June 15, 2023

«ЭЛ БАХТИ БИРЛАН...»

Қурбон Муҳам­мад­ризо

Бу йил қутлуғ саксон бешинчи баҳорини қаршилаётган Қурбон Муҳам­мад­ризо­нинг Ватан, халқ, одоб-ахлоқ, муҳаббат мавзуларидаги кўплаб лирик шеърлари Бобомурод Ҳамдамов, Султонпошша Ўдаева, Оғабек Собировлар томонидан севиб куйланган.

У бир қатор драматик асарлар муаллифи. Жумладан, “Бугуннинг шум боласи” асари Абдулла Қаҳҳор номидаги респуб­лика сатира театрида, “Тўй” спектакли Сирдарё; “Махтумқули”, “Қасам ва виж­дон”, “Айбдорлар” ва бошқа пьесалари Хоразм вилоят, шунингдек, қардош халқлар театрларида саҳналаштирилган. Адибнинг икки жилдли “Сайланма”си босилиб чиққан. Биринчи жилдда шеърий, иккинчи жилдда эса драматик асарлари жамланган. Махтумқулининг серташвиш, долғали ҳаётини ўзида мужассам этган “Махтумқули” тарихий-биографик романи унинг салмоқли ижодий интилишлари самараси бўлди. Бундай саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ “Қуръон ва Махтумқули шеърияти” номли эссеси юзага келди.

Сўнгги йилларда ёзувчининг “Беруний” номли романи китобхонлар қўлига тегди. Қадимги Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Хуросон халқлари тақдири асар бадиий воқелиги асосини ташкил этди. Адиб буюк сиймолар Ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маъмун ибн Муҳаммад сингари тарихий шахслар атрофидаги ижтимоий-маданий муҳит тас­вирини бир-бирининг зидди бўлган одам ва олам, фано ва бақо, садоқат ва хиёнат, илм-маърифат ва жаҳолат каби азалий тушунчалар асосида бадиий идрок этишга интилди. Романни ёзиш асносида адиб Табарий, Беруний, Ибн ал-Асир, Ибн ал-Қалбий, Мақдисий, Истахрий, Идрисий, Ибн Фадлон, Ибн Хавқал, Маҳмуд Кошғарий, Ибн Батута, М.Е.Воеводс­кий, Я.Ғуломов, М.Йўлдошев асарларига мурожаат этган. Шунга қарамай, романни ўқирканмиз, адиб кўпинча С.П.Толстов қаламига мансуб “Қадимий Хоразм цивилизациясини излаб” асарида келтирилган тарихий маълумотларга асосланиб иш кўрганига амин бўламиз. Муҳими, романда ёзувчи қадим аждодларимизнинг ижтимоий-иқтисодий, диний-фалсафий қарашлари, олам ва одам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одат ҳамда маънавий қадриятларидан келиб чиқиб иш кўрган. Шунингдек, олам нур-зулмат, ҳаёт-ўлим, тана-жон, яхшилик-ёмонлик, эркинлик-тобелик син­гари дуалистик тушунчалар курашидан иборатлиги тўғрисидаги анъанавий концепцияга таянган.

Қурбон Муҳаммадризо асарда она замин дардига қулоқ тутароқ, тарихни замон билан боғлашга, инсон зоти, миллату мазҳабидан қатъий назар, бир-бири билан яқин биродар эканини уқтиришга ҳаракат қилган. Роман композицион қолип­лаш усули (ҳикоя ичида ҳикоя) тарзида битилган.

Роман билан танишиш асносида миллий насримизда нисбатан кам тилга олинган: хоразмийлар, славянлар, булғорлар, бечанаклар, ҳазоронлар ҳаёти ва кечмиш­ларидан ҳам воқиф бўламиз. Асарда ўзаро тил топиша олмаган Искандар, Жамшид, Муовия, Доро, шунингдек хоразмийлар, сомонийлар, ғазнавийлар, қорахонийлар сулоласининг ҳукмдору саркардалари образларини учратамиз, Абу Аббос ибн Маъмун сингари ислоҳотчи ва маърифатпарварлар тақдири билан танишамиз.

Адиб романда жасур қаҳрамон Доруғон, Хушқомат, Райҳона каби тўқима образларни чизишда халқ эпосларидан илҳомланган. Асарга қадимий эпосларга хос синов, жанг каби мотивларни олиб кирган. Пихини ёрган хоин Нурали алдовларига учиб, ўз халқи ишончини суиистеъмол қилган ва мамлакат парчаланиши, халифаликка қарам бўлишига улуш қўшган масъулиятсиз, ҳамиятсиз шоҳ Чоғон ҳамда эрк ҳимоячиси Ҳурзод образлари қиёсланган ўринлар таъсирчан чиққан.

Қуромбой ака анчадан бери буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад ал-Хоразмий ҳаёти ва ижоди ҳақида тарихий-биографик роман битиш истагида юрарди. Бундан бир йилча олдин “Ирфон ва тўфон” номли романини олиб келди. Таъкидлаш ўринлики, романга берилган “Ирфон ва тўфон” деган номдаги “ирфон” сўзи донишманд олим – Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ёхуд “Байт ал-ҳикма”даги маърифатпарвар ва билимдон олимлар жамоаси маъноларини англатади. “Тўфон” сўзи эса, аллома яшаган давр ижтимоий талотўплари ва унинг мураккаб шахсий ҳаёти, муҳити маъноларида тўғри қўлланган.

Романда Ўрта Осиё Шарқдаги муҳим фан ва маданият маркази эканига урғу берилади, яъни даставвал даврнинг умумий манзараси ёритилади. Адиб “Ҳикматлар уйи”нинг ташкил топиши, таркиби, вазифалари, Ал-Маъмун сиёсий фаолияти ва илм-фан ҳомийси эканига диққатни қаратади. Сўнгра Бағдодда юзага келган йирик кутубхона ва таржима маркази, фалакиёт, риёзиёт, табобат, кимё ва география илмлари ривож топгани тасвирланади. Асосий эътибор Ўрта Осиё олимлари, хусусан, Ал-Хоразмийнинг Бағдоддаги илмий фаолиятини ёритишга қаратилгани боис, унинг биографияси баён қилинади, йирик асарининг юзага келиш жараёнлари, мазмун-моҳияти ва манбалари имкон қадар шарҳланади.

Тарихий-биографик роман ҳажман каттагина бўлиб, асар бошида келтирилган “Муаллифдан” номли изоҳ ҳамда роман сўнгидаги “Интиҳо” қисмларидан ташқари 48та кичик фаслларга бўлинган ва ҳар бир фаслга алоҳида сарлавҳалар қўйилган. Асарда Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг ёшлик, ўспиринлик даврларидан бошланиб, унинг Хуросон, Бағдод, Марв, Дамашқ, Ҳиндистон, Мисрдаги фаолияти, илмий изланишлари тўла қамраб олинган. Муаллиф “халқ оммаси” ва “ҳукмрон табақа” муносабатларидан зиддият излаш стереотипидан тўла қутула олмаган бўлса-да, бу ҳол унинг маърифий бирлик ва илм-фан тараққиётига ишонч ғоя­сини тарғиб этишига монелик қилмайди.

Қурбон Муҳаммадризо атоқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги арафасида ўн беш қисмли “Комилжон Отаниёзов” мусиқали драмасини ёзиб тугатди. Унда ўзбек мусиқа санъати тарихида, айниқса, унинг XX асрдаги равнақида беназир овоз соҳиби, созанда ва бастакор, оташнафас ҳофиз сифатида эътироф этилган, ижодий мактаб яратган, Ватанга муҳаб­бат, севги ва садоқат, эзгулик, меҳр-оқибат каби юксак инсоний туйғуларни авж пардаларда куйлаган Комилжон Отаниёзов феномени ҳамда буюк хизматлари ўзининг бадиий ифодасини топди.

Асарда К.Отаниёзов санъат воситасида халққа хизмат қилишни ўз ҳаёти, бутун борлиғининг маъно-мазмуни деб билган қисқа умри давомида мумтоз мусиқа санъатимизни янги, юксак босқичга кўтарган инсон сифатида тасвирланган, ўзининг ноёб, соҳир овози билан ўзбек маданиятини жаҳонга танитган ҳофиз сифатида муносиб баҳоланган. Комилжон Отаниёзов қаламига мансуб:

Ўйласанг ўз бахтингни, эл бахти бирлан ёр эт,

Эй, Комил, номингни сен яхшилар ичра бор эт -

байти мусиқали драманинг лейтмотиви, адабий қаҳрамон маслак-эътиқодини белгиловчи етакчи концепцияга айланган.

Қ.Муҳаммадризо асарларининг ўзига хос хусусиятларидан бири уларнинг театр ва кино санъатига ҳам мўлжаллаб ёзилганида намоён бўлади. Зеро, драматургияда қалами чархланган муаллиф асарнинг саҳна ижросини ҳам кўзда тутади.

Саксон беш ёшни қаршилаган, аммо фикран навқирон адиб олис ва яқин тарих ҳақиқати, тарихий шахслар образини ­бадиий тасвирлаш орқали замондошларимизни руҳий уйғоқлик, фикрий кенглик сарҳадларига олиб чиқишни кўзлайди.

Оқсоқол адибимизга шу эзгу йўлда куч-қувват, узоқ умр тилаймиз ва ундан янги, оҳорли асарлар кутиб қоламиз.

Исломжон ЁҚУБОВ,

Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори.