September 8, 2023

ДУНЁНИ ГУЛЛАРГА БУРКАЙМАН  

Шукрулло АБДУЛЛАЕВ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шукрулло Абдуллаев 1953 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Кўп йиллар тележурналист сифатида фаолият юритган. “Тонг юлдузи”, “Гулхан”, “Ғунча” каби болалар нашрларида унинг эртак ва ҳикоялари тез-тез чиқиб туради. Ижодидан айрим намуналар мактаб дарслик­ларига ҳам киритилган. Шу пайтгача “Капалаклар водийси”, “Архарлар йўлбошчиси”, “Чақмоқ ва қуёш”, “Тонгни қутлаб” номли насрий китоблари чоп этилган. Уларда болаликнинг ўзига хос олами, орзу-ўйлари ёрқин тасвир ва образларда акс этади. Адибни етмиш ёши билан қутлаймиз.

Болакай табиат шайдоси экан. Айниқса, ифорлари ҳар томон сочилиб, бир-биридан гўзал, ранг-баранг бўлиб очилиб турган гулларни кўрганда, беихтиёр яйраб, қувониб, баҳри дили очилиб кетаркан. Гуллар – ўзида нафосат, гўзаллик ва беғуборликни бирлаштирган она заминнинг бир бўлаги, деб биларкан болакай. У гўзаллик яратишга, оламга эзгулик улашишга орзуманд экан.

Кунлардан бирида у ўзига-ўзи дебди:

– Мана шу тувакча бекор турибди. Шунга гул уруғини экаман, уни парвариш қиламан. Гўзал бўлиб очилса, уйимиз кўркига кўрк қўшилади. Ота-онам ҳам бундан хурсанд бўлишади.

Шундай дея болакай гулчиликни бошлаб юборибди. Тувакни яхшилаб тозалаб, унга томорқасидаги унумдор туп­роқдан солибди. Ўзи яхши кўрган гул уруғини синфдоши Нафисаларникидан олиб келибди ва тувакка экибди. Ҳар куни сув қуйиб, оз-оз миқдорда ўғит солибди.

Орадан бир неча кун ўтибди. Тувакда олов рангли нафис гул вояга етибди. У шу қадар гўзал эдики, барчанинг ҳавасини келтирар, ёқимли ҳиди ҳатто беморларни ҳам соғайтириб юборарди. Буни кўрган отаси ўғлининг елкасига қоқиб, “Балли, ўғлим!” дебди. Онаси эса:

– Сенга катта раҳмат, қўлингдан иш келадиган катта бола бўлиб қолибсан, ўғлим, – дея миннатдорлик билдирибди.

Болакай ота-онасининг олқишидан руҳланибди. Энди унинг қалбида гул ўстиришга ҳавас янада ортибди. Чунки ўстирган гулининг ёнидан яна янги гулчалар ўсиб чиқиб, тувакка сиғмай қолибди. Гўё жажжи ғунчалар болакайга қараб: “Қани, бизларга ҳам имкон бер. Ўсайлик, унайлик, чаманга айланайлик,” дея­ётгандек туюлибди.

Болакай яна қўлига белкуракчасини олибди. Ҳовлисидаги экиндан бўшаган кичик бир ерни танлаб, шу ерга тувакдаги гуллардан экибди. Ёнига яна янги гул кўчатларидан қўшибди. Ниҳоллар кўкка бўй чўзаркан, боланинг ҳам меҳри ошиб бораверибди. Энди унинг хаёли гул билан банд бўлибди. Бўш вақтларида расм дафтарига ҳам гулларнинг расмини чиза бош­лабди. Ҳатто тушларида ҳам ранг-баранг гўзал гуллар билан суҳбатлашармиш. Бир неча кун ўтиб, ҳовлининг бир бурчагида кичик бир чаманзор бунёд бўлибди. Ота-онаси бу ерга келиб, ҳайратда қолишибди. Ёш боғбоннинг эккан гуллари қизил, кўк, пушти, бинафша рангларда товланиб, барчанинг ҳавасини келтирибди.

Ота-онасининг хурсандлигини кўриб қувонган бола дадасидан сўрабди.

– Дадажон, майлими, бутун ҳовлимизга гул экиб, уни чаманзорга айлантирсам?

– Сени мен бугундан ҳақи­қий боғбон, деб атайман ва албатта, сенга ишонаман. Сен буни уддалайсан. Бор маҳоратингни ишга сол, биз ҳам сенга ёрдам берамиз, – ўғлини руҳлантирибди дадаси.

– Сенинг гулларинг очилгандан сўнг биринчи қўнғироқ учун гулдаста ясаймиз ва устоз­ларингга туҳфа қиламиз, – қўллаб-қувватлабди онаси.

– Ойижон, мен ҳам боғча опамга шу гуллардан олиб бораманми?! – дебди жажжи синг­лиси Райҳона.

– Ҳа, албатта, сенга ўзим гулдаста ясаб бераман, – болакай синглисини руҳлантирибди.

Шундай қилиб, меҳнатсевар болакай бор кучини ишга солиб, ҳовлисини гулзорга айлантиришга киришибди. Бунда унга баъзан отаси, баъзан онаси ёрдам берибди. Жажжи синглиси Райҳона ҳам қўлига челакчасини олиб, гулларга сув қуйибди. Орадан бир неча кун ўтгач, болакай ўз ваъдасининг устидан чиқибди. У айтганидек, ҳовлиси гулларга бурканиб, чинакамига чаманзорга айланибди. Бири биридан ифорли гуллар чаман бўлиб очилибди. Бу ерда атиргул, райҳон, жамбил дейсизми, барчасидан бор экан. Ушбу чаманзорда капалаклару асаларилар гулдан гулга қўниб, яйрашаркан.

Гулзорга айланган ҳовлини кўрган қўни-қўшнилар ҳам ҳайрон қолибди. Ҳатто қўшни қизалоқлар ҳам билимлар кунига гулларни болакайнинг гулзоридан олиб кетибди...

Бир куни ёш боғбон қўлига белкуракчасини олиб, кўчага чиқибди ва ариқ бўйини чопа бошлабди. Маҳалланинг бекорчи болакайлари унга гап отишибди:

– Ҳа, нима қилмоқчисан?

– Кўчамизни гулларга буркамоқчиман, – дадил жавоб берибди гулсевар болакай.

– Қўлингдан келган ишни қилсанг бўлмайдими?! – дебди ўйинқароқ болалардан бири.

– Бунинг устига кўча жудаям катта бўлса, бу ишни эплолмайсан, – деб гапга қўшилибди копток тепаётган болакай.

– Мен бу болани танийман, – дебди улардан бири. – У уйи­ни гулзорга айлантирган. Кўчамизни ҳам гулларга буркаши аниқ.

Ёш гулчи тер тўкиб меҳнат қи­либ чарчамабди. Дадаси унинг белкуракчасини ўткирлаб бераркан. Онаси хўжалик мол­лари дўконидан болакай ва унинг синг­лиси Райҳонага янги челакчалар олиб берибди.

Орадан кунлар ўтибди. Кўчадаги ариқ бўйи муаттар гулларга бурканибди. Бири биридан гўзал ушбу гўзаллик тимсоллари кўчадан ўтаёт­ганларни ҳайратга солибди. Ҳатто болалар ва қизалоқлар ушбу чаманзор олдида суратга туша бошлашибди. Бир куни болакай не кўз билан кўрсинки, ўзининг гулзори ёнида келин-куёвлар сайр қилиб юришган экан. Бундан болакай, унинг синг­лиси ва ота-онаси, ҳатто бекорчи болалар ҳам хурсанд бўлибди.

Орадан кунлар ўтибди... Одамлар гулчи болакайни бир қўлида белкуракчаси, бир қўлида эса даста гуллар билан қаёққадир кетаётганини кўришибди.

– Қаёққа йўл олдинг – қизиқиб сўрашди ундан.

– Дунёни гулларга буркайман, – жавоб берибди болакай кўзларида шижоат порлаб.

Ҳа, бу сафар ҳеч ким унинг устидан кулмабди. Нега дейсизми? Чунки у энди ўз орзуларини амалга оширишни ўрганиб олган эди-да. Чунки у ўз хонаси, ҳовлиси, кўчасини гулларга буркаб, бу эзгу иши билан одамларнинг қалбини эзгулик нурига тўлдирган эди.

Орзу-умидларининг амалга ошиши учун астойдил меҳнат қилган инсон, албатта, ўзининг эзгу мақсадига эришади.

Энди одамлар болакайнинг дунё­ни гулларга буркашига чин дилдан ишонишибди.

Шукрулло АБДУЛЛАЕВ