August 11, 2023

ҲАВАС ҚИЛСА АРЗИЙДИ  

Буюк бобокалонимиз Юсуф Хос Ҳожиб таъбири билан айтганда, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда”. Дарҳақиқат, тараққий этишни хоҳлаган, келажагини ўйлаган ҳар бир миллат, аввало, таълим ва тарбияга эътибор қаратади. Бу икки қудратли восита мамлакатнинг истиқболини белгилайди, фарзандлари руҳан ва жисмонан соғлом юртни ҳеч қандай куч ё мафкура енга олмайди. Бу вазифани амалга оширишда, шубҳасиз, устоз ва муаллимларнинг ўрни беқиёс.

Мамлакатимизда таълим соҳасига берилаётган ­эъти­бордан самарали фойдаланиб, ўз устида тинимсиз изланаётган, эртамиз эгаларини тарбиялашдек шарафли ва масъулиятли юмушга муносиб ҳисса қўшаётган ўқитувчи ва мураб­бий­лар талайгина. Қаҳрамонимиз Сергели туманидаги 6-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби физика фани ўқитувчиси Моҳидил Юлдашева ана шундай фидойи, илғор ва замонавий фикрлайдиган педагоглардан. Моҳидил опа­нинг шу вақтга қадар эришган ютуқларига ҳавас қилса арзийди. У шогирдларига таълим бериш билан бирга, педагогика соҳасида кўплаб муваффақиятларни қўлга киритиб келмоқда.

Моҳидил Юлдашева “Янги авлод” миллий ўқув дастури асосида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-,2-,3- ва 6-синфлари учун “Физика” фанидан дарс­лик яратди. Дарслик илғор методика ва инновацияларга бойлиги, фаннинг назарий асослари содда ва аниқ тушунтирилгани, ўқувчиларни мустақил фикрлаш, мушоҳада қилишга ундаши билан соҳа мутахассислари ва мактаб жамоатчилиги томонидан ижобий баҳоланди. Шунинг­дек, қаҳрамонимиз бир неча педагоглар ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан тайёрланган “Ўқитувчи” китобининг юзага келишида ҳам фаол иштирок этди.

– Физика – аниқ фан. Аниқ фанларни ўқитиш методикаси эса гуманитар фанлардан тубдан фарқ қилади, – дейди Моҳидил опа. – Бу фанни назарий ўрганишда ўқувчи ҳиссиётга берилмай, ақл, мушоҳада, мантиқий тафаккурга таяниши лозим. Ҳар бир ўқувчи – индиви­дуал олам, унинг истеъдоди, билим ва салоҳиятини юзага чиқариш, ҳаётда ва соҳада ўз ўрнини топишига кўмаклашиш – асосий вазифамиздир. Шукрки, ютуқ ва зафарларидан қувонадиган, фахр туядиган шогирдларим бисёр. Улар эришаётган муваффақиятларни кўрганимда, сабоқ ва таълимларим бесамар кетмаганидан, соҳада устоз-шогирд анъаналари давом этаётганидан мамнун бўламан. Иқтидорли шогирдларим ҳозирда Президент мактабларида фаолият кўрсатмоқда. 2019 – 2020 йили 26 нафар ўқувчимнинг 23 нафари олий таълим муассасалари талабасига айланди. Шу натижанинг ўзиёқ қалбимни фахр ва ифтихорга тўлдиради”.

Моҳидил опанинг ўқувчилари физика фани бўйича мамлакатимизда ўтказилаётган фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, Иззат Умаров республика босқичида биринчи, Азиз Азимий учинчи ўринни қўлга киритган бўлса, Тимур Тинчиров шаҳар босқичида ғолиб деб топилди. “Устозимиз ҳар бир дарс ва машғулотга алоҳида меҳр билан ёндашади, – дейди Иззат Умаров. – Физиканинг мураккаб назариясини жуда оддий ва тушунарли тарзда етказиб беради. Шу боис, синфдош­ларим билан бу фанни қунт ила ўрганамиз. Дарсда асло зерикмаймиз, устозимизнинг янги машғулотини интизорлик билан кутамиз. Келажакда аниқ фанларни пухта ўзлаштириб, Ватаним равнақига муносиб ҳисса қўшадиган яхши мутахассис бўлмоқчиман”.

Маҳоратли педагог, соҳасининг ҳақи­қий билимдони Моҳидил Юлдашеванинг халқ таълими ривожидаги хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланди. У 2007 йили “Халқ таълими аълочиси”, 2021 йили “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишонлари, шу йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Бундай эътибордан илҳомланган қаҳрамонимиз ўз устида тинимсиз изланиб, янги муваффақиятларга эришмоқда. 2017 йил “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” Республика кўрик-танловида ғолиб чиққани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Янги Ўзбекистон сўнгги йилларда жадал ислоҳотлар сари юз тутди. Ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида эътирофга лойиқ ўзгариш ва янгиланиш­лар юз бермоқда. Табиийки, узлуксиз таълимнинг асосий босқичи – халқ таълими соҳасига ҳам ҳукуматимиз доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари: “Кимда ким мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши деб ўйласа, мутлақо янглишади”, дея мактаб масаласи умуммиллий ҳаракатга айланиши лозимлигини таъкидлаган эди. Биз қаҳрамонимиз билан суҳбат асносида унинг халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга муносабати билан қизиқдик.

– Таълим соҳасидаги ўзгаришу янгиликлар хусусида кўплаб ижобий фикрлар айтиш мумкин, – дейди Моҳидил Юлдашева. – Биринчи навбатда, ўқитувчи ва педагогларнинг иш самарадорлигини ошириш, фаннинг илғор ютуқ ва тажрибаларини ўзлаштиришига кенг имкониятлар яратилди. Ўқитувчилар беҳуда юкламалар, турли қоғозбоз­ликлардан халос бўлди. Бунинг ўрнига кўпроқ ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши, ўқувчилар билан якка ва қўшимча машғулотлар олиб боришига эътибор қаратилди. Таълим жараёнидаги яна бир муҳим методик ислоҳот – электрон журналларнинг йўлга қўйилгани бўлди. Бундай журналлар қулай ва самарали, ўқитувчининг вақтини тежашга хизмат қилади. Ўз навбатида, электрон журналларни ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам кузатиб бориши мумкин, бу эса уларга фарзандларининг олган баҳоларидан, билим даражасидан мунтазам хабардор бўлиш имконини беради. Шунингдек, мактаб­ларимиз замонавий ўқув жиҳозлари, лаборатория­лар, электрон доскалар ва бошқа воситалар билан таъминланмоқда. Бу, шубҳасиз, таълим сифати ва ўқувчилар билим даражасини оширишга хизмат қилади. Касбимдан доимо фахрланаман. Келгусида шогирд­ларим халқаро фан олимпиадаларида ғолиб чи­қиб, юртимизнинг интеллектуал салоҳиятини жаҳонга танитишини орзу қиламан.

Моҳидил опадек шижоатли, изланувчан, билимдон устозларнинг кўпайиши миллатимизнинг эртанги истиқболи, тараққиёти учун ғоят зарур. Зеро, миллат фарзандларини айнан улар тарбия қилишади, катта ҳаётга йўлланма беришади. Шу боис, бу каби фидойи, заҳматкаш муаллимларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Улуғ маърифатпарвар бобомиз, Туркистон жадидларининг йўлбошчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий “Маориф соҳасида ишлайтурғон мусулмонларнинг бошини силангиз”, дея васият қилгани бежиз эмас, албатта.

Шаҳло АБДУРАСУЛОВА,

Бекобод шаҳридаги ихтисослаштирилганмактаб ўқитувчиси