August 24, 2023

ЁДГОРЛИК

Сулаймон УСАЙНОВ, Озарбайжон

(ҳикоя)

Жаҳон хоним биринчи қаватнинг зиналаридан энди чиқа бошлаган эди ҳамки, бирдан нафаси қиса бошлади. Деворга суяниб, чийиллаган овозда қичқирди:

– Музик!..

Уч йилдан бери бу овозга ўрганиб қолган қўшниларнинг ҳеч бири қизиқсиниб, ташқарига қарамади. Учинчи қаватдаги “М.Гулвердиев” деган ёзувли биргина эшик тўсатдан очилиб, пижамада Мазандали кўринди ва кўз очиб юмгунча Жаҳон хонимнинг олдида пайдо бўлди.

– Э-э, етим, қаердасан? Мен ўлаяпман, кўрмаяпсанми?!

– Йўқ, йўқ, бундай дема, менинг қушчам, сен ўлмайсан.

Бу сўзлар билан хотинининг кўнглини кўтариб, қўлтиғидан олган Мазандали унинг юқорига чиқишига ёрдам берди. Аслида Мазандали буларнинг ҳаммасига ҳайрон эди. Ахир ундан, шундай озғин, нимжон одамдан бу йирик, тўладан келган аёлга қандай ёрдам тегиши мумкин? Бироқ у ғинг демади, ичида ҳайратланиб қўйди, холос. Эътирозга умуман ўрин йўқ эди. Чунки балога қоларди!..

Жаҳон хоним эса, худди аксига олгандек, агар Мазандали уйда бўлганида тушиб ёрдамлашмаса, учинчи қават у ёқда турсин, уч зинапояга ҳам кўтарилишни хоҳламайди. Чунки у шунга ўрганган. Ҳамда, унинг ўзи айтганидек, юраги хаста эди. Мазандали уни қўлтиқлаб олганида, вужудига куч-қувват қуйилганини сезарди. Ўн пудли гавда нозик қушга айланарди....

Жаҳон хоним кирган заҳоти, ўзини оромкурсига ташлади. Хонимнинг оғирлигидан оромкурси аянчли ғичирлади, лекин бу сафар ҳам дош берди, сочилиб кетмади. Бир зумда Мазандали келтирган бир стакан сувни ичиб, чуқур нафас олди. У Мазандалига бошдан оёқ такаббурона нигоҳ билан разм солди ва босиқлик билан деди:

– Эээҳ, етим…

– Нима бўлди, жонгинам?

– Наҳотки, сен ўлгансан? Наҳотки, мен эрсиз қолганман?

Мазандалининг кўзлари пешонасига чиқди.

– Худо кўрсатмасин, нималар деяпсан, хотинжон? Мана, мен сенинг рўпарангда, барча буйруғингни бажаришга тайёр турибман-ку! Агар бу ҳақиқат бўлмаса, нариги дунёга менсиз кетасан! – бу сўзлар билан у ўзини бироз зардаси қайнагандай қилиб кўрсатиб, лабларини чўччайтирди.

– Бошқалар хотинлари учун не кўйга тушмайди, сен эса ҳар хил бўлмағур нарсаларни гапирасан.

Мазандали гапнинг давоми борлигини, Жаҳон хоним ҳужумга ўтмоқчи­лигини сезди.

Хотинини тинчлантира бошлади:

– Жаҳонойим, жоним, бунчалар таш­виш­ланма. Нима бўлди ўзи, очиқроқ айтсанг-чи?!

– Бўлади, сенга айтсам! Яна бир қирғин, дунёнинг яна бир охири чунонам бўладики!

– Ҳеч нарсани тушунмаяпман! Нима юз берганини айтиб бера оласанми?!

– Яхшиси айт-чи, марказий қабристонга борганмисан?

– Қаер?! Қабристон?! Агар адашмасам, тахминан ўн йил олдин. Хўш, нима бўпти?

– Ҳа ... бундан чиқдики, сен ҳаётдан орқада қолибсан-ку, эржон?! Мен ҳозиргина у ердан келдим. Худо марҳумларни раҳмат қилсин! Гулбодомнинг қайнонаси оламдан ўтди. Ана қабристону мана қабрис­тон! Нақ жаннат гўшаси! Мармар ёдгорлик­лар, қабр тошлари, мевали ва манзарали дарахт­лар кўзни қувнатади. Сув кранлари ва қабр­лардаги панжараларни айтмайсанми?! Ҳар кимнинг ўз ўрни бор у ерда. Ҳатто тирик ва соппа-соғ одамлар ҳам борки, ресторанларда кайф қилишади, боғларда айланишади, лекин ўзлари, хотинлари, болалари, невараларию эваралари учун ярим гектар майдонни эгаллаб олишган, шунинг учун ўлганларида жой қидириб, азоб чекишмайди. Ҳа-а, бу ҳақда гапирсам адоғи йўқ. Энди бўлса, жамғарма банкига югур.

– Нега?

– Чунки тош сотиб оламан.

– Севгилим, қанақа тош?

– Қайтишда бир дугонамни учратдим. Вазир муовинининг хотини Белани. Қаёққа кет­япсан, дедим. Айтдики, ёнларида бир армани уста яшаркан, қўллари нақ олтинмиш, азбаройи худо. Бир ҳафта олдин, дейди у, менинг Қулжоним мен учун бир минг беш юзга тош буюрди, бугун у тайёр бўлиши керак. Қандай чиққанини кўриш учун кетяп­ман. Агар хоҳласанг, мен билан юр, ёқса, сен ҳам ўзинг учун буюртма берасан. Шунда ўйладим, худо менинг Музикимни асрасин, нега қўрқишим, қандайдир пул ҳақида ташвиш чекишим керак, ахир у ёнимда-ку. Бирга борақолдим. Қойил, Музик, бу ярамас уста ўлгур тошдан Беланинг ўзидан юз марта яхши нарса яратган. Нимасини айтасан, менга жуда ёқди. Унинг яна бир дона тоши қолибди. Тош эмас, марварид! Фақат мен учун. Шартта буюрдим. Икки минг икки юз деди, зўрға икки мингга кўндирдим. Аммо пулни зудлик билан бериш керак. Акс ҳолда, тош қўлдан кетади.

Шу пайт игна устида ўтиргандек бир аҳволда хотинини тинглаётган Мазандалининг сабр косаси тўлди:

– Хўш, у қанақа тош, ниҳоят менга айтасанми?

– Қабр тоши.

– Нима?! Қабр тоши?!

Мазандалининг эти жунжикди.

– Ким учун?

Жаҳон хоним қаҳрли назарини унга санч­ди:

– Қўрқма, етимгина, мен буни ўзим учун оламан.

– Ўзинг учунми? Ўлдингми?

– Сен шуни хоҳлайсанми?

– Йўқ, албатта, йўқ. Сўрадим, холос. Яъни…

– Нима демоқчисан? Сенингча, мен боя­дан бери одамлар тирик чоғида қабрис­тондан жой эгаллаши, уни ўраб олиши, бунинг учун қиёмат қойим қилаётганини айтдимми ёки эшакнинг қулоғига танбур чертдимми? Нима, шундай воқеалар содир бўлаётган бир пайтда мен ўзим учун лоақал қабр тоши ясаттира олмайманми? Агар билсанг, бугунги эркакларга ишонч йўқ. Сен ҳам ўтакетган зиқнасан, мен учун қабр тоши қўйишингга ишониш қийин.

Мазандали бироз тинчланса-да, кўнг­лида хотинининг сўнгги сўзларига рози бўлса-да, лекин тош сотиб олишдан ҳеч қандай маъно тополмади. Биринчидан, қабр тошлари учун бу ақл бовар қилмайдиган нарх. Иккинчидан, Жаҳон хоним нега бунча шошмоқда? Пулни қачон беришнинг нима фарқи бор? Дунё эртага остин-устин бўладими?

Жаҳон хоним эса, буни тош ғайриоддий, тўғрироғи, қора мармарлиги билан изоҳлади. Бу жуда ноёб, сен уни дуч келган жойда кўрмайсан, деди. Умуман, Жаҳон хоним қаёқдаю, Бела қаёқда?! Агар Жаҳон хонимни торозининг бир палласига қўйсанг, иккинчисига беш Белани қўйиш керак бўлади. Жаҳон хоним айтганидек, қандайдир фарқ бўлиши керакми ёки йўқми? Энди, охирги масала, нега бунчалик шошилинч? Жаҳон хоним аниқлик киритди: Эдик оиласини Бокудан Ереванга кўчираётгани сабабли, у энди буюртмалар қабул қилмайди. Бу унинг охирги иши. Агар сен пулини берсанг, унда бизнинг тошимиз учди, куйди, йўқ бўлди. Чапак чалиб қолаверасан. Кейин кундузи чироқ ёқиб ҳам на Эдикка ўхшаган устани, на тошни топасан. Шаҳар ўлимидан анча олдин унга тайёргарлик кўрадиганлар билан тўла. Шундай қилиб, азизим Музик, вақтни беҳуда сарфламай, оёғингни қўлинг­га олиб кассага уч ва пулни келтир.

Қарор қабул қилинди, ҳукм ўқилди, Мазандалига “Хўп бўлади, бош устига!” дейиш қолди. Жаҳон хоним қарор қабул қилдими, бас, қулоқ қоқмай бажаришга мажбурсан. Бўлмаса, нариги дунёга равона бўлишинг нақд.

Ярим соат ўтди. Жаҳон хоним эшик қўнғироғи чалинганда қабр тошидаги ёзув­ни ўйлаб ўтирарди. Остонада турган Мазандалининг ғамгин, ҳорғин қиёфасидан Жаҳон хонимнинг юраги товонига тушиб кетди:

– Нима?! Нима бўлди?!

– Жаҳонойим, касса бугун ишламаяпти!

– Во-о-й-й?!

Жаҳон хоним шундай чинқирдики, Мазандали турган жойида сапчиб тушди. Яхшики, Жаҳон хоним оромкурсига ета олди. Бироқ у ўтириши билан оромкурси чилпарчин бўлди. Мазандали тезда совуқ сув олиб келиб, унинг юзи ва бўйнига пуркади, Жаҳон хоним эса кўзларини зўрға очиб, деди:

– Дем-м-мак-к, то-о-шимизда-ан айрилибмиз-да, а-а?!

– Ҳа, Жаҳонойим, айрилдик! – дея Мазандали жавоб берди.

Жавоб бермагани тузук эди. Жаҳон хоним бу адойи тамом қилувчи жавобни эшитгач, кўзларини юмди. Энди совуқ сув ҳам ёрдам бермади. Қўрқувдан ранги девордек оқариб кетган Мазандали телефонни олди ва қалтираганича тез ёрдам номерини тера бошлади…

Озарбайжон тилидан

Шаҳло ҚОСИМОВА таржимаси.