October 27, 2023

ТАСВИР ВА МУСИҚА УЙҒУНЛИГИ  

“Юзсиз” фильми мисолида

Ҳар қандай фильмнинг муваффақияти бадиий унсурларнинг ўз ўрнида, тўлиқ ишлатилишига боғлиқ. Бундай унсурлар орасида тасвир инсон тафаккурига таъсир қилса, мусиқа ҳисларни жунбишга келтиради. Кино санъатида мусиқа диалог ва монологлар билан маънавий яхлитликни ташкил этади. Бу ҳолат қаҳрамонлар характери билан ҳам узвий боғлиқ.

Драматурглар орасида қаҳрамон характери ва диалоглар тузиш жиҳатидан Шароф Бошбеков ижоди ноодатийлиги билан ажралиб туради. Адибнинг сценарий ва пьесаларида сатира устувор. Исамат Эргашев режиссёрлигида суратга олинган “Юзсиз” фильми фикримизга далилдир. Экранда фильм ҳақидаги илк титрлар кўриниши биланоқ фондаги мусиқа томошабинда сатирик кайфият уйғотади. Бош қаҳрамон Бегимқул (Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов) ишдан қайтмоқда. Кадрда айнан шу жараён намоён бўларкан, унга ҳамоҳанг мусиқадан қандайдир бир шумликнинг “ҳиди” келиб туради. Бу қандай шумлик экани эса томошабинга бироздан кейин аён бўлади. Яъни ҳашарга тайёрланган лойнинг оқиб кетиши бош қаҳрамоннинг қўшниларга тайёрлаган “сюрпризи” эди. М.Маҳмудов шу воқеадан келиб чиқиб, воқелик билан мусиқа орасида маънавий боғланиш топа олгани унинг нафақат юксак маҳоратли бастакор эканини, балки драматургияни теран ҳис этишини ҳам кўрсатиб турибди.

Фильмда бош қаҳрамонни бош­лиқнинг хонасида уни кутиб турган эпизоди мавжуд. Ушбу мураккаб эпизодда бастакорнинг маҳорати Бегимқулнинг характери ва кадр динамикасини мусиқа воситасида ифодалай олинганидадир. Мазкур ҳолат сценарий муаллифи, режиссёр ва рассом, оператор ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир. Бастакор фильм қаҳрамонининг бошлиқ хонасидаги безовталанишини мусиқага таҳликали оҳанг­ни сингдириб юбориш орқали кўрсатиб беради. Фильмда мусиқа икки муҳим вазифани бажарган. Биринчидан, бош қаҳрамоннинг ички руҳиятини очишга хизмат қилган бўлса, иккинчидан, фильм воқеаларининг бадиий яхлит ҳолга келишига кўмаклашган. Масалан, ижарачи кампир (Р.Иброҳимова) сўзлаётган пайтдаги мусиқий фон аввалги ҳолатлардан тубдан фарқланади. Яъни олдинги кадрлардаги мусиқада қаҳрамон ҳаракатларидаги қитмирлик, шумликка хос оҳанг бўлса, кейингисида оҳанг сўзлашувчилар диалогига фалсафий руҳ бериб туради. М.Маҳмудов кўпгина ҳолатларда такрорий мусиқий оҳанг орқали, фильм ғоясидан оғишмаган ҳолда, муайян воқеалар тизимида қаҳрамон характерини тўлақонли очиб беришга муваффақ бўлган.

Юқорида айтиб ўтилган жиҳатлардан ташқари, Кумушнинг (Ю.Ҳамидова) туғилган кунида мусиқа туфайли томошабин соф туйғулар оҳангига, романтик кайфиятга ошно бўлади. Кумуш ва Бегимқулнинг суҳбатида қаҳрамоннинг сўзга усталиги яна бир бор кўзга ташланади. Бош қаҳрамон ортига қайтар экан, К.Қаюмов томонидан куйланган қўшиқ қаҳрамоннинг ички ҳолати, айни жараёнда кечаётган ҳис-туйғуларининг таржимони бўлиб хизмат қилган. Яъни қўшиқ бош қаҳрамонда аввалдан маълум бўлган хислатларни янада ойдинлаштиради. Қўшиқ орқали қаҳрамоннинг барча қилмишлари, атрофдагиларга ва жамиятга салбий муносабати ойдинлашади. Чунки у барча бахтсизликларига ташқи кўриниши сабаб деб ўйлайди. Қизиғи шундаки, бу ҳолати учун гўёки жамиятнинг ҳам айби бордай туюлади, шунинг учун ҳам у ҳеч нарсани шунчаки унутиб юбормайди. Масалан, сиҳатгоҳда тўқсон тўққизинчи хонадаги аёл билан содир бўлган воқеадан анча ўтиб, бирга дам олаётган шериги Холдор аканинг (П. Саидқосимов) умуман бошқа мавзудаги сўзларидан ўша хонани эслайди. Орқа фонда янг­раган айёрона руҳдаги мусиқа фильм қаҳрамони имкон бўлди дегунча ўч олишни мақсад қилганини англатади. Бу кадр­даги аламли, изтиробли дард томошабинга янада таъсирли бўлишида режиссёр талқини, актёр ижроси билан бирга, мусиқа ҳам муҳим ўрин тутган. Қаҳрамон операция столидан туриб, токи айтилган хонага боргунича мусиқа янграб туриши орқали фильмга рамзийлик сингдирилади. Мазкур эпизоднинг маъноси шуки, қаҳрамондаги ташқи кўриниш ўзгаргани билан унинг феъл-атвори зиғирча ўзгармаган. Кўп ҳолларда кадрларни мусиқасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Яъни лавҳа қисқалиги туфайли ҳолат сўзни кўтармайди. Кадр чўзиладиган бўлса, оҳор йўқолиб қолади. Бундай вазиятда кадрнинг мазмун-моҳиятини ва эмоционал даражасини тўлақонли ёритиш учун бирдан-бир тўғри йўл мусиқадан фойдаланишдир. Таҳририятга раҳбар бўлиб келган Бегимқулнинг ходимлар билан танишиш пайтида Кумуш билан нигоҳлари тўқнашуви кўрсатилган қисқа эпизодда икки қалбнинг бир-бирига бўлган туйғулари романтик оҳанг орқали ёритилади. Фильм­нинг энг юқори нуқтасида икки қаҳрамон диалоги ва бу жараёнда янг­раган қўшиқдаги:

Ўзгарди юз, ана қомат,

Кулиб боқди сенга омад,

Юрак муздир то қиёмат.

Бағрингга гул эколмадинг,

Хунук хулқни буколмадинг, –

жумлалари ва якунидаги кадр томошанинг хулосавий қисми бўлиб хизмат қилади. Қўшиқлар танланганида бастакорнинг драматургиядан келиб чиқиб ёндашгани фильм муваффақиятига сезиларли ҳисса қўшган.

Умуман олганда, сценарий, тасвир, режиссёр талқини, актёрлар ижросидан келиб чиққан ҳолда мусиқанинг бадиий яхлитлиги фильм­нинг ғоявий яхлитлигини таъминлаган. Бинобарин, композитор М.Маҳ­мудов­нинг “Юзсиз” фильмига ёз­­ган мусиқаси тасвир ва мусиқа бадиий уйғунлигининг етук намуналари­дан бири, де­йиш мумкин.

Шуҳратбек ИСЛОМОВ, киношунос