August 3, 2023

ФИДОЙИ ТЕАТРШУНОС ЭДИ  

Дилфуза Раҳматуллаева

Дилфуза Раҳматуллаева ҳақида... кечагина ёнимизда театр санъатининг бугуни ва эртаси ҳақида қайғуриб, куйиб-ёниб мақолалар ёзиб юрган, ­театр билан боғлиқ бирор янгиликни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилиб, тадбирларда, муҳокамаларда ўз фикрида собит туриб, ҳамиша фаол бўлган самимий инсон, илмий тафаккури, дунёқараши кенг зиёли аёл, ҳам­фикр, яхши суҳбатдош ҳақида хотира ёзиш чинданда оғир.

Эҳтимол, шу боисдан ҳам санъатшунослик фанлари доктори, профессор Дилфуза Раҳматуллаева ҳақида хотира ёзишга анча вақт қўлим бормагандир. Лекин бугун ўйлаб қарасам, Дилфузахон ҳақида билганларимни қоғозга тушириш мен учун ҳам қарз, ҳам фарз экан. Чунки газетадаги қирқ беш йиллик фаолиятим давомида театршунос олима Д.Раҳматуллаева билан жуда кўп мулоқотда бўлганман, вилоят ҳамда пойтахтимиз театрларида саҳналаштирилаётган спектакллар кўригида кўп марта қатнашганмиз. Пойтахт театрларидами ёки вилоятдами, бундан қатъий назар, спектакллар муҳокамаси пайтида Д.Раҳматуллаева ҳар бир фикрини одамларга оғир ботмайдиган тарзда ифодалар, фикрларини илмий нуқтаи назардан асослаб айтишга ҳаракат қилар, камчиликларни босиқлик билан тушунтирар, ютуқлардан барча билан бирдек қувонарди.

Албатта, ижодий сафарлар пайтида кимнинг ким экани яхши билинади. Шу маънода Дилфуза Раҳматуллаевадаги энг асосий фазилатлардан бири камтарлик ва хушмуомалалик бўлганини алоҳида айтиб ўтишни истардим. Кўп йиллик фаолиятим давомида санъат соҳасида иш олиб бораётган кўплаб мутахассислар билан мулоқотда бўламан, суҳбатлашаман. Ҳар қайсисининг ўзига яраша феъл-атвори, муомала маданияти, бор. Мен билган санъатшунос олимларнинг аксарияти маданиятли, билимли, оғир-босиқ, мулоҳазали инсонлар. Дилфуза ҳам айнан шундай хислатларга эга бўлиш билан бирга, ниҳоятда ҳозиржавоб ижодкор эди. Саҳнада бирон янги асар туғилса, албатта, бу ҳақда унинг ўз фикри бўларди. Олиманинг яна бир ўзига хос томони, ҳар қандай танқидий фикрни бировнинг шахсиятига тегмасдан, ётиғи билан айтишни уддаларди. Бу муносабатни газета-журналларда эълон қилинган мақолаларида ҳам кўришимиз мумкин. Д.Раҳматуллаева сўнгги йилларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” таҳририяти билан мунтазам алоқада бўлди. Энг фаол театршунослардан бири сифатида бирор спектакль ёки санъатга доир мавзу ҳақидаги фикрларини қоғозга тушириб беришини сўраганимизда, ёзиш билан чекланиб қолмасдан, ўзи ҳам турли мавзудаги мақолалари билан таҳририятимизга мурожаат қилиб турарди.

Дилфуза Раҳматуллаеванинг жонкуярлиги, фидойилиги ҳақида алоҳида тўхталишни истардим. Зеро, у театр ҳақида гап кетганида чарчаш нима эканини билмасди. Бунга умрининг охирги кунларидаги фаолияти яққол мисол бўла олади, деб ўйлайман. Ўша кунлари у ниҳоятда тиғиз жараён ичида яшаганидан хабарим бор. Чунки ёш режиссёрлар кўригида бир неча кун бирга бўлдик. Дилфуза деярли ҳар бир спектаклни кўришга, фикр билдиришга ҳаракат қиларди. Айнан ўша кунларда ўзининг иккита охирги (афсуски) китоби тақдимотига ҳам тайёргарлик кўраётганди. Биттаси “Тарих ва театр” деб номланган катта ҳажмдаги монография бўлиб, ушбу асар тарихий драманинг бир асрдан зиёд давр мобайнида босиб ўтган йўли ҳақида муҳим маълумотлар бериши билан қимматли. Иккинчиси, ўзбек саҳна санъатининг етук дарғаларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимованинг ибратли ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “Саҳнага бахшида умр: Рихси Иброҳимова” деб номланган китоб эди. Ҳар икки китобнинг ҳажми, салмоғи уни ёзиш учун муаллиф қанча бедор куну тунларни, қалб қўрини бахшида қилганини яққол намоён этиб турибди. Ҳар икки китоб тақдимоти ёш режиссёрлар кўрик-танловининг якуний тақдирлаш маросимида бўлиб ўтди. Шу куни тадбирга йиғилганлар Дилфузанинг кўп йиллик меҳнати самарасини ёруғ юз билан кўрганига гувоҳ бўлдилар. Саҳнада у ниҳоятда ҳаяжонда, дилбар, айни пайтда сал ҳорғин қиёфада кўринди. Олиманинг сўзларидаги самимият, кўзларида порлаган қувонч ва шодлик учқунлари йиғилганларга ҳам хушнудлик улашди.

Афсус­ки...

Ҳа, шу куни Дилфуза Раҳматуллаевани сўнгги бор кўраётганим хаёлга келибдими дейсиз! Бу ҳақда ёзиш, ҳатто ўйлашнинг ўзи оғир. Аммо ўлим ҳақ экан: шундай дилбар аёлни, оила бекасини, бир-биридан ақлли, одобли фарзандлар онасини, ўзбек миллий театрининг зукко билимдони, яхши бир театршуносни, синглимдай қадрдон бўлиб қолган самимий инсонни орамиздан олиб кетди.

Таскин берадигани шуки, ортида ҳамиша дуо билан ёдга оладиган оиласи, фарзандлари, қариндошлари, ёру дўст, қадрдонлари, ҳамкасблари, шогирдлари, ширин-шакар набиралари қолди. Илоҳим, Дилфузанинг охирати обод бўлсин!

Гулчеҳра УМАРОВА,

журналист