси сифатида ёшларга ва ижодкорларга кўмак бериб келмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибанинг “Сайланма” ҳикоялар тўплами нашрга тайёрланмоқда. Мен эса адибанинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган эсселар тўп­ламини яқинда нашриётга топширдим. Янги асарларини ўқишни кутаётган китобхонларимиз номидан таниқли адибамизга тилагимиз шу: Сизни халқимиз, кўп сонли мухлисларингиз меҳри ҳеч қачон тарк этмасин.

Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира