December 15, 2023

ЖАДИДЧИЛИК ҲАРАКАТИДА ҲОШИМ ШОЙИҚ АФАНДИНИНГ ЎРНИ  

Қадим буюк турк давлатининг асос­чиларидан бири Билга Хоқоннинг битик тошларда ёздириб қолдирган: “Эй туркий элим, ўзлигинга қайт, ўзлигингни англа – янада юксалгайсан!”, деган даъвати юз йил олдин Туркистон мустақиллиги учун курашган жадидлар миллий озодлик ҳаракатининг ҳаётий шиорига айланган эди.

Туркистонда жадидлар ҳаракати халқни замонавий илм-фанга ошно қилиш ва шу йўлда турли соҳаларда ислоҳотлар ўтказиш орқали мухторият ва эркинликка эришишни мақсад қилган эди. Тарих фанлари доктори Саййид Акбар Аъзамхўжаев берган маълумотларга кўра, Туркис­тон бўйича “Шўрои исломия”, “Турон”, “Шўрои уламо”, “Иттифоқи муслимин”, “Иттифоқ”, “Меърожул ислом”, “Мифтаҳул маориф” ва бошқа бир қатор ташкилотлар мавжуд эди. Жадидчилик ҳаракати давомида уларнинг ўз матбуоти шаклланди. 1905 йилдан 1913 йилгача жадидлар Тошкентда “Хуршид” (муҳаррири Мунаввар Қори), “Шуҳрат” (муҳаррири Абдулла Авлоний), “Тараққий”, Самарқандда “Самарқанд”, Тошкентда “Садои Туркистон” (муҳаррири Абудулла Хўжаев), “Осиё” ва “Тужжор”, Бухорода “Бухорои шариф”, “Турон”, Қўқонда “Садои Фарғона” газеталари ва Самарқандда “Оина” (муҳаррири Беҳбудий), Тошкентда “Ҳаййа алассолаҳ” (муҳаррири Абдураҳман Содиқ ўғли) журналларини нашр қилишди.

Биз ушбу мақоламизда ана шундай инқилобий ғоялар ўзанида ўсиб улғайган ва жадидлар ҳаракатининг раҳбарларидан бири, Афғонистонда мустақил Бухоро жумҳуриятининг элчиси бўлган таниқли аллома Ҳошим ­Шойиқ Афанди ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Афғонистонда Шойиқ Афанди лақаби билан шуҳрат қозонган домла Муҳаммад Ёқуб Мухлис ўғли Муҳаммад Ҳошим 1886 йил Марғилон шаҳрида туғилган. Сўнг­ра оиласи билан Бухоро шаҳрига кўчиб келиб, Бухоро мадрасаларида таълим олиб, араб тили ва адабиёти, фиқҳ, мантиқ ва калом илмларини ўша замоннинг машҳур олимларидан ўрганди ва қори Ҳошим номи билан танилди.

Ҳошим Шойиқ ўша даврда Туркистон зиёлилари орасида кенг ёйилиб бораётган жадидлар ҳаракати билан чуқур алоқада эди. Айниқса, бу ҳаракатнинг етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий билан унинг алоқасини Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кутубхонадаги ҳужжатлардан топишга муваффақ бўлдик.

Кутубхонанинг жадидлар матбуоти сақланадиган бўлимида 1905 йилдан 1913 йилгача нашр этилган газета ва мажаллалар қаторида Маҳмудхўжа Беҳбудий бош муҳаррирлигида нашр қилинган “Оина” журналининг 1322 ҳиж­рий-қамарий йил робиул-аввал ойи, 12-сонининг охирги бетларидан бирида қуйи­даги жавоб бор.

“Жавоб: Бухорода жаноби Шойиққа!

Берган одамингиздан идораға етгани бир сўм 45 тийин, унга яраша китоб юборилди. Муштарий бўлғонларга “Оина” юборилиб турибдур. Эҳтимолки, почта муваззийдан (тарқатувчисидан) бошқа киши олиб эгасига бермаса газета ва мажалланинг ҳам ўғри ва муфтхони бўлиб, бу ҳам бадахлоқнинг биридур”.

Юксак истеъдоди билан танилган қори Ҳошим жадидлар томонидан Туркияга юборилади ва 9-10 йил олий таълим олгандан кейин Кавказ орқали Бухорога қайтмоқчи бўлади. Озарбайжонликлар илтимосига кўра, Бокуда бир муддат туриб, маориф соҳасида ишлайди. Бокунинг ашроф ва аъёнлари ўз фарзандларини замонавий таълим олиши учун унинг ихтиёрига берадилар. Бунинг эвазига у жуда яхши даромад топа бошлайди. Ана шу имкониятлардан фойдаланиб, 400 жилддан ортиқ илмий ва адабий китобларни тўплаб, бир катта кутубхонага асос солади. У Бокуда уйланади ва бир қиз кўради.

Шойиқ Афанди ўз акаси билан келишув асосида ўн йилдан ке­йин Бухорода бўлиши шарт эди. Шу сабабли ватанга қайтмоқчи бўлади, лекин озарбайжонликлар унинг қайтиб кетишига рози эмасликларини билдириб: “Сен турк – биз турк, сен мусулмон – биз мусулмон. Бу ер ҳам сенинг ватанинг. Барча керакли шароитни яратиб бердик. Бу ерда уйландинг. Ҳар ҳолда кетишинга рози эмасмиз”, дейишади.

Охири Ҳошим Шойиқ қисқа вақтга бориб қайтишга сўз бериб, Бухорога келади. Жадидлар уни ҳурмат билан кутиб оладилар.

Озарбайжонга қайтиб кетиш вақти етиб келганда унинг кетишга жадидлар йўл қўймайдилар. “Бизлар сени ватанга хизмат қилиш учун Туркияга юборган эдик, энди зарурат чоғида қандай қилиб бизларни ташлаб кетасан?..”, дейиша­ди улар.

Ўшанда амир Олимхон Афғонистонга ўтиб кетган, Бухоро мус­тақил давлат, деб эълон қилинган эди. Олий таълим олган Ҳошим Шойиқ ташқи ишлар вазири ва маориф вазири вазифасини бажарувчиси этиб тайинланади. У педагог мутахассис бўлса ҳам, Закий Валидий Тўғон ўз хотираларида ишора қилиб ўтганидек, ёш давлат келажаги ҳақида ўйларди.

Ёш жадидшунос олим Баҳром Ирзаев эътироф этишича, Мунаввар қори таклифга биноан Бухорога бориб, таълим тизимини кўриб чиқиш учун Ҳошим Шойиқ­нинг уйига борган ва у билан ўқув дас­турини ишлаб чиққан. Шунинг­дек, Раҳмат Рафиқ маълумотига кўра, Анвар пошо ўртоқлари Сомийбек ва Муҳйиддинбек билан Бухорога келганда Озарбайжонда катта шуҳрат ва эътибор қозонган Ҳошим Шойиқни қидириб топади ва бир ҳафта унинг уйида яшайди.

1921 йил Бухоро мустақил давлати большевиклар томонидан ағдарилгандан кейин, Ҳошим Шойиқ Афанди элчилик вазифасидан истеъфо бериб чет элга кетмоқчи бўлади, лекин унинг яқин дўстларидан бири Мавлавий Хол Муҳаммад “Муосирини суханвар” китобида ёзишича, амир Омонуллохон унга мурожаат қилиб, бизда қолинг, сизга кўп эҳтиёжимиз бор, деб илтимос қилади. Устоз Қобулда қолади. У Таълим ва тарбия маркази раиси ва маориф вазири мушовири лавозимларида ишлайди ва янги ташкил этилган адабиёт факультети ва қизлар олий мактабида дарс беради.

Шойиқ Афанди Таълим ва тарбия марказида ишлаб, Беҳбудийнинг “Оина” журналига ўхшаш “Ойнаи ирфон” журналига асос солади ва ўн йилгача уни ўз назорати остида нашр этиб туради. “Ойнаи ирфон” илмий-адабий журнал сифатида дунё илм ва фанидан Афғонистонга қарата очилган бир дарча эди. Ғарб дунёсининг замонавий илм ва фани, чоғдош адабий мактаблари, машҳур олим, адиб ва файласуфларини шу дарчадан кўриш ва уларнинг назарлари ҳамда дунё­қарашлари билан ошно бўлиш мумкин эди. Асосий мақолаларни устознинг ўзи ёзар ёки таржима қиларди. Бу журнал зиёлилар ва ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этди. Кўп йиллардан кейин журнал номи “Ирфон” деб ўзгартирилиб, яқин-яқингача ўз йўналишини сақлаб келди. Мен ҳам бу журналнинг ҳамкорларидан бири эдим.

Профессор Закий Валидий Тўғон ўз хотираларида 1923 йил ҳодисалари ҳақида айрим маълумотларни ёзиб қолдирган. У ёзади: “Кобул шаҳрига етиб келишимиз билан Бухоро элчиси Ҳошим Шойиқни, Бухоро ҳукуматининг собиқ раиси Усмонхўжа ва унинг дўстларини излаб топдик... “Туркистон миллий бирлиги” раиси сифатида Усмонхўжа, Ҳошим Шойиқ, Мирзо Ҳисомуддин ва бош­қаларни чақириб, бундан сўнг қандай ишлашимиз ҳақида батафсил келишиб, баъзи қарорлар қабул қилиш кераклигини айтдим... Қабул қилинган қарорларга кўра, Мустафо Чўқаевни Овропада вакил этиб тайинлаш, Ҳошим Шойиқ­ни Афғонистон ҳукумати рухсат берган тақдирда Японияга юбориш...”.

Бундан маълум бўладики, Шойиқ Афанди жадидлар ҳаракатининг таниқли ва ишончли раҳбарларидан бири бўлган. Шу боис Мустафо Чўқайни Ғарб ўлкаларида Шойиқни Японияда Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг салоҳиятли намояндалари сифатида тайинлашга қарор қилинади. Лекин Афғонистон ҳукумати, Шойиқ Афандига бир йирик олим сифатида жиддий эҳтиёжи бўлгани учун, унинг чет элга чиқиб кетишига йўл қўймайди.

1929 йили амир Омонуллохон ватанидан чиқиб кетишга мажбур қилинади. Нодирхон инглизлар ҳимояси остида давлат ҳокимияти тепасига кўтарилгандан кейин Омонуллохон давлатининг олий рутба раҳбарлари ва унга яқин бўлган шахсларга қарши кўтарилган туҳмат ва истибдоднинг қора тўлқини Ҳошим Шойиқ ва бошқа маърифатпарварларни ҳам четлаб ўтмади. Ҳошим Шойиқ Афанди ҳам сўроққа тортилганлардан бири эди.

Ҳошим Шойиқ Афанди Афғонистонда кечирган 33 йиллик ҳаёти давомида ўзига қарши қўзғатилган туҳматлардан етук ақли, дўстлари кўмаги, ҳокимият ҳайъатига мансуб айрим маърифатсевар кишилар ёрдамида фожиали оқибатлардан омон қолди.

Устоз Ҳошим Шойиқ Афанди ҳижрий 1333 йили (милодий 1954 йил) сунбула ойининг 25 куни ҳаётдан кўз юмди. У устоз Халилийга: “Менинг юзимни шимолга қаратиб дафн этинг­лар”, деб васият қилган экан. Нега деб сўрашганда, “Шу томондан Бухоро шамоли келиб туради”, деб жавоб берган экан. Марҳум Шоиқ Афандидан олти қиз қолди. Катта қизи Нафиса отасидек етук фозила эди, хотин-қизларнинг биринчи журнали “Мирман”га асос солди. Озарбойжонлик қизи Фойиқа Яқубзода устознинг вафотидан кейин Кобулга келиб, оила билан танишган экан.

Шаръий ЖУЗЖОНИЙ,

юридик фанлар доктори, профессор