August 3, 2023

“ТАБИАТ ЧОҲИДИН РУҲУНГНИ ҚУТҚАРКИМ...”

Алишер Навоийнинг ошиқона руҳда ёзилган ҳар бир ғазали замирида вафо аҳли, вафо ва жафо ва унинг ботиний ҳазинлиги мунаққаш этилган. Зеро, бу синоатни улуғ шоир кўнглига болалик йилларидаёқ, азал ишқ суратгари (Оллоҳ) нақш этган эди. Чунки шоир шеърияти вафо тасвирининг бу қадар синоатдорлиги киши кўнгил мулкининг ички кенгликларига ҳам бир зарурият пайдо қилади. Улуғ шоир асарларидаги бундай ғазаллар зоҳирий ва ботиний бадиий кайфият уйғунлигининг маҳсули бўлиб, уларнинг аксари вафо тимсоли руҳида ёзилган. Зотан, бунга мисол тариқасида Навоий шеъриятида бадиий ғояни ифодаловчи, ҳам ботиний-рамзий, ҳам тасаввуфий маъноларга уйғун шеърий образлар қаторида вафо тимсолини ҳам санаб ўтиш мумкин. Навоийнинг ўзи эътироф этганидай “Нуқта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам, Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз”. Биз қуйида шарҳлашга уринаётган «Ғаройиб ус-сиғар»нинг 506-ғазалида қўлланган вафо – поэтик образ, ирфоний рамз ҳисобланади. Бу тимсол қўлланилишининг айнан ана шу ғазалнинг матлаъидан бошланишида ҳам катта маъно бор. Ана шу ғазални тўла матнини келтирамиз:

Вафо аҳлиға даврондин етар жавру жафо асру,

Жафосидин анинг озурдадур аҳли вафо асру.

Буким, аҳли вафо ноёб эрурлар андин эркинким,

Бу эски тоқ аларға ёғдурур гарди бало асру.

Фалак дарди иложи чиқмай андин кимса топмайдур,

Магар ноёб эрур ул ҳуққа ичра бу даво асру.

Гаронжонлиғни қўй, жон бер, тилар бўлсанг дури мақсуд

Ки, оламда оғирдур ушбу жавҳарға баҳо асру.

Фидо жонимни айлаб, олам аҳлидин тамаъ қилдим

Вафо, астағфируллоҳ, қилған эрмишмен хато асру.

Ризо аҳлин сиёсат тиғидин қўрқутмағил, эй шаҳ

Ки, қатлингдин сенинг қўрқарға ўлмайдур гадо асру.

Табиат чоҳидин руҳунгни қутқарким, хуш эрмастур

Қафас қайди аро булбулға бўлмоқ мубтало асру.

Чу кавсар жоми зикри қилмади рафъ ўзлугум қайдин,

Бу ранжимға ҳамоно нафъ этар жоми фано асру.

Ҳавойи гулшани қудс эт, Навоийким, хуш эрмастур

Зағанлар бирла бу гулшанда бўлмоқ бенаво асру.

Ушбу 9 байтли ғазалда, асосан, вафо ва унинг табиат уйғунлигидаги ўта нозиктаъб ботиний-руҳий ҳаракат зайли тараннум этилган. Энди байтлар шарҳига ўтайлик.

Вафо аҳлиға даврондин етар жавру жафо асру,

Жафосидин анинг озурдадур аҳли вафо асру.

Байт мазмунини икки хил йўналишда таҳлил этиш мумкин. 1. Байтнинг зоҳирий маъноси: бу дунё кўпроқ вафодорларнинг кўнглига озор беради, илло улар кўнгил кишиси эрурлар ва шу боис унинг зуғумкор жафосидан умрларининг сўнггигача ғам чекадилар. 2. Тасаввуфий маъноси: вафодор мудом Оллоҳнинг амри билан ёки Азал амри билан иш тутади. Чунки у Раббисига иқрор бўлган кунидан бошлаб У билан аҳд тузган зотдир. Модомики шундай экан, даврондан етаётган ҳар қандай ситам, зулм асли унинг қисматидир. Уни сабр, чидам ва бардош билан қаршилайди ва бундан ҳузурланади. Байтда бу тавр вафо ва жафо ўртасидаги чуқур ўзаро рамз ва ботиний ишоралар билан чўнг бир нурланиши кишини янада ҳайратлантиради. Зеро, тасаввуф адабиётида ўлим – ошиқнинг мақсади, ёри – Оллоҳга етишишда ягона восита ҳисобланади. Ғазалда вафо юксак даражада тасвирланган. Ёрга садоқат тасвири орқали Яратганга, тариқатга бўлган садоқат мужассам. Бу турдаги ғазаллар чуқур маъно ва гўзал бадииятни мужассам этгани билан бебаҳодир. Бу ўринда байтнинг маъноси вафо тимсоли сифатида кўзга ташланади.

Буким, аҳли вафо ноёб эрурлар андин эркинким,

Бу эски тоқ аларға ёғдурур гарди бало асру.

Байт мазмуни: азалдан вафо аҳли ўта камёб бўлиб келган. Зеро, бу кўҳна дунё уларнинг бошига чек-чегарасиз бало чанг-тўзонларини ёғдиради. Бундаги ботиний рамз шуки, вафо моҳиятини англамаган инсон қулфаҳм, мол-дунё кишиси бўлиб қолаверади. Чунки улар вафо аҳлининг ботиний ҳузурларидан бебаҳрадирлар. Аслида, бало ғуборлари азалдан Оллоҳнинг севган қуллари устига ёғдириб келинган. Бу ҳам бир неъмат ва ҳикмат. Бир куни, албатта, унинг ажри бўлади.

Фалак дарди иложи чиқмай андин кимса топмайдур,

Магар ноёб эрур ул ҳуққа ичра бу даво асру.

Байт мазмуни: худди қимматбаҳо тошлар солиб қўйиладиган қутича ичидаги ноёб матонинг чораси бўлмагани каби ҳеч ким бу дунё муҳаббатидан, ғамидан узилмагунча ҳеч нарсага эришолмайди. Ёки: бу кўҳна фалак вафо аҳлининг бошига кўп дарду бало тошини ёғдиради, улар бу дарду бало остида йўқ бўлиб кетадилар. Шунинг учун бундай кишилар жуда ноёб саналади. Ушбу байт маъноси кейинги мисраларда янада ойдинлашади:

Гаронжонлиғни қўй, жон бер, тилар бўлсанг дури мақсуд

Ки, оламда оғирдур ушбу жавҳарға баҳо асру.

Байт мазмуни: интилишингга сабабчи бўлган нарсани астойдил истаган бўлсанг, оғиртабиатлигингни бир чеккага суриб қўйда тезда руҳингни уйғотиб, руҳий ҳаракатда бўлишинг жоиз. Ахир, биласан-ку бу дунёда ўша сен истаган нарсанинг асл қийматини баҳолаш қанчалик қийинлигини...

Ўзбек мумтоз адабиётида образлилик тушунчаси табиат ҳодисалари, наботот, ҳайвонот ва, ҳаттоки, жонсиз нарсаларни ҳаракатга келтириш, гапиртириш натижасида янгича мазмунга эга бўлган ҳодисалар йиғиндиси сифатида майдонга келди. Образлилик, умуман олганда, бадиийлик демакдир. Хоссатан, инсон учун энг қайғули нарса аслида вафосизлик кўйига тушиб қолишдир. Бу тушунча яхлит асарни қамраб олиши билан характерланади:

Фидо жонимни айлаб, олам аҳлидин тамаъ қилдим

Вафо, астағфируллоҳ, қилған эрмишмен хато асру.

Байт мазмуни: Ўзинг кечир Оллоҳим, мен жонимни минг ўтга ёқиб инсонлардан вафони истаб, кўп хатога йўл қўйибман. Бу, ахир, имконсиздир.

Ризо аҳлин сиёсат тиғидин қўрқутмағил, эй шаҳ

Ки, қатлингдин сенинг қўрқарға ўлмайдур гадо асру.

Ризо аҳли – Биру Бор розилигини топган авлиёлар, сўфийлар, комил кишилар. Байтдаги бу иборанинг сўфиёна талқини Оллоҳ билан аҳд тузган, унга иқрор бўлган ва унинг амри билан содиқ хизматкорлар каби руҳий ҳаракатдаги зотлардир. Шунга кўра байтнинг умумий мазмуни қуйидагича: эй шоҳ, ҳа деб ризо аҳлини сиёсат тиғи билан қўрқитавермагин. Улар учун дунё ташвишлари ҳеч, яъни арзимас нарсадир. Ҳатто гадо ҳам сенинг қатл этмоғингдан қўрқмайди. Илло, уларнинг ҳар иккисини ҳам бу дунёда ушлаб турадиган ортиқ ҳеч нарсаси қолмаган.

Табиат чоҳидин руҳунгнн қутқарким, хуш эрмастур

Қафас қайди аро булбулға бўлмоқ мубтало асру.

Агар ботиний кўз билан қаралса, табиат ҳам аслида инсон учун бир қафас, зиндон каби. Бу ҳолат четдан шу тафаккур кўзлари билан қаралгандагина янада ёрқинроқ намоён бўлади. Чунки инсон табиатдан фақат ҳузур-ҳаловат мақсадида фойдаланса, унинг кўркамлигига ошуфта бўлиб юраверса, шу кўйга тушади. Аслида, у вақти-вақти билан ёки доимо ундаги ҳар бир майса, ҳар бир дарахт ва унинг япроқлари билан сирлашиши, уларнинг шивирлашишини тинглаши керак. Ундаги денгиз тўлқинлари алёрларидан тортиб булоқларнинг жилдираб оқишини ботиний ҳис этмаса, акс ҳолда бари бефойда. Ўшандагина у Биру Бор синоатини англайди ва ниҳоят, ўзлигини ҳам теран идрок эта бошлайди. Шунинг учун улуғ шоир ушбу байтда баралла табиат чоҳидан, яъни табиат зиндонидан руҳингни қутқар деб, ёзғиради. Ва буни қафасда ториқиб тутқун бўлган булбулнинг аҳволига менгзайди:

Чу кавсар жоми зикри қилмади рафъ ўзлугум қайдин,

Бу ранжимға ҳамоно нафъ этар жоми фано асру.

Байт мазмуни: ҳатто ҳавзи кавсар, яъни жаннат булоғи ёди ҳам ўзлигимни юксалтирмади. Бу оғриқли ҳолатимга фақатгина жоми фано, яъни йўқлик жоми кифоя қилди. Бу тарз ғазалнинг мақтаъида яна равшанлашади.

Ҳавойи гулшани қудс эт, Навоийким, хуш эрмастур

Зағанлар бирла бу гулшанда бўлмоқ бенаво асру.

Гулшани қудс – поклик, тозалик, муқаддаслик олами, илоҳий олам. Байт мазмуни: Эй Навоий, поклик гулшани сари парвоз қил. Ахир, қузғунлар билан у гулшанда бўлмоғинг яхши эмас, бу тавр сенга фақат навосизликни келтиради, холос.

Вафо тимсолнинг тадрижий тараққиёти Навоий асарларида маънолар ранг-баранглигини ҳосил қилишда дастуриламал вазифасини ўтаган. Ушбу ғазалда ошиқнинг ҳасби ҳоли, кўнгил кечинмалари, шу билан бирга, чинакам вафоси ўзига хос жозибали тарзда табиат тасвирлари воситасида ҳам ифодаланган. Эътибор берилса, ғазалдаги ҳар бир тимсол, ҳар бир сўз ҳазрат Навоийнинг бадиий мақсадлари йўлида бекаму кўст хизмат қилганига шоҳид бўламиз.

Манзар АБДУЛХАЙРОВ,

филология фанлари доктори