ФАРОВОН ҲАЁТ КАФОЛАТИ
Сир эмаски, глобаллашув замонида мамлакат келажагини кафолатловчи барча соҳа ва лойиҳалар муваффақиятини таъминлаш замонавий билимларни пухта эгаллаган бугунги ёшлар зиммасидадир. Яқинда ўтказилажак сайловда овоз берувчиларнинг катта қисмини ҳам ёшлар ташкил этади.
Уларни ватан тақдирига дахлдорликни теран ҳис қиладиган, тараққийпарвар, эл-юртга садоқатли, интеллектуал салоҳияти юқори авлод бўлиб шаклланиши айни пайтда ижтимоий-сиёсий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларимиз самарасига бевосита боғлиқ. Ўқув-тарбия жараёнини ҳозирги замон талаблари даражасида такомиллаштириб, таълим тизимининг ривожини таъминловчи масъул шахслар эса, шубҳасиз, ўқитувчи-педагоглардир.
Ўқитувчи мақомини оширмай туриб, таълим сифатини ошириб бўлмайди. Таълим сифатини оширмай туриб, малакали мутахассисларни тайёрлаш имконсиз. Ўқитувчи мақомини Конституция даражасида белгилаш, унинг касбий фаолияти дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаш педагог кадрлар салоҳиятини ривожлантириш билан бирга, мамлакатимиз таълим тизимининг юксалишига ҳам хизмат қилади. Шу боис Янги Конституциянинг тегишли моддаларига кўра, таълим тизимини янада такомиллаштириш, ушбу касб эгалари ижтимоий ҳимоясини кафолатлаш, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, узлуксиз таълим тизимини, унинг ҳар хил турлари ва шаклларини, яъни давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини ривожлантиришни давлат даражасида қўллаб-қувватлаш белгиланди.
Юртимиз тараққиётини янги сифат босқичига кўтаришнинг кафолати сифатида қабул қилинган Янги Конституциямизнинг нафақат ижтимоий соҳаларга, балки давлат бошқарувига оид моддаларига ҳам жиддий қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, президент ваколати муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Жорий йилнинг 30 апрел куни бўлиб ўтган референдумда иштирок этган сайловчилардан 90 фоиздан ортиқроғи Янги Конституцияга киритилган ўзгаришларни маъқуллаб овоз берди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 8 май куни референдум якунлари бўйича ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини маълум қилди. Бундай қарорга келиш учун объектив зарурат бўлиши керак, албатта. “Нима учун, қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечдим? – деди давлатимиз раҳбари ўша учрашувдаги нутқида. – Чунки ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда”. Бундан ташқари, қуйидаги муҳим сабаблар ҳам айтилди:
Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий сабабларни қўймоқда.
Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотлар кутмоқда.
Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда.
Ўзи сиёсатчи бўлмаса-да, бугунги ижтимоий-сиёсий ҳаётни кузатиб турган шахс борки, у ўқитувчи ё талаба бўладими, кимлигидан қатъи назар, санаб ўтилган омиллар ҳақиқатидан шунчаки кўз юма олмайди. Мамлакатнинг порлоқ истиқболига кўз тиккан ҳар бир ватандошимиз конституцион ислоҳотлар зарурати ва рўёбидан бевосита манфаатдор инсон сифатида бугунги сиёсий ўзгаришлар моҳиятини ҳис қилиб турибди. Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110-ва 128-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 66-моддасига асосан муддатидан илгари ўтказиладиган Президент сайлови 2023 йил 9 июл кунига белгиланди.
Марказий сайлов комиссияси 15 май куни Ўзбекистондаги бешта сиёсий партияга бўлиб ўтадиган муддатидан аввалги Президент сайловида иштирок этишга рухсат берди. Тўртта сиёсий партия президент сайловига ўз номзодларини эълон қилди. Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, ЎзЛиДеП партиясидан Шавкат Мирзиёев, “Адолат” партиясидан Робахон Маҳмудова, Экологик партиядан Абдушукур Хамзаев номзоди кўрсатилди.
Референдумда фаол иштирок этиб, янги Конституция лойиҳаси юзасидан таклифлар берган ва ислоҳотлар самарасига чин дилдан ишонган биз педагоглар ҳамда талаба ёшлар муддатидан илгари ўтказиладиган президент сайловида ҳам, албатта, муносиб номзодга овоз беришга тайёрмиз. Чунки биз кутаётган улкан ўзгаришлар фаолиятимиз, ҳаётимиз ва келажагимизга дахлдорлигини теран англаймиз.
Зеро, янги Конституциянинг 51-моддасида фуқароларнинг давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олиш ҳуқуқи кафолатланди. Олий таълим муассасалари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқот ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга бўлди. Янги норма ёшлар учун ҳам олий маълумот олиш масаласида давлатнинг янги мажбуриятини белгилайди. Сўнгги йилларда олий ўқув юртларига кириш квоталари 28 фоизга етди (6 йил олдин бу кўрсаткич атиги 9 фоиз эди). Давлат грантлари сони 21 мингдан 47 минггача ошди. Абитуриентлар бирданига 5та маҳаллий университетни танлаш имкониятига эга бўлди, илгари фақат биттасига ҳужжат топшириш мумкин эди. Ўзбекистон узлуксиз таълимнинг турли шаклларига – кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим турларига ўтди. Энди ҳужжатларни топшириш учун онлайн рўйхатдан ўтиш керак, холос. Абитуриент пойтахт университетига ҳужжат топширган бўлса ҳам ўз яшаш жойида кириш тестини топшириши мумкин. Айниқса, олий маълумот олиш истагидаги қизларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани алоҳида эътиборга молик. Бундай ўзгаришлар бизни нафақат руҳлантиради, келажакка улкан ишонч билан қараб, Ватан хизматига камарбаста бўлишга ҳам ундайди.