September 15, 2023

ҲАМДАРДЛАР

Байрам АЛИ

(ҳикоя)

Ўспирин қовоқхонага жавдирабгина кириб келганда эркакнинг кайфи аллақачон тароқ эди.

– Ўзбекмисан? – сўради эркак ўспиринни ёнига имлаб чақириб.

Гарчи бу юртда ўзбекларни онда-сонда учратса-да, айни шу дам, айни шу гал меҳри ийиб, юраги бошқача уриб кетганди унинг. Ке­йин эса, одатий ҳол – ҳамма дилкаш улфатлар каби ёш ҳамюртини “меҳмон бўлишга” ундади. Албатта, ўспирин ҳам спиртли ичимлик­лар сотиладиган дўконга кўк чой ичиш учун кирмаган эди. Кўп ўтмай у ҳам сарҳушликда эркакка етиб олди, иккаласи галма-гал бир-бирини чўлпиллатиб ўпар, гўё энг қадр­дон инсонлардай қучоқлашиб, йиғлаб-сиқтаб бир-бирига дардини дастурхон қиларди.

– Не плач, сынок, йиғлама… – эркак кўп йиллардан буён бу юртда юрганидан она тилидаги керакли сўзларни топишга қийналиброқ ўспиринни юпатарди. Унинг юзидан ўпмоқчи бўлар эди-ю, чўччайган лаблари мўлжалда адашиб, йигитчанинг сочлари, қулоқларига босиларди.

– Нега жиламайин, ака, ғирт етимман мен, қип-қизил етимман! Э-э-э, бу ҳаётнинг энасини… – соф воҳа лаҳжасида бўралаб сўкиниб, столни тимдаларди ўспирин. – Кимнингдир отаси йўқ, кимнингдир энаси! Менда шуларнинг иккаласиям йўқ, эшитаяпсизми, етимман, ғирт…

Яна стаканни тўлатиб сипқоришгандан сўнг, эркак сўради:

– Что … ўлганми улар?

– Энам ўтган йили… – ўспирин тағин пиқ-пиқ йиғлаб столни тирнаш­га тушди. – Отам эса... мен учун ўлгандан ҳам баттар! Минг марта, миллион марта баттар! Ҳали чақалоқлигимдаёқ бизни ташлаб, дом-дараксиз кетган. Ўйнаши билан, ҳа ўйнаши билан қочиб кетган, ярамас!

– Ўҳ-ҳ, казёл! Ўҳ-ҳ, тўнғиз! Бунақаларни башарасига… – жаҳлини босолмасдан аввал столга, сўнгра манглайига усма-уст мушт туширди эркак.

– Энам уни шунча пайт кутди, охири куйиб кул бўлди, бечора…

Гапини давом эттиришга монелик бўлмагач, ўспирин одатига кўра столни тимдалаб сўзида давом этди:

– Сиз мени бўйимга қараб гўдак деманг, ака, аслида мен кўрмаган хўрлик­лар қолмаган. Тоғамнинг уйида улғайдим, энам дод солишига қарамай, уйга қамаб урарди-я, номард! Таёқлаб урарди, калтак­лаб!…

– Таёқлаб?! – азбаройи тутаққанидан эркакнинг кўзлари олайиб кетди. – Что-о он… Он псих что ли? Нега уради?

– Мактаб давримданоқ бас деганча “оқи”дан “урардим”, – томоғига чертиб “шинаванда”га хос ишора қилиб қўйди ўспирин. – Лекин нима, ичсам ўзимнинг пулимга ичибман-да! Чексам ўзимнинг пулимга чексам… Ўша вақтлардаям одамларнинг томорқасини суғориб бериб пул ишлардим. Молбозорларга бориб эчки, қўй сотиб олган кишиларнинг қўй, эчкисини бозор чекчисидан яширинча ташқарига чиқариб берардим. Чекка тўланадиган миқдоридан камроқ, уч-тўрт сўм беришарди кейин. У эса… Тоғам эса отам эмасу, отамга ўхшаб насиҳат қилишга уринарди, мол! Неча марталаб “Сиғиндисан!”, “Қачон йўқоласан?” деб энамни қону зардоб қилган, билсангиз. Аслидаям энамни ўшанинг таъналари еди! Мана энди куядиган ҳеч кимим йўқ, санқийвериб шу ерларга келиб қолдим-да, ака…

Столга, бошига муштлайвериб қўли оғриб кетганиданми ёки боланинг ҳикояси ўзининг хиёнат барбод қилган ҳаётини эсига тушириб юборганиданми, эркак маъюс ўйлар гирдобига чўкиб кетди.

– Турмуш қурмадими кейин онанг? – дея сўради.

Ўспирин елкаси оша эркакка ёвқараш қилиб қўйди.

– Йўқ, у ярамасни, бузуқ отамни кутарди. Уйдан лом-мим демасдан кетгани учун қачондир қайтади, деб ишонарди бечора.

Эркак яна ўспириннинг қулоғининг четроғидан чўлпиллатиб ўпди.

– Ой, молодец! Твоя мама ангел! – деди ўпкаси тўлиб. – Мен аёл зотидан нафратланардим. Кўргани кўзим йўқ ҳаммасини! Ишонсанг, аслида олий маълумотли одамман, бир енгилтакни деб бузилиб кетган бутун ҳаётим… Аммо… сенинг онанг фаришта.

– Кимни айтаяпсиз енгилтак, деб? – сўради ўспирин шишада қолган ароқни охирги томчисигача стаканга қуйишга уринаркан.

Бу савол билан у эркакнинг ўз ҳаёти ҳақида гапириб беришига беихтиёр туртки берди.

Сархуш бўлса-да, ғамдан юзлари қорайиб, юзига изтироб кўланка ташлаганидан эркакнинг ҳикояси ўспиринникидан-да аламли экани сезилиб турарди. Бу пайтда келиб унинг кайфи ҳам анча тарқаб қолганди.

– Хотинимни... – деди у, гўё ўзи билан ўзи гаплашаётган алфозда. – Турмуш қурганимиздан кейин тезда фарзандли бўлавермадик. Уни текшириб кўрган дўхтирлар фарзандсизликка сабаб йўқлигини айтишди. Кейин хотинимдан яширинча… ўзим кўриндим. Шифокор… Шифокор эса мендан… анави… нимайди... ҳа, сунъий уруғлик олишни тавсия қилди. Айтдики, бусиз… ҳеч қачон…

Эркак узаниб, мутлақо тингламай қўйган ўспириннинг елкасидан қучди.

– Энди тасаввур қиляпсанми, у менга фарзанд кутаётганини айт­ганда қай аҳволга тушганимни? – деди лаблари қалт-қалт титраб, йигитнинг бошига бошини қўйиб. – Ҳамма дардим ичимда эди. Нима ҳам дей?! Ахир, қандай тилим борарди?!… Ичимда ёнаётган оловни ҳеч нарса боса олмасди, ҳеч нарса! Аламимдан ҳар куни ичиб келиб уни дўппослардим. Уйдан йўқол, бошқасига уйланаман, деб урардим нуқул. Нуқул… атайлаб қорнига тепардим… Аммо Худо бунақа ҳаром-ҳаришни ҳам омон сақларкан, ўша бола туғилди. Ўғил!.. Мен яна бироз вақт чидадим. Бир куни эса тақдирим шу экан, деб хотинимга ҳам, унинг ҳароми боласига ҳам тупурдиму, ўз уйимдан бош олиб чиқиб кетдим… Кейин бу ерларга келиб қолдим. Хуллас, кўриб турганингдай на уйи, на жойи, на оиласи бор бадбахтман…

Энди ҳамдардлар сўзсиз, бир-бирининг елкасига суяниб жимгина ўтиришар, ўспирин ҳар замонда эснаб қўйса, кўзлари жиққа ёш эркак аҳён-аҳёнда манглайига муштларди. Уларга ароқ улашиб турган қовоқхона эгаси эса сал узоқда, уларга ажабланиб қараб қўярди. Йўқ, уни ҳамдардларнинг ҳаё­тий ҳикоялари ажаблантирмасди. Уни ажаблантираётган нарса шу эдики, бу икки ҳамдард бир-бирига мисоли икки томчи сувдек ўхшаб кетарди. Ҳа, уларнинг дўнг пешоналари, туртиб чиққан ёноқлари, қалин қора қошлари-ю, япалоқ бурни айнан ўхшаш эди. “Ота-болага ўхшайди, тавба!” дея ажабланарди мижозлари камлигидан зерикаётган қовоқхона эгаси...

Байрам АЛИ