«МЕН — КОМПОЗИТОРМАН»
2020 йили Ўзбекистон давлат консерваториясида ижодий йўналишларда мусиқанавислик ва амалий ижрочилик кўникмаларни муштарак этган ижодий лойиҳаларни рўёбга чиқариш мақсадида Замонавий мусиқа лабораторияси ташкил этилган. Бугунги кун ўзбек мусиқа маданиятининг ривожи учун жуда муҳим инновацион бўғин ҳисобланган мазкур лаборатория ҳозирда ёш ижодкорларнинг мустақил ижодий-амалий фаолият юритиши учун самарадор муҳит яратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, нафақат Ўзбекистон, балки халқаро даражада эътирофга сазовор бўлган “Омнибус” ансамблининг созандалари ушбу лабораториянинг тренер ҳамда амалиётчи мураббийлари ҳисобланади. Бунда ёш композиторлар устозлар билан биргаликда ўз асарларининг эскизлари устида ижодий изланишлар олиб борадилар. Мунтазам олиб борилаётган жамоавий ижодий изланишлар натижасида лаборатория нафақат мусиқашунослар, балки жамоатчилик эътиборини тортган юксак бадиий-мусиқий савиядаги лойиҳалар ва концерт дастурларини намойиш этиб келмоқда.
Куни кеча лабораториянинг яна бир ноёб лойиҳаси бўлмиш “Мен- композиторман” номли мусиқали-театрлаштирилган томоша намойиш этилди. Ушбу лойиҳа ёш композиторларнинг мусиқа санъатидаги илк қадамига оид хаётий ҳикояларини ўз ичига олган лавҳалардан ташкил топди. Унда ёш ижодкорлар замонавий мусиқа лабораториясида ёзган янги асарларини томошабинлар эътиборига ҳавола этибгина қолмай, саҳнада актёр сифатида ҳам қатнашдилар.
Мусиқий-театрлашган дастурнинг ғояси “Омнибус” ансамбли томонидан кўп йиллар давомида ишлаб чиқилган машқ қилиш усулидан келиб чиқади. Бу усулнинг асосини жамоавий ижодий жараён ташкил этади. Жараён иштирокчиларининг ҳар бири шунчаки ижрочи эмас, балки муайян қисмининг муаллифи ҳамдир. Бундай ижодий усулнинг муҳим бир жиҳати борки унга кўра, полифоник тафаккур тамойили ижодий жараённинг ўзида акс этиб, натижада битта муаллиф (композитор ёки режиссёр)нинг бир овозликка асосланган ғояси эмас, балки кўп муаллифлик асосида полифоник кўповозлик ғояси юзага келади. Ушбу жараёнда ҳар бир овознинг ижодий ўзига хослигини сақлаб қолиш ва уни бўрттириб кўрсатиш жуда муҳимдир. Албатта, бу борада ҳар бир овознинг индивидуаллигини ошириш талаб этилади. Индивидуаллик эса ёш ижодкорларнинг ўзи ҳақида шахсий ҳиссий кечинмаларини сўзлаши орқали ўз ифодасини топди. “Мен – композиторман” ёшлар айнан ўзига тегишли бўлган ҳиссий ҳолат ҳақида сўзлади. Бу жараёнда самимийлик, очиқлик вужудга келди.
Тан олиш керак, инсон ўзининг ўта шахсий дарду кечинмаларини томошабинга аён этиши, албатта, жасорат ва кучли ирода талаб этади. Бундан мақсад ҳамма нарсани томошага айлантириб, омма учун кўргазма қилиш эмас, балки инсон, хусусан, ижодкор қалбининг чуқур туб-тубидаги ҳис-туйғуларни ташқарига олиб чиқиб, бугунги кун учун муҳим бўлган одамийлик қадриятидан сўзлаш, томошабинларнинг ҳар бирини ўз шахсий моҳиятига юзланишга ундаш бўлди. Айнан шундай бўлди ҳам. Дастурдаги самимийлик ва очиқлик ҳаммани ҳайратда қолдириб, қалбларни тўлқинлантириб юборди.
Замонавий мусиқа лабораториясида мазкур дастур учун қўлланган ижодий усул “Омнибус” ансамблининг ҳаёт ва ижоднинг ўзига хос тамойилларини ўрганиш борасидаги изланишлари натижасида вужудга келган. Бу усул нафақат ижодга нисбатан фалсафий-ғоявий ёндашув, балки ижодий таълим жараёнларини замон талаби даражасида ташкил этишнинг амалий ечимидир. Ушбу ижодий-машқ қилиш усули “жамоавий резонансли композиция усули” деб аталади. Халқаро даражада ҳамкасбларнинг эътирофига сабаб бўлган ушбу ижодий усул кейинчалик “Омнибус” ансамблининг иш услуби сифатида қарор топди. Жамоавий резонансли композиция усули чуқур илмий асосларга эга. Илм-фаннинг ривожланиши бизни шундай фикрга олиб келадики, Ер куррасидаги ҳар қандай ақл жамоавий тарзда вужудга келади. Мисол учун, ҳар бир шахснинг фикрлаши унинг нейрон тармоғидаги миллионлаб нейронларнинг ҳаракати натижасидир. Шундай экан, ҳар бир алоҳида шахснинг ақлий фаолияти одамларнинг жамоавий онгини – нейрон тармоғини ҳам яратадики, бу тармоқ янада кенгроқ миқёсда ўз ифодасини топади.
Дарвоқе, бугунги кунда жаҳон театр оламида “Мен – композиторман” дастурига ўхшаш кўплаб спектакллар пайдо бўлди. Ҳаётида муайян синовларга учраган инсонлар спектаклда бошидан кечирганлари ҳақида гапириб беради. Бундай самимийлик ҳар бир томошабин қалбида ўзига хос акс-садо топиши, шубҳасиз, албатта. Инсонни фикр-мулоҳаза қилишга чорлайдиган бу каби ижодий лойиҳалар муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлади. Лекин “Мен – композиторман” лойиҳасининг ўзига хос жиҳати шундаки, иштирокчиларнинг ҳар бири фақат шахсий ҳиссий кечинмаларини сўзлабгина қолмай, балки монологининг бадиий-мусиқий ифодавийлигини тасвирлайдиган мусиқа ҳам яратди. Ўз ўрнида, мусиқа яратиш билан боғлиқ бўлган ижодий жараён ҳам жамоавий ижодкорлик режимида яратилди. Монологининг образли ҳаққонийлигига эришиш мақсадида изланган ёш композиторлар учун бу усул ниҳоятда фойдали тажриба бўлди.
Аммо том маънодаги асосий мақсад спектаклнинг ўзи эмас, балки ижодий жараён давомида ёш ижодкорлар ўзларининг онгу шуурида янги тушунча ва тассаввурларни кашф этганидир. Ишончимиз комилки, бундай жараён натижасида ёш ижодкорлар ўзини ва юрагини тинглаш баробарида ижодий куч-иродасига, танлаган йўли истиқбол йўли эканига қатъий ишониб келажак сари дадил қадам қўядилар. Бу эса, спектаклнинг, умуман олганда, ижодий саъй-ҳаракатларнинг асосий ғояси ҳисобланади.