ОТА “ТАХТ”ИДАГИ ЎҒИЛ
Тошбой устоз хонтахтада мук тушиб, эртанги дарсга тайёрланганда олдида бир уюм китоб бўларди. Беш-олти ёшлардаги Раҳматулла отаси хонадан чиққач, хонтахтага яқинлашар, китобларни варақлар, ёзувларини кўздан кечирарди. Одатда, бу китобларда қизиқ расмлар бўлмас, шакллар, график чизиқлар эса болани ҳар қандай суратдан кўра кўпроқ ўзига мафтун этарди. Эҳтимол, отажонининг соатлаб шу варақларга термулиб ўтиргани, сатрлар орасидан нималарнидир излагани, излаганини топганида чеҳраси ёришиб кетгани болани қизиқтириб қолганди ва отани шунчалик боғлаб қўйган сеҳрни англашга интилгани унинг пешонасига ёзилган аъмол эканми, шу тақдир йўлидан кетди. Ўзига ва ўзгаларга талабчан, машҳур математика ўқитувчиси Тошбой Каримов етти фарзанди орасидан шунисининг педагогликка қобилияти борлигини сезди ва мактабни битириш палласида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Алоқа институтига кириб ўқисамми? – Сукунат чўкди, ота индамади. Бола истиҳола билан давом этди: – Математика ўқитувчиси бўлсамми...
Ота чуқур сўлиш олди. Салмоқлаб гап бошлади:
– Математика ўқитувчиси... Бу соҳани танласанг, оч ҳам қолмайсан, тўқ ҳам бўлмайсан. Бировга қарз ҳам беролмайсан, қарздор ҳам бўлмайсан.
Шундан кейин ҳаёт тажрибаларидан келиб чиқиб, бироз насиҳат қилди. Рости, отанинг дили ёришиб кетган, изидан келаётган навқирон кучни кўриб, очган сўқмоғини бегона ўтлар босмаслигига, у қазган ариқ тўлиб оқишига ишонган эди. Ота учун бундан ортиқ бахт борми?!
Хотираларда таъкидланишича, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Тошбой Каримов ҳақиқий ўқитувчи тимсоли бўлган.
У математикадек инжиқ, қийин фанни ўқитишнинг устаси эди. Албатта, бу муваффақиятнинг сири ҳақида узоқ мулоҳаза юритиш мумкин, лекин бор гап шуки, унинг бу борада йиққан “бойлиги”ни ўғил яна ҳам бойитиб, шогирдларга етказа олди. Худди “Устознинг фаолияти тугаб, шогирднинг йўли муносиб давом этса, кашфиёт юзага келади” деганларидек, Раҳматулла Каримовнинг устозлик йўли чинакам кашфиёт бўлди. Бу бежиз эмас, чунки унинг илдизи, замини бор эди.
Раҳматулла устоз ҳамон ўзини отасидан қарздор деб билади. “Отамни соғиндим” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади: “Отажоним! Ёзаётганингизда чап қўлингизнинг уч ёки тўрт бармоғини пешонангизга қўйиб, чуқур фикр билан ўтиришларингизни, математикадан мавзуларни қийинчиликсиз ёритиб беришларингизни, “Раҳмат, мана бу масалани қандай ҳал қиласан?” деб сўроққа тутишингизни, ўз ўрнида шошилиб, таҳоратга боришларингизни, жойнамоз устида Яратганга ибодат қилиб, кичкинагина бўлиб ўтиришларингизни, эътиқод билан ёқимли тиловат қилишларингизни соғиндим”. Ёши етмишни қоралаб қолган одамнинг отасига меҳрини қалбида гўдакдек асраб юргани сири нимада экан? Буни тушуниш учун болалар оламида умри кечаётган бу зотнинг ҳаёт йўлларида ёруғ из қолдирган босқичларни эслаб ўтиш жоиздир.
– Олий ўқув юртини битириб, ўзим ўн йил ўқиган 136-мактабга йўлланма олдим. Бу таълим масканида ҳамма таниш, отамнинг кимлигини яхши билишади. Шу туфайлими, мени илиқ қабул қилишди. Мактабдаги муҳит мени қайта тарбиялади, – дейди Раҳматулла ота. – Жамоа менга кўп нарсаларни ўргатди. Бу даргоҳдаги фаолиятим ўқишимнинг давоми бўлди десам, янглишмайман. Шунинг учун мен ўқитувчи бўлиш учун 22 йил ўқиганман, деб баралла айтаман.
Мактаб ҳаётида турли ислоҳотлар қилиш мумкин, аммо ўқитувчи ўзгармаса ҳеч нарса ўзгармайди. Ўқитувчилик, биринчи навбатда, фидойилик, шоир айтанидек, “ўзи ёниб, бошқа дилларни мунаввар қилиш”. Агар у ёнмаса, кўнгиллар зулмат ичида қолаверади. Отанинг фарзандлари сирасидан уни танлаганида, айтган панд-насиҳатларида чуқур ҳикмат яширин эди. Раҳматулла фидойиларча ишлади ва 32 ёшида “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” бўлди.
“Математика – ақл гимнастикаси”, деган эди машҳур математик Лобачевский. Ақл эса, мия фаолиятининг маҳсули. Қайси организмга юклама бўлмаса, у ривожланмаслиги оддий биологик ҳодиса. Демак, математикани ўқитишга мажбурий эҳтиёж бор. Аммо уни ҳамма ҳам тўла ўзлаштиролмайди.
– Синфдаги неча фоиз боланинг математикани тўла ўзлаштириши меъёрий ҳол ҳисобланади?
– Кўпи билан 60-70 фоиз. Қолганлари, шубҳасиз, арифметик амалларни билади, – дейди. Бироз мулоҳазадан кейин: – Лекин ҳаммаси ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. “Рақамлар, бу – мусиқа”, деган гап бор. Ўша мусиқани топа билиш муҳим. Тасаввур қилинг: зерикарли дарс кетаяпти, болалар чарчаган. Бирдан шеър янграб қолади: “Кўп жаҳонгир кўрган бу дунё...”. Ёки “Ўхшаса, ўзига ўхшайди ўзбек...” Шеър янграши билан болалар бир-бирини туртиб, ҳушёр торта бошлайди. Шунда ақлий фаолиятни кучайтириш учун ҳис-туйғу кўмакка келган бўлади.
“Боланинг дарсни фаол қабул қилиши 15 минутдан ошмайди, кейин чарчай бошлайди, – деганди ота. – Сен 45 минут тинимсиз жаврама-да, болани руҳан тайёрлаб, мавзунинг мағзини 10-12 минутда етказиб бер. Шунда бола эркин қабул қилади”.
О, ота ўгитлари! Ўзига осон бўлгандир, аммо бу талабларни амалиётда қўллаш осон эмас. Дарсликларда мавзу юзасидан 50 фоиз маълумот бўлиши мумкин, шунингдек, унда ўқувчига етказиш услубияти акс этмаган. Шунинг учун ҳар бир дарсга тайёргарликсиз кириб бўлмайди. Ота юзинчи марта шу дарсни ўтаётган бўлса-да, “А” ёки “Б” синфнинг хусусиятига қараб, ҳар доим услуб ҳақида бош қотирарди. Раҳматулла Каримов ҳам шундай қилади, бу ота ўгити.
У меҳнат қилаётган математикага ихтисослашган 81-мактабда 1700 нафардан зиёд бола ўқийди. Билим юрти биноси тўрт қаватли, жиддий таъмирдан чиққан, ҳатто деразалар театр ложаларидек гардиш билан безатилган.
– Мактаб биносини бир собиқ ўқувчи ўз маблағидан таъмирлаб берди, – дейди Раҳматулла ака ғурур билан. – Ҳатто томини тунука билан қоплади, дарахт, гул кўчатларини ҳам келтирди. Ҳа, ўз маблағидан қилди.
Кўп учрайвермайдиган ҳолат, ҳолбуки, шаклланиб келаётган янги авлоднинг ўз дунёқараши, ҳаётга муносабати бор. Улар дунё кўрган, яхши-ёмон билан обдон таниш.
– Севимли ўқувчиларимдан бирининг ишлари юришиб кетди, – дейди устоз давом этиб. – Бир кун қаттиқ илтимос қилиб қолди: “Сизни салқин бир пайтда (чунки соғлиғингизга тўғри келмайди) умра зиёратига юбораман, йўқ демайсиз”. Лол бўлиб қолдим, “Нима деяпсан? Имкониятим бўлганда ўзим бориш ниятим бор”. “Йўқ, хижолат бўлманг, мен ният қилганман. Кеннойим билан бирга борасиз”. Бошим осмонга етгудек бўлди. Ўқувчим айтганини қилди, ҳатто йўл харажатини ҳам берди.
Мана, жамият мактаб тимсолида нимага интилмоқда?! Мактаб ҳаётга чинакам инсонларни етиштириб бермоғи даркор, шунда оламшумул режалар ўз-ўзидан амалга ошади. Бу даргоҳнинг синоатлари кўп.
2019 йили уни ҳозирги мактабига ўтиб ишлашга таклиф қилишди. Бу даргоҳда отаси ишлаган. Фақат битта шарт билан ўтишини маълум қилди: “Отамнинг хонасини берасизлар”. “Бу йил иложи йўқ, бошқа мақсадга мослаштирилган экан. Лекин келаси йил таъмирлаб берамиз”, дейишди.
– Сиз билан отам ўтирган курсида ўтириб гаплашаяпман, – деди устоз теран ички мамнуният билан. Инсон қалби, унда қандай туйғулар кечади?! Балки ана шундай оқибатли одамларни тақдир ҳам эъзозлайди.
Бу даргоҳда кам бўлмади, меҳнатлари эътироф этилди, қадр топди. 1999 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. 2015 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони ва ниҳоят, 2021 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” бўлди.
– Мансабнинг, унвоннинг кетидан қувмадим, фақат ишладим, қаттиқ ишладим. Отам машина минмаган эди, мен ҳам машина ололмадим. Шукур, ҳозир ҳаммаси яхши, ўғлимда, келинимда машина бор. Ҳаммаси вақти-соати келиб бўларкан.
Раҳматулла Каримов даврга ҳозиржавоб устозлардан. Отаси 70 ёшгача мактабдан қолмади, фарзандлар “дам олинг” деса ҳам унамади. Етти ўн йилликни тўлдирган куни эса ўзи ариза ёзиб, кетди. Ҳаммасини ўғлига қолдирди. Отанинг эзгу амаллари давом этди, давом этаверади, чунки бу дарахтнинг томири анча чуқур илдиз отган, шохлари эса сермева.