November 10, 2023

ИСЛОҲОТЛАР КУЗГУСИ  

“Турон” ахборот-кутубхона марказида “INFOLIB UZBEKISTAN 2023” XII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ҳамда Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида чоп этилган “Мактаб – менинг ҳаётим” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

– Мамлакатимиз миқёсида мазкур миллий китобхонлик форумининг ўтказилиши соҳа вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди, – деди “Турон” ахборот-кутубхона маркази электрон ресурслардан фойдаланиш ва ўқув заллари хизмати раҳбари Мавлуда Аманова. – Юртимизда китобхонлик борасида амалга ошираётган ислоҳотлар ўз ишимизни сидқидилдан бажаришга ундайди. “Мактаб – менинг ҳаётим” китоби тақдимотида китоб муаллифлари ҳамда китобга киритилган очерклар қаҳрамонлари билан китобхонни учраштириш муҳим аҳамият касб этди.

“Мактаб – менинг ҳаётим” китобининг нашр этилгани мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар жараёнида мактаб ўқитувчиси мавқеини кўтаришда, тажрибали устозларни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишда муҳим омил бўлди. Юртимизда тажрибали ўқитувчи ва мураббийлар кўп. Уларнинг билим ва маҳоратини улуғлаш, кенг омма ва ҳамкасблари орасида тарғиб эташ, айниқса, ёш муаллимларга ибрат қилиб кўрсатиш ўз самарасини бермай қолмайди, албатта.

Тадбирда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририяти ходимлари, Тошкент шаҳар ММТБ масъуллари ҳамда тажрибали устозларнинг китобни тайёрлаш жараёни ҳақидаги сўзлари тингланди.

– Китоб ҳақида гапирганимизда, кўз олдимизга биринчи галда бизга мутолаани ўргатган устозимиз келади, – дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси услубчиси Дилфуза Тошмуҳамедова. – Агар қайсидир бадиий асарни биз севиб ўқиган бўлсак, кўп ўйлаб ўтирмасдан, бундай маънавий оламга бизни олиб кирган биринчи ўқитувчимизни ўйлаймиз. Шунинг учун ҳам, бу каби китоб тақдимотлари қадимий “Турон” кутубхонасида ўтказилиши биз педагогларга маънавий руҳ бағишлайди.

Тақдимот давомида китобдаги очерк қаҳрамонлари – биология ўқитувчиси Маҳлиё Розиқова, тарих фани ўқитувчиси Каттабек Очилов ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Мазкур тадбир давра суҳбати тарзида ўтказилиб, унда Абдулла Қодирий номли ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, шунингдек, “Турон” АКМ қошида фаолият юритаётган “Давра” адабий-китобхонлик клубининг аъзолари қатнашдилар.

Тадбир сўнгида китоб муаллифларига “Турон” АКМнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Даврон РАЖАБ