МУМТОЗ МУАРРИХ
Алишер Навоий темурийлар Уйғониш даврининг нафақат буюк шоири, давлат арбоби, балки тарих фанининг ривожига улкан ҳисса қўшган мумтоз муаррихи ҳамдир. Унинг тарихнавислик фаолиятини қуйидаги йўналишларда тасниф қилиб ўрганиш мумкин.
Биринчидан, Навоий мумтоз муаррих сифатида “Тарихи мулуки Ажам”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” каби тарихий асарларини ёзган. Бу икки асар унинг тарих фани соҳасида ҳам етук мутахассис эканини кўрсатади. Шу жиҳатдан қараганда, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” ва “Тарихи мулуки Ажам” туркий халқлар тарихнавислигининг нодир намуналари ҳисобланади. Бу асарлар XV асрнинг иккинчи ярмида темурийлар давлат бошқарувида бўлган Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий-сиёсий муносабатлар тарихини ўрганишда ҳам муҳим ҳужжатлардир.
Иккинчидан, Навоий ўз даврида кўплаб тарихий асарларнинг яратилишига ҳомийлик қилган. Масалан, Мирхондга етти китобдан иборат “Равзат ус-сафо” асарини ёзиши учун уй совға қилган, моддий таъминотини йўлга қўйган. Бу ҳақда Мирхонднинг набираси Хондамир “Хулосат ул-ахбор”да шундай маълумотни битган: “...Амир Алишер “Халосия” хонақосида ўзининг ҳузур-ҳаловати учун ажратилган хонани ул жанобга бериб, “Равзат ус-сафо”ни ёзишни буюрди. Жаноб бобом иззат ва барокат эгасининг қўллаб-қувватлаши ҳамда ҳидоят хислатли Амир Алишернинг хайрихоҳлигига таяниб, ўша қимматли китобни ёзишга тиришиб ҳаракат қилди ва қисқа вақт ичида бу етти иқлимда тенги йўқ китобнинг VII дафтар(жилди)ини ёзиб тамомлади”.
Учинчидан, Навоий асарларида Шарқнинг машҳур тарихчилари номи ва эътирофини учратамиз. У “Тарихи анбиё ва ҳукамо” ва “Тарихи мулуки Ажам”да Табарий, Жаъфарий, Банокатий, Жувайний, Али Яздийларни тилга олган, “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Хондамирларга атаб алоҳида фиқралар ёзган, “Насойим ул-муҳаббат”да яна Али Яздийга фиқра битган.
Тўртинчидан, Навоий қадимги Эроннинг пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар, сосонийлар сулолалари ҳукмдорлари тарихига ва Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳрух, Улуғбек Мирзо, Абулқосим Бобур, Абусаид Мирзо, Султон Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон Мирзо, Шоҳғариб Мирзо, Кичик Мирзо каби темурий ҳукмдорларга ўзининг бадиий асарларида ҳам алоҳида поэтик лавҳалар, насрий баёнлар бағишлаган. Масалан, “Мажолис ун-нафоис”нинг 7-фаслини асосан Амир Темур ва 21 нафар темурий шаҳзодаларга бағишлаб, уларнинг ўз даври адабиёти ва санъати ривожига қўшган ҳиссалари, ўзларининг ҳам таъби назм соҳиблари бўлиб, баъзиларининг ҳатто ижод намуналаридан девонлар тузганлари ҳақида маълумот беради ва ғазал, байт, мисраларидан мисоллар келтиради. Туркий ва форсий тиллар қиёсига бағишланган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида Султон Ҳусайн Бойқарони тилга олар экан, уни фахр туйғуси билан “Рустами достон” деб, афсонавий қаҳрамон Рустамга қиёслаган.
Маълумки, Навоийнинг “Хамса”дан кейин яратган биринчи йирик насрий асари “Тарихи мулуки Ажам”дир. Унда Ажам шоҳларининг тўртта сулоласига мансуб ҳукмдорлар номи, фаолияти, ақл ва қўл ихтиролари ҳамда давлат ишларига қўшган янгиликлари, адолатга муносабати, давлат ривожи ёки таназзули билан боғлиқ тузуклари, қоидалари, жангу жадаллари, фатҳлари, асарларига оид маълумотларни фиқра шаклида берган. Жумладан, Нўширавони одилнинг ҳукмдор сифатида адолатга баланд эътиборини шарафлаб, унинг башарият учун ёзиб қолдирган уч васиятини “Тарихи мулуки Ажам” асарида келтиради: “Ва анинг сойир салотин учун васиятномаси борким, не дастур била салтанат қилғайларким, бу мухтасарда ул гунжойиш йўқтурким, борчасин битилгай, ики-уч калима била ихтисор қилилди. Ва ул булардурким, адл бир қўрғондурким, сув солиб йиқилмас ва ўт била куймас, манжаниқ била бузулмас. Ва адл ганжедурким, кўпрак олғон сайин, кўпрак бўлур ва озроқ харж қилсанг, озроқ бўлур. Ва хирадманд улдурким, махфий андоқ иш қилмағайким, ошкоро ани қила олмаған ва биров анбида андоқ сўз демагайким, юзига дей олмағай. Урушда душман оз деб ғофил бўлмамоқ керакким, кўп ўтунни оз ўт куйдурур”.
“Тарихи анбиё ва ҳукамо”да пайғамбарлар ва ҳакимлар тарихи мухтасар тарзда ёритилган. Навоий пайғамбарлар тарихига башарият тарихининг бир қисми сифатида қараган. Уларнинг ўз даври, халқни ҳидоятга бошлаши, ақидалари ҳақида маълумот бериб, самовий китобларнинг соҳиблари бўлган пайғамбарлар ва ҳам халифа, ҳам расул, ҳам ҳукмдор сифатида фаолият юритган пайғамбарларнинг ўзига хос ҳаёт йўли, адолати, эҳсони, шафқати, давлатчилик тарихидаги ўрнини ҳам муайян даражада акс эттирган.
“Тарихи анбиё ва ҳукамо”нинг иккинчи қисмида ҳакимлар тарихи келади. Навоий “Ҳукамо зикри”да Луқмон, Фисоғурс, Жомосб, Буқрот, Буқротис, Суқрот, Афлотун, Аритотолис, Балинос, Жолинус, Батлимус, Содиқ, Бузуржмеҳр каби ҳакимларни зикр қилган ва улар тилидан айтилган ҳикматлардан намуналар келтирган.
Навоий асарларида, биринчидан, пешдодий, каёний, ашконий, сосоний каби сулолалар тарихи, иккинчидан, туркий хон ва султонлар тарихи, учинчидан, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар тарихи ҳам тарихий, ҳам поэтик лавҳаларда ёритилган.
Умуман, Навоий пайғамбарлар, ҳакимлар, ҳукмдорлар тарихини ёритар экан, ўз даври ҳукмдорлари ва замондошларига, келажак авлодга ўзининг ҳаётий сабоқларини, илму тажриба маҳсули бўлган хулосаларини, панду ўгитларини ҳам ҳавола қилганини кўрамиз. Масалан, “Фарҳод ва Ширин”нинг Шоҳғариб Мирзога бағишланган бобида Навоий темурий шаҳзода баҳона ўз даври ҳукмдорларига ва келажак авлодга маърифатпарвар шоҳ Мирзо Улуғбекни ибрат қилиб кўрсатган.
Навоий тарихий асарларида сажъдан маҳорат билан фойдаланган бўлса, фиқра ва зикрлар сўнгида тамсил қилиб келтирган шеърларида лафзий ва маънавий шеърий санъатларни маҳорат билан қўллаган.
Юқоридаги фикрларимизга далил сифатида қуйида Навоий “Тарихи мулуки Ажам”да келтирган Луқмони ҳаким, Фисоғурс ҳаким ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, “Насойим ул-муҳаббат”даги Ясси тарихий географик атамаси ва бошқа асарлари матнида қўллаган айрим этнонимлар ва уларнинг тарихи хусусида тўхталиб ўтсак.
Луқмони ҳаким ‒ “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг “Анбиё” қисмида алоҳида фиқра билан зикр қилинган. Навоий у билан боғлиқ кўплаб тарихий маълумотларни кўрганига ишора қилиб: “Тарих аҳлидин баъзи ани ҳукамо силкида мазкур қилибдурлар. Ва кўпрак эл ани пайғамбар дебдурлар”, деб ёзади ва ўзи уни ҳам пайғамбарлар, ҳам ҳакимлар зикрида тилга олади. Навоий келтирган Луқмони ҳаким ҳақидаги хабар ва ҳикоятлар маълум маънода анъанавий характердадир. Масалан, Луқмони ҳаким қул бўлиб, ўз ақл-закоси билан қулликдан озод бўлгани хусусида шундай анъанавий ҳикоятни келтиради: “Яна бири буким, хожа анга буюрдиким, кунжид эк! Ул арпа экти. Хожа сўрдиким, арпа экиб, кунжид нечук топарсен? Дедиким, чун сен ношойист иш қилиб, нечук Тенгри таолодин раҳмат ва жаннат тамаъ қилурсен, мен ҳам дедим: арпа эксак, кунжид шояд бар топқаймен. Хожа мутанаббиҳ бўлуб, ани озод қилди. ...анинг сўзларидиндурким, тўрт минг сўз битибдурлар ва тўрт сўз била ихтисор қилибдурлар. Икисини дойим ёд қилмоқ керак ва икисини унутмоқ керак. Бурунғи икидин бири ўзи қилғон яхшиликдур ва бири ғайри қилғон ёмонлиғ”.
Навоий лирик асарларида ҳам талмеҳ санъати воситасида Луқмони ҳакимнинг ҳакимлиги, донолиги, закосига ишора қилган.
Навоий асарлари матнида маълум бир кент, шаҳар, мамлакат, манзил, маскан тарихини ифодалаган жуда кўплаб тарихий географик атамалар учрайди. Шулардан бири – Яссидир. Ясси (асли Сакси) Туркистон шаҳрининг қадимий номи. Ясси ҳақида тарихий-географик топоним сифатида тарихий ва адабий манбаларда маълумотлар учрайди. Аҳмад Яссавийнинг улуғ номи, “Девони ҳикмат” асари ва Соҳибқирон Амир Темурнинг унинг шарафига Яссида қурдирган маҳобатли мақбараси маълум маънода Яссини дунёга машҳур қилган.
“Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида ҳам Ясси тарихий-географик топоним сифатида тилга олинган. У, асосан, Аҳмад Яссавий ва унинг айрим издошларига бағишлаб битилган фиқраларда учрайди ва баъзи ўринларда Ясси “Туркистонда, Ясси деган ердаки” тарзида битиладики, бундан Ясси ва Туркистон бир тарихий-географик топоним эканини англаш мумкин. Масалан, “Хожа Аҳмад Яссавий” номли фиқрасида: “Туркистон мулкининг шайх ул-машойихидур. Мақомоти олий ва машҳур, каромоти мутаволи ва номаҳсур эрмиш”, деб ёзар экан, яна муаллиф ушбу фиқрада: “...Анинг мозори Туркистонда, Ясси деган ердаки, анинг мавлид ва маншаъдур, воқеъ бўлубдур ва Туркистон аҳлининг қиблаи дуосидур”, деб Ясси шаклида тилга олган.
Чиғатой – туркий қабила, уруғ номи, этноним. Тарихий-адабий манба ва ҳужжатларда чиғатой ҳақида кўплаб маълумотлар берилган. Навоий асарларида ҳам туркий халқ ва қабила-уруғ номи сифатида хабарлар бор. Шоир улардан турли мақсадларда фойдаланган. Навоий чиғатойни сўз ва чиғатой лафзи, чиғатой улуси, чиғатой мирзалари каби бирикма шаклида қўллаган. Мазкур этноним унинг “Наводир ун-ниҳоя” девони, “Мажолис ун-нафоис”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Насойим ул-муҳаббат” каби насрий асарлари матнида учрайди. “Наводир ун-ниҳоя” девонидан ўрин олган етти байтли “Муҳандисе топаю эгнима қанот ясатай, Учуб ҳавосида қушлар аро ўзумни қотай” матласи билан бошланувчи ғазалнинг мақтасида чиғатой сўз шаклида учрайди. “Мезон ул-авзон”да эса, чиғатой халқи тарзида берилган: “Яна турк улуси, батахсис чиғатой халқи аро шойиъ авзондурким, алар сурудларин ул вазн била ясаб, мажолисда айтурлар”.
“Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”да Навоий устози “суҳбати ва сўзи хуш” Саййид Ҳасан Ардашернинг суҳбатдошлари ҳақида гапирганда, ўз даврининг уламою фозиллари ва ашрофу имомлари қаторида чиғатой улусининг бекларини ҳам тилга олган: “Асрнинг уламо ва ашроф ва аиммаси била доим мусоҳиб эрдилар ва чиғатой улусининг олий миқдор беклари улча ёшға ва йўлға алардин улуғ эрдилар ва улча тенг эрдилар, аларни шарафи нафс жиҳатидин ўздин улуғ тутуб, анга кўра таъзим қилурлар эрди”.
Қўнғирот – туркий қабила-уруғ номи, этноним. Бу қабила-уруғ номи ҳақида тарихий-адабий манбаларда эслатма, хабарлар битилган. Алишер Навоий ўзининг ҳам адабий, ҳам тарихий йўналишда ёзган, маълум маънода ҳужжат ҳисобланган “Вақфия” асарида қўнғирот атамасини барлос, қиёт, арлотий, тархоний, уйғур каби туркий қабила-уруғ номлари қаторида санаб ўтган. Бу атама ифодасида насаб билан эмас, балки ҳасаб билан юқори мавқега эришган “қўнғирот” “ҳасаблик мутамаккинлар”ни тилга олган.
Қиёт ‒ туркий қабила – уруғ номи, этноним. Тарихий-адабий манба ва ҳужжатларда қиёт ҳақида кўплаб маълумотлар битилган. Навоий асарларида ҳам шу маънода қўлланилган. Қиёт шоир асарларида бошқа уруғ-қабила номлари қаторида учрайди. “Наводир уш-шабоб” девонидаги ғазалларининг байтида қиёт атамасини қўллаган:
Мен тилаб ҳусн вале шоҳ тилаб аслу насаб,
Менга лўли била ҳинду, анга қўнғироту қиёт.
Алишер Навоий услубига хос хусусиятлардан бири шуки, улуғ шоир уруғ, қабила номларини деярли ёнма-ён қўллайди, мазкур байтда ҳам қиётни қўнғирот билан бирга қўллаган.
Хулоса шуки, Навоий мумтоз муаррих сифатида нафақат тарихий китоблар ёзди, машҳур муаррихлар сиймосини ёритди, балки асарлари матнида маълум бир кент, шаҳар, мамлакат, манзил, маскан тарихини ўзида ифодалаган тарихий-географик атамалар, туркий қабила ва уруғ номлари, этнонимлар тарихи билан боғлиқ хабар, эслатма, лавҳалар битди. Яна даҳо шоир асарларини варақласак, мусиқа, шатранж (шахмат), китоблар тарихи билан боғлиқ маълумотларни ўқиймиз.
Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими,