May 26, 2023

ҚЎШНИЛАР

Моҳигул НАЗАРОВА

(ҳикоя)

Шаҳар четидаги маҳаллага янги оила кўчиб келди.

Нозигул ва Аҳтамжон кўп йиллик елиб-югуришлардан сўнг уч қиз, бир ўғли бўй чўзганда янги коттежга кўчиб келишди.

Атрофда ҳали ҳамма уйлар тўлиқ қуриб битмаганидан ўнг томондаги уйдаги Одил бобо ва Тўйбиби холадан бошқа одамлар ҳали кўчиб келишмаган эди. Улар ўғил-қизларидан тинчиб, кенжатойлари Камолжоннинг ҳарбий хизматдан қайтишини кутишаётган экан.

Коттежлар кичик қишлоққа туташиб кетган эди. Нозигулга янги уй жуда маъқул бўлди. Хоналари унча катта бўлмаса-да, болалари билан яшаш учун ҳамма шароит бор. Ошхонаси ҳам ичида. Қайноғасининг оиласи билан кичиккина ҳовлида тиқилишиб яшаган Нозигул учун бу ер шоҳона қасрдек туюларди.

Аҳтамжон фарзандларини ёнига олиб кичиккина экин ерини тартибга келтирди. Қўшниларининг катта ўғли, қизлари шаҳарда яшашларини билгани учун улардан ҳам ўз ёрдамини аямади. Ўзи ва қўшнисига тегишли бўлган экин ерларини текислаб, помидор, бод­ринг, қовоқдан тортиб ловиягача экди. Аммо Одил бобонинг еридаги экинлар унча яхши ўсмади. Аҳтамжоннинг ери эса гуллаб-яшнади. Эҳтимол, Нозигул ҳам эрига ёрдам бериб, болалари билан бирга экин ерига алоҳида меҳр билан қарагани бунга сабаб бўлгандир. Қўшниларнинг ҳовлиси орасида девор бўлмагани боис, уларнинг гуллару экинлар билан чиройли кўринаётган ҳовлиси Тўйбиби холанинг асабини қўзғади.

Бир куни Аҳтамжоннинг ҳовлисида ҳеч ким йўқ деган ўйда хола секин уларнинг ҳовлисига ўтди. Гуллаб-яшнаб турган атиргул кўчатларини, эндигина бош кўтараётган токларни тагидан қўпориб ташлади. Ҳовли юзасида қолиб кетган болалар ўйинчоқларини, кичик велосипедни олиб ўз ҳовлисига ўтиб кетди. Аммо мактабдан бироз эрта келиб, унинг қилмиш­ларини дераза орқали кузатиб ўтирган қўшнисининг катта қизи Озодани пайқамади. Бўй етиб, эс-ҳушини таниган қиз бўлса-да, Озода қўшни холанинг нега бундай қилганини дастлаб тушунмади. Айниқса, укасининг велосипедини олиб кетгани жуда алам қилди. “Демак, ҳовли юзасида қолиб кетадиган қанча буюмларнинг ўз-ўзидан ғойиб бўлаётгани бекорга эмас экан-да!”.

Озода шу хаёллар билан ҳовлига тушди-ю, ҳозиргина хола қўпориб ташлаган атиргул ниҳолларини, токларни қайтадан ўрнатмоқчи бўлди. Айрим ниҳолларнинг илдизи қолиб, танаси узиб ташлангани учун бунинг иложи бўлмади. Қизнинг йиғлагиси келди. Кечқурун отасига бугунги воқеани айтиб берди. Аҳтамжон бироз ўйланиб турди-да, қизига бу гапни онасига айтиб ўтирмаслигини тайинлади. Ўзи бўлса қўшни билан орасини буз­маслик учун аввалгидек муомала қилиб юраверди. Нобуд бўлган кўчатлар ўрнига бошқаларини экди. Ўғлига худди аввалгисидек бошқа велосипед олиб берди.

Нозигул ҳар доимгидек қўшниларига меҳрибон, тансиқ овқат қилса, албатта, илинар, холанинг қизлари меҳмонга келса, яқин дугоналари келгандек хурсанд бўлиб уйига таклиф қилар, ҳатто тандирда нон ёпса ҳам “ҳамсоянинг ҳаққи”, деб бир жуфтини олиб чиқишни унутмас эди.

Тўйбиби хола бир куни одатдагидек ҳовлидаги стол усти­да турган чиройли пахта гулли косани қўлида айлантиб кўриб, теварак-ат­рофга аланглаб, ҳеч ким кўрмаётганига ишонч ҳосил қилгач, нимчаси этаги остига олиб чиқиб кетаётганида:

– Ассалому алайкум! – деган овозни эшитиб тўхтади.

Унинг ортида Озода турарди.

– Ие, узр қизим, – талмосиранганча Тўйбиби хола косани узатаётиб, узр сўраган бўлди. – Мен ўзимизники деб ўйлабман.

Шундай деб у чиқиб кетди.

Кўп ўтмай, Озодани сўраб келган совчилар тасодифан Тўйбиби холага дуч келишди. Хола Аҳтамжон билан Нозигулни зиқналикда, Озодани бўлса ишёқмасликда айблаб роса ёлғон тўқиди. Совчи аёллар унга ҳеч нарса демай, хайр-маъзурни ҳам насия қилиб жўнаб қолишди. Хола ўзича Озодадан шу таҳлит ўч олди.

Бу орада Тўйбиби холанинг ўғли Камолжон ҳам ҳарбий хизматдан қайтиб, вилоят марказидаги педагогика университетига ўқишга кирди. У ҳафталаб ўқишда бўлгани учун шанба, якшанба кунларидагина уйда бўлар, қолган кунлар эса хола чоли билан иккаласи қолишарди. Аҳтамжон коттежнинг тўрт томонини девор билан ўраб, чиройли темир дарвоза ўрнатди. Ҳовлининг бир томонидаги бўш ерда ҳавас билан ўғли учун иморат, ҳаммом ростлашга тушди.

Ўша куни Одил бобо Камолжон билан катта ўғли Қодиржонникига меҳмонга кетди. Хола келини билан унча келишмаслиги боисми ёки ҳовлисини ёлғиз қолдиргиси келмадими, шаҳарга бормади. Хамирли овқат егиси келиб, шилпилдоқ пиширди. Қиймали шилпилдоқни еб, жойига чўзилган эди, бирдан мазаси қочди. Боши қаттиқ оғриб, кўнгли айниб, ўзини ёмон ҳис қилаётганини сездию, “Нима бало қон босимим кўтаряптими?”, деб ҳовлига чиқмоқчи бўлди. Ўзича сўрига чўзилиб ўтирса, яхши бўлиб қоладигандек туюлди. Аммо ҳовлига чиқиш учун хонанинг эшигини очган пайт кўз олди қоронғилашиб, ерга қулади...

Ўша куни Нозигул иссиқ нон кўтарганча қўшнининг уйига чиқди. Унинг чақириғига ҳеч ким жавоб бермагач, кичик дарвозани очиб, ҳовлига кирди. Қараса, Тўйбиби хола хонасининг эшиги ёнида чўзилиб, хириллаб ётибди. Қўрқиб кетган аёл уйига қараб югурди. Аҳтамжон дарров “тез ёрдам”га қўнғироқ қилдию, қўшниникига чопди. Орқасидан етиб келган хотинига ёстиқ олиб чиқишни буюриб, холани жойидан қўзғатмай боши тагига ёстиқ қўйди.

Тўйбиби хола касалхонада ўзига келди. Билагига улаб қўйилган томчидорини тўғрилаётган ҳамшира қизга қаради.

– Э, холажон, роса қўрқитдингиз, – деди ҳамшира жилмайиб. – Сизни худо асрабди. Ўғлингиз билан келинингиз сизга жуда меҳрибон экан. Иккиси ҳам тонг­гача бошингизда ўтириб чиқишди-я. Қон босимингиз кўтарилиб кетибди. Шифокорларимиз зўрға туширишди. Сизга ҳозирча жо­йин­гиздан қўзғалиш мумкин эмас. Келинингиз уйига кетди. Сизга бирор нима пишириб олиб келмоқчи, шекилли. Ўғлингиз бўлса, ҳозиргина дорихонага чиқиб кетдилар.

Хола ўйланиб қолди. “Ўғлим? Ахир, ўғилларим иккиси ҳам шаҳарда-ку? Кеча нима бўлди ўзи менга? Мени ким олиб келди экан касалхонага? Наҳотки қўшниларим бўлса?”.

Шу пайт хонага кириб келган Аҳтамжон:

– Мана, айтганларингизни олиб келдим, – деб ҳамшира қизга бир елимхалта доирларни тутқазди.

Аҳтамжоннинг ортида қўлида кичик кастрюлка билан Озода жилмайиб турарди.

– Ҳа, холажон, анча яхшимисиз? – Аҳтамжон қисиқ кўзларида бир олам қувонч билан холага қаради. – Сиз бунақа қилиб бизни чўчитманг. Хўпми? Тўй бошлаб қўйдик, худо хоҳласа, ўзингиз бош бўласиз. Тезроқ тузалинг. Ҳали Камолжоннинг тўйи ҳам бор.

Тўйбиби хола юзини девор томон бурди. Томоғига йиғи тиқилган, гапира олмас эди.

Моҳигул НАЗАРОВА