June 22, 2023

ОРОЛ: КЕЧА ВА БУГУН

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида очилган “Сублимация” деб номланган кўргазма Орол денгизи билан боғлиқ глобал муаммоларга бағишланди.

Мазкур кўргазмада таниқли рассом Абдуҳаким Турдиев Оролнинг айни пайтдаги ҳолатини маҳобатли рангтасвир асари ҳамда ёғочдан ясалган қайиқ инсталляцияси билан уйғунлаштирган ҳолда намойиш этмоқда. Лойиҳа муаллифи Орол денгизи билан боғлиқ экологик ҳалокатнинг глобал муаммоларини кўрсатиб берган.

Экспозицияда устоз рассом Фаим Мадгазиннинг асарлари ҳам намойиш этилмоқда. Бу асарларда бир вақтлар табиатининг ранг-баранглиги чиройли ва жўшқин Оролнинг аввалги қудрати акс эган. Рассом денгизнинг кечаги ва бугунги манзараларини акс эттириб, инсониятни бебаҳо маскан – Ер сайёрасига эҳтиёткорона муносабатда бўлишга чақиради.

Фаим Мадгазин 1951 йил П.П.Беньков номидаги рассомлик санъат билим юртини тугатиб, Нукус шаҳрига келади ва илк ижодий ишларини шу ўлкада яратади. Қорақалпоқ диёрига меҳри тушиб қолган рассом умрининг охиригача шу ерда яшаб қолади. У Қорақалпоғис­тон тасвирий санъатининг бошланғич даврида етишиб чиққан рассомлардан бири. Ф.Мадгазин мўйқаламига мансуб манзаралар, портретлар, натюрмортлар Қорақалпоғистон тасвирий санъатида ўзига хос ўрин эгаллаган.

* * *

Рассом Олимжон Фозилов Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида туғилган. У 1968-1975 йилларда П.П.Беньков номидаги рассомлик санъат билим юртида А.Перов, Ю.Стрельников каби таниқли рассомлардан таҳсил олган. Сувбўёқда расм чизиш техникасини мукаммал эгаллаган рассом кичик ҳажмдаги акварель ишларида ҳам маҳобатли мазмун-моҳиятни аниқ-тиниқ ифодалайди.

Тошкент Фотосуратлар уйида акварель устаси Олимжон Фозиловнинг “Акварель” деб номланган кўргазмаси очилди. Унда рассомнинг сувбўёқда ишланган олтмишга яқин асари, этюд ва хомаки ишлари намойиш этилмоқда.

“Бўзсув”, “Қуриган дарахт”, “Яллама”, “Чиноз отлари”, “Меҳнат”, “Бурчмулла” сингари картиналари томошабинларда яхши таассурот қолдирди.

Сарвара ҚОСИМОВА