June 1, 2023

ҚАРДОШ ҚИРҒИЗ ДИЁРИДА

Ўшга борган киши, албатта, Сулаймонтоғига чиқиб, Ўш шаҳрини юксакда туриб томоша қилади. Тоғ тепасида жойлашган “Сулаймонтоғ” тарихий-археологик музей-мажмуаси ҳамда XVI асрда қурилган, халқ орасида “Бобурнинг оқ уйи” номи билан машҳур кичикроқ бир хона ва айвондан иборат намозгоҳ ҳам сайёҳларни ўзига чорлаб туради. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида Сулаймонтоғ тепасида Султон Маҳмуд ҳужра қургани, кейинчалик, 90-йилларда ўзи ҳам айвонли бир ҳужра қурганини, Ўш шаҳрининг баҳаволигини айтиб, меҳр билан тасвирлайди.

Ўш шаҳри аҳолиси кўпмиллатли, аммо асосий қисми ўзбеклардан иборат. Бугун шаҳарга келган ватандошларимиз, албатта, кўриши лозим бўлган бинолар сони йилдан йилга ортиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Улардан бири ўзбекистонлик қурувчилар бунёд этган ва 2018 йилда фойдаланишга топширилган 18-умумтаълим мактаби бўлса, иккинчиси айни кунларда қуриб битирилган ва очилиш тантаналари кутилаётган Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқалидрама театрининг замонавий кошонасидир.

Навоий мактаби

Қирғизистонда “Навоий мактаби” номи билан машҳур бўлган бу таълим муассасасига кираверишда, ўнг томонда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари деворга муҳрланган: “Дунё­даги энг катта бойлик – ёшликда олинган билим ва эгалланган касб-ҳунардир”.

– 1936 йилда ўзбек мактаби сифатида очилган мактабимиз Иккинчи жаҳон уруши даврида гос­питалга айлантирилган, шундан кейин рус мактаби бўлиб фаолият кўрсатган, аммо унинг биноси жуда эскириб, путурдан кетганди. Алишер Навоийнинг 500 йиллиги муносабати билан мактаб улуғ мутафаккир номини олган. Ўзбекистон Республикаси Президентидан миннатдормизки, қарийб юз йиллик тарихга эга бўлган мактабимизга янги бино қуриб бердилар, – деди суҳбатимиз аввалида мактаб директорининг ўринбосари Мамитова Ойжарқин Асилбековна. – Мактабнинг янги биноси очилмасдан олдин ўқувчиларимиз сони 900 нафар атрофида бўлса, ҳозирга келиб 1549 нафарни ташкил қилади. Кўриб турганингиздай, ке­йин­ги беш йилда салкам 600 нафарга кўпайди. Албатта, бу янги бино, ўқитувчилар ва ўқувчиларга яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда таълим сифатининг ортиши ҳисобигадир.

Мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилса-да, ўзбек тили ва адабиёти хонаси чиройли жиҳозланган, ўзбек ва қирғиз тилидаги синф кутубхонаси ҳам ташкил қилинган. Кутубхонада ҳазрат Алишер Навоий асарлари кўпжилдлигини кўриб мамнун бўлдик. Биз ҳам мактабга ўзбек ва қирғиз тилидаги китобларни, жумладан, мутафаккир бобомизнинг қирғиз тилига таржима қилинган “Лайли ва Мажнун” дос­тонини туҳфа қилдик.

Мактабда “Навоийхонлик” тадбирлари, шунингдек, ўзбек ва қирғиз адибларнинг ижодига бағиш­лан­ган учрашувлар мунтазам ўтказиб турилишини эшитиб, хурсанд бўлдик. Биз мактабга борган пайтда ўшлик барча ижодкорлар, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари йиғилиб, таниқли адиб Мирзоҳид Мирзараҳимов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан тайёрланган тадбир бошланаётган экан.

Мирзоҳид Мирзараҳимов “Ўзим ҳақимда” эссесида шундай ёзади: “1991 йили Ўш вилоят Ўзбек миллий маданият марказини тузиш бўйича ташкилий комитет иш бош­лади. Унга бошчилик қилиш менинг зиммамга тушди... Биринчи қурултойда халқ вакиллари мени Миллий марказнинг Раиси қилиб сайладилар”.

Мирзоҳид ака Ўш вилоятидаги ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида жонбозлик кўрсатиб ишлаган, шунингдек, Ўш адабий муҳитини кучайтириш, ёш ижодкорларни тарбиялашда ибратли ишларни амалга ошириб, вилоят ҳамда республика тарихида ўчмас из қолдирган ҳазрати инсон экани тадбирда бир неча бор таъкидлаб ўтилди.

Бобур театри

Эл орасида, Ўзбекистонда ҳам, “Бобур театри” деб донг таратган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали-драма театри аввал оддий шаҳар маданият марказининг эски биносида фаолият юритар эди. 2021 йили Ўзбекистон ва Қирғиз Респуб­ликалари Президентларининг келишуви билан театр биноси ўзбекис­тонлик қурувчилар томонидан қайта бунёд этилди. Бино қурилиши ва уни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш учун Ўзбекистон томонидан етти млн. АҚШ доллари ажратилди.

Бугун фойдаланишга топширилиш арафасида турган театр биносини ҳавас билан томоша қилдик, санъаткорлар учун яратилган шароитларни кўриб ҳайратландик.

Бинога кираверишда Президентимизнинг қуйидаги сўзлари зарҳал ҳарфлар билан битилган: “Қардош Қирғиз Республикаси билан тобора ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорлигимиз, жумладан, маданий соҳадаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг ёрқин тимсоли бўлган Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали-драма театрининг ушбу муҳташам биноси халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонаман”.

Айни вақтда театрда уч нафар Қирғиз халқ артисти, ўн икки нафар Республикада хизмат кўрсатган артист, умуман, юздан ортиқ санъаткор хизмат қилади. Театр директори Аъзам Раҳим бизга янги бинони таништирар экан, қувончини яширмади: бизга ҳатто саҳна ёритгичларини бошқариш хонасигача кўрсатиб, изоҳ бергач, бино четидаги яна бир хонага бош­лади.

– Бунёдкорлар бизга театр биносига қўшимча қилиб “Мақомчилар” ансамбли учун замонавий овоз ёзиш ускуналари билан жиҳозланган алоҳида бино ҳам қуриб беришди. Биламиз, ҳозир Ўзбекис­тонда мақом санъатига катта эътибор қаратилмоқда. Бу соҳада ҳам ҳамкорлигимиз ривожланиб бораверади, – деди театр директори.

Театр жамоаси биз учун кичик концерт дастури тайёрлаган экан. Кутилмаганда биринчи бўлиб қўшиқ куйлашга саҳнага бундан 30-35 йиллар муқаддам ҳар бир ўзбек хонадонида овози жаранглаган санъаткор, Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган артист Дилором Соипова таклиф этилди. Болаликда “Оналар”, “Гул тутгил, азизим”, “Боғ аролаб”, “Чаман ичра” сингари қўшиқлари билан хотирамизда қолган ўзига хос овоз соҳиби, устоз санъаткорни кўриб, бошимиз кўкка етди.

Опа билан суҳбатимизда маълум бўлдики, 1979 йилда Санъат ва маданият институтини тамомлагач, Дилором Соипова ўшлик санъаткорлар Шокировлар сулоласи хонадонига келин бўлиб тушган экан.

– Турмуш ўртоғим Маъмуржон Шокиров бастакор, шоир сифатида ижодим ривожига катта ёрдам берган инсон. Мен театрда спектаклларни саҳналиштиришда ҳам, қўшиқчи сифатида ҳам қизғин фаолият олиб боряпман. Орада маълум вақт ўртадаги алоқаларимиз узилиб қолди. Аввал андижонлик севимли санъаткор Нуриддин Ҳамроқулов билан ҳамкорлик қилган эдик, у киши Андижондан Тошкентга кўчиб кетгач, ўзбекистонлик санъаткорлар билан ҳамкорлигимиз тўхтаб қолган эди. Мана энди, ҳамюртларимиз бизга театр биноси қуриб беришди. Бундай бўлишини 4-5 йил аввал тасаввур қилиш қийин эди. Яна ўзаро тажриба алмашув, ўзбек театрлари билан ҳам ҳамкорлигимиз кучаяди, деган умиддаман.

Мактаб ҳаёти – ҳаёт мактаби

Ўш шаҳар таълим бошқармаси бош­лиғи Аматова Санталат Юсуповна ҳудуддаги таълим муассасалари фаолияти билан таништирди. Бунда, айниқса, “Айданек” болалар боғчаси бизда бой таассуротлар қолдирди.

– Болаларга мактабгача ёшидан бошлаб ҳаётий кўникмалар бериш асосий мақсадимиз. Ёш авлод нафақат билимли, балки соғлом, одоб-аҳлоқли, мустақил фикрловчи инсонлар бўлиб улғайиши керак. Бизда ўзбек мактаб­лари кўп, уларни дарсликлар билан таъминлаш ҳам долзарб вазифаларимиздан. Қолаверса, ота-оналарнинг ўз болаларини рус тилида таълим олиб бориладиган мактабларда ўқитиш эҳтиёжининг ортиб бориши ҳам, она тили таълимини кучайтириш долзарб­лиги ҳам фаолиятимизни замон талаблари асосида ташкил этишимизни талаб қилмоқда.

Умуман, таълим соҳасидаги муаммоларимиз ҳам бир хил экан. Ўзаро тажриба алмашиш жараёнида бир қанча мактаб ва мактабгача таълим муассасалари билан танишдик.

Ўш шаҳридаги ўзбек мактаблари учун дарс­ликлар яратиш маркази ҳам бизда ёрқин таассурот қолдирди. Бу даргоҳда Қирғизис­тон фанлари академияси академиги, Нью-Йорк фанлари академияси аъзоси, Техника фанлари доктори Мамасаидов Муҳаммаджон Тошалиевич ўзбек тилидаги дарсликлар яратиш жараёни, муаллифлар таркиби билан таништириб ўтди: “Марказимиз давлат томонидан молиявий таъминланади. Ҳозир ўзбек мактабларининг барча синфлари учун дарс­ликлар яратилган. Бу борада Қирғиз-ўзбек университети профессор-ўқитувчилари билан бирга ўзбекис­тонлик ҳамкасбларимиз катта ёрдам кўрсатишмоқда. Янги дарсликлар яратиш жараёни маълум даражада ўз ниҳоясига етди. Ҳозир кўпроқ таржимага эътибор қаратилмоқда. Авваллари, алифбо бир хиллигида Ўзбекистондан дарсликлар олардик, ҳозир эса, алифболаримиз турлича, бу айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда”.

Марказда бўлиб ўтган давра суҳбатида, шунингдек, Ўш вилоят кутубхонасидаги учрашувларда Ўзбекистондаги Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева ва бошқалар ҳамкорлигимизни янада кучайтириш бўйича ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Тўқтоғул номидаги Ўш вилоят кутубхонаси директори Бахтигул Мирзаева билан суҳбатимиз ҳам мароқли кечди: кутубхонада халқаро ҳамкорлик ишлари кенг йўлга қўйилган экан.

Тадбирлар якунида Ўзбекистондан келган делегацияни Ўш шаҳар вицемэри Нурбек Қодиров қабул қилди. Бу учрашувда Ўзбекистон Республикаси байналмилал маданият маркази вакили Феруз Беков ва Ўзбекистон Қирғизистон дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов томонидан Ўзбекистондан олиб келинган 600дан ортиқ ўзбек ва қирғиз тилларида чоп этилган бадиий адабиётлар тақдим этилди ҳамда маданий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги навбатдаги вазифалар келишиб олинди.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Тошкент – Ўш – Тошкент,

2023 йил, 30-31 май.