September 1, 2023

ИККИ АСАР ТАҚДИМОТИ  

Айни кунларда Ўзбекистон Мус­тақи­ллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида давом этаётган “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остидаги “Маънавият фес­тивали” доирасида Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги “Келажак нури” ахборот-ресурс марказида, Фарғона давлат университетида, Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани “Маънавият маскани”да академик Оқил Салимовнинг “Янги Ўзбекистон давлати” номли китоби, Рес­публика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Янги Ўзбекистон” плакатлари ҳамда “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми тақдимотлари бўлиб ўтди.

Таниқли олимлар Қаҳрамон Қуронбоев, Минҳожиддин Мирзо масъул­лигида чоп этилган академик Оқил Салимовнинг янги китобида Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги янгича конституциявий мақоми, маърифатли жамият барпо этиш йўлидаги самарали саъй-ҳаракатлар ҳаётий далиллар асосида ифода этилган. “Янги Ўзбекистон” плакатлар тўпламида янгиланиш суратлари, эзгу ғоя ва ташаббусларнинг амалий исботи акс этган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимовнинг асарида Янги Ўзбекистон давлати ва унинг феноменал асослари ҳақида теран мулоҳазалар баён этилган. Китобнинг “Ижтимоий давлат одимлари”, “Маърифатли жамият сари”, “Янги Ўзбекистон жаҳон меҳварида” деб номланган қисмларида янги типдаги ҳаёт, назарий-фундаментал ва амалий жиҳатдан янгиланган давлатчилик асосларининг юзага келиши, бошқарув тизимида очиқлик муҳитининг реал воқеликка айланиши билан боғлиқ жараёнлар ёритилган.

Муаллиф Ўзбекистоннинг энг янги тарихида Ренессанс даври бош­ланганини, бу давр давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бошланган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” Концепциясига асосланиши, халқни рози қилиш давлатчиликнинг асосий тамойилларидан бирига айлангани, таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўли эканини алоҳида таъкидлайди.

Олимнинг ҳаётий хулосалари дав­лат­нинг умумпланетар тамойиллари, тараққиётнинг янги босқичларида ақл инновациясининг алоҳида ўрни борлиги, аниқ мисоллар ва таҳлил­лар билан далиллаб кўрсатилган.

“Янги Мўйноқ” китоб-альбоми Мўйноқ туманининг ўтмиши ва бугуни, тарихий ўзгаришлар ва эришилган ютуқларига бағишланади. Мазкур китобда ўтган аср ўрталарида Орол денгизининг қуриб бориши оқибатида келиб чиққан муаммолар, Янги Мўйноқда қад ростлаган замонавий уйлар, хиёбон ва меҳмонхоналар, боғча-мактаблар, янги корхоналарда маҳаллий ёшлар томонидан ишлаб чиқарилаётган экспорт маҳсулотлари, ҳудудда  амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар ўз аксини топган.

Бир сўз билан айтганда, Мўйноқнинг бугунги қиёфаси чўлни гулистонга айлантирган қорақалпоқ халқининг мардона меҳнати натижасидир.

2022 йили туман аҳолисига иккита қишлоқ врачлик пункти, учта оилавий поликлиника, битта кўп тармоқли марказий поликлиника, жами олтита амбулатория-поликлиника муассасалари хизмат кўр­сатмоқда. Айниқса, марказдан узоқ “Орол” маҳалласида инновацион телемедицинаси ташкил этилгани фавқулодда янгилик бўлди. Мўйноқлик беш юз нафардан зиёд ёшлар давлатимиз раҳбарининг шахсан қўллаб-қувватлаши ва берилган имтиёзлардан фойдаланиб мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида таълим олмоқда.

“Янги Мўйноқ” китоб-альбоми инсон онги ва тафаккуридаги ўзгариш ҳаётни тубдан ўзгартира олишига ишора беради. Жамиятдаги янгиланишлар, ислоҳотлар самараси туфайли юртдошлар бугунидан рози бўлиб яшаётгани кўнгилга ўзгача завқ беради.

Тақдимотларда сўзга чиққан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов ҳар иккала асар тарғиботчилар учун манба бўлишини таъкидлади. Таниқли олимлар Олим Тошбоев, Феруза Муҳитдинова, Ҳулкар Ҳамроева, Баҳодир Шермуҳаммадов, Ўзбекистон халқ артисти Одинахон Ғозиева, Ўзбекистон халқ ҳофизи Абдунаби Иброҳимов ва бошқалар водийлик юртдошларимиз кайфияти, бугунги кунидан розилиги, эртанги кунига ҳаётбахш умидлар билан қараётгани ҳақида гапириб, барчани истиқлол байрами билан муборакбод этишди.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан академик Оқил Салимов, қорақалпоқ фарзанди, таниқли мураббий Нажиматдин Ансатбоев ва маънавий қадриятларимизнинг толмас тарғиботчиси Жамила Шермуҳаммедовалар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирлангани зиёли­ларимиз учун муносиб туҳфа бўлди.

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира