July 9, 2023

ЯШИЛ РАНГДА ТОВЛАНДИ БОҒЛАР

Даврон РАЖАБ

ТОНГ ЁРИШАР

Тонг ёришар умидлар ёзиб,

Эзгу қалбдан таратиб шуъла.

Йўқ, қуёшмас уфқни ёритган,

Инсон уни тўлдирган нур-ла.

Фасллармас, сочган зеб-зийнат,

Шамоллармас, толе улашган.

Йўқ, табиат шунчаки сабаб,

Одам учун борлиқ бирлашган.

Бари Биру борнинг меваси –

Тонг бақодан олинган улги,

Ярқираши беҳиштдан юққан,

Шунинг учун лабларда кулги.

СУБҲИДАМ СУҲБАТ

Кўк тоқига булутни қавиб

Тўлин ойни олиб чиқди тонг,

Шуълалари парқув, шабнамли

Янги кундан урар эди бонг.

Ҳарирланди тоқати билан

Ҳар лаҳзада унум бошланди,

Жилвасидан шодликка тўлсам,

Фиғонидан кўзим ёшланди.

Қушларини олиб чиқди сўнг,

Сабуҳий дам янгради суҳбат.

Бир маъноси шодликдан дарак,

Бири эса, тўхтовсиз ҳасрат...

ЯНГИ БАРГЛАР

Яна янги баргларин ёзиб

Яшил рангда товланди боғлар.

Мавсум тинсиз гардларни ювиб

Ўксик қалбда қолмади доғлар.

Ифорига бўлиб маҳлиё,

Оҳорланиб олди хаёл ҳам.

Сўнг оҳиста бекиниб олди

Баҳор изда қолдириб шабнам!

СЕНГА ИНТИЛДИМ

Борлиғимда бор эди сўзинг,

Кўзимда айландинг жолага,

Қўшиғимда бор эдинг ўзинг...

Мен сенга хўб интилавердим!

Айтсам, айтаверсам, тинмасам,

Юрагимни, кўнглимни бердим...

Чунки мавжудсан тузлигимда,

Қалбимга ким уни жо этди?

Нега жойлашдинг ўзлигимда?

Мен сен томон интилавердим...

Кўзимдаги ёшларим билан

Тўхтамадим, умримни тикдим.

Ривоят бўлса-да, арзирлик,

Мен сен сари интилавердим,

Мен сенга интилдим, Эзгулик!

ҚЎЛЛАРИНГДА...

Қўлларингда ушлаб турибсан

Сокин кўклам шуълаларини.

Кўчган гулбарг садоси сенга,

Қучган қалбинг жилваларини.

Гул новдасин ушлаб тўймайсан,

Хаёлларинг отмоқда илдиз.

Орзуларинг содир бўлмоқда

Юрагингда қолдириб гул из.

Кўклам келди сенга жўр бўлиб,

Нигоҳингдан унмоқда наво.

Баҳоринг-ла менга бир қара,

Қалбим ичра қолиб кет, сабо...

ТАҲРИР

Хаёлни таҳрир қилиб

бўлмас асло,

бирдан содир бўлади-ю,

аксинча, сени ўзгартирар.

Таҳрир қилиб бўлмас

манзарани ҳам,

кўзларингда акс этиб,

бошлаб кетар аллақайларга.

Агар босиб ўтган бўлсанг

қилиб бўлмас йўлни ҳам таҳрир,

Унда масофалар

қисқариб изларинг

ўзгарган бўларди.

Ўзгартириб бўлмас умрни ҳам

Уни фақат қайта-қайта

Зимнингда томоша қиласан.

Балки ўтаётган дамни

таҳрир қилмоқ мумкиндир,

демак, йўлга отлан

ва улгур лаҳзани ушлаб олишга!

МУАТТАР ШУЪЛА

Шуъла ёғди шабада каби

Ва оҳиста куртак тугилиб

Жило ичра бўлди гул лаби.

Гулбаргига капалак қўнди,

Ёғду, шудринг билан чанглади

Ва айланиб довчага дўнди.

Жило тортиб айланаверди,

Ботинида қуёш ялласи

Куйлаб-куйлаб гул мева берди.

Тугамади ифори узоқ,

сўнг айланди сокин данакка –

юрагига жойлади тупроқ.

Шунда бирпас муаттар шуъла

Шаффоф эзгу хаёли билан

ёғду тортди оламга тўла.

Кўклам келса ҳали кўрасиз,

Айтиб берар сизга тушини–

Шу ёғдудек мангу бўласиз!

ТОНГ ЛАҲЗАСИ

Тонг лаҳзаси толе сўрайсан,

Тўлдирса-да, нафас жисмингни.

Сўрайвериб, сира тинмайсан,

Унутасан ҳатто исмингни.

Англолмайсан шуур ёришиб,

Тафаккурнинг пайдо бўлганин,

Тириклигинг ҳақида жўшиб

Юрагингни уриб турганин...

Қуш эмассан, зикр эт бирпас,

Шунчаки бир башоратмассан!

Тоғ эмассан, уммон ҳам эмас,

Англа, ахир, ҳашаротмассан...

Бир мўъжиза – дунёга келдинг,

Тоғ ҳам сенга, денгиз ҳам сенга.

Сен севдинг ва суюкли бўлдинг...

Парвозли қалб – бор дунё сенга...

Бу лаҳзанинг ўзи бахтмасми?

Бахт эмасми тонгга етганинг?

Қара, асил саодатмасми,

Шу дақиқа нафас олганинг!

* * *

Тошни ўйиб чиқди мойчечак,

Ҳаё билан енггандек дардин

боши тошдан бўлган келинчак...

Айладими тўхтовсиз кўзёш,

Эзилдими ҳасратдан бағри

Ё билмадим, юмшадими тош...

Муҳаббатнинг тошқин қиссаси –

Шундай кечди гул ва тош ишқи,

Кўркам бўлди севги ғуссаси.

Даврон РАЖАБ