October 27, 2023

ХАЗИНА

ЎзФА Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида Ўзбекистон ёзувчи ва шоирлари, адабиётшунос олимларнинг архиви сақланади. Музей ходимлари ана шу ноёб ҳужжатларни ўрганиб, илмий тавсифдан ўтказиб, каталог сифатида мунтазам равишда нашр этиб борадилар. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Хуршид, Уйғун, Шайхзода каби адибларнинг архивлари ўз даврида каталоглаштирилган ва чоп бўлган эди. Кейинги йилларда Асқад Мухтор ва Саид Аҳмад каталоглари нашр этилди. Музейда навоийшунослардан академик Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Азиз Қаюмов, Алибек Рустамов, шунингдек, Ҳамид Сулаймон, Абдуқодир Ҳайитметовнинг архиви бор. Музей катта илмий ходими Юсуф Турсунов томонидан Порсохон Шамсиев, музей илмий ходими Гулчеҳра Абдуллаева томонидан Натан Маллаев архиви каталоги нашрга тайёрланди. Жорий йилда яна бир навоийшунос Муҳаммаджон Ҳакимов архиви каталоги Г.Абдуллаева томонидан нашр этилди.

М.Ҳакимов узоқ йиллар Алишер Навоий асарларининг фольклор билан муносабатини изчил тадқиқ этиб, 1989 йили “Алишер Навоий ижодида фольклор анъаналари” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади. 1979 – 1986 йиллар давомида қўлёзма асарларни илмий тавсифдан ўтказиб, тўпланган материалларни китоб ҳолида рус тилида чоп этилган “Қўлёзмалар институти фонди” каталогининг биринчи жилдига киритди.

Булардан ташқари, М.Ҳакимов ўзбек филологияси учун яна бир хайрли ишни амалга оширди: ўзбек адабиётига доир 1935 йилдан бошлаб ёқланган номзодлик ва докторлик диссертацияларининг авторефератлари библиографиясини тузиб чиқди. Библиографиянинг 1975 йилгача бўлган қисми “Адабий мерос” журналининг 6 – 10-сонларида (1976 – 1978 йиллар) нашр юзини кўрди. Ушбу библиография фақат Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар билан чекланмайди, балки унга собиқ иттифоқининг барча республикаларида ёқланган ўзбек тили ва адабиётига алоқадор диссертациялар ҳам киритилган.

Архив ҳужжатлари орасида кўплаб муҳим илмий фактларга бой битиклар бор. Масалан, олимнинг № 475 рақам остидаги сақланаётган “Китобиёт олими” мақоласи ЎзФА Шарқшунослик институти илмий ходими, қўлёзма манбалар билимдони Абдулла Носиров ҳақида бўлса, № 149 – 293 рақамигача бўлган ҳужжатлар “Навоий қомуси” учун М.Ҳакимов томонидан тайёрланган 140дан зиёд катта-кичик мақола ва маълумотлардан иборат. Энг муҳими, улар 1985 йилдан ёзила бошланган. Бу маълумотлар орасида буюк ўзбек шоири асарларини асрлар давомида кўчирган хаттотларга тегишли маълумот алоҳида аҳамият касб этади.

Олимнинг Шарқ қўлёзма ёдгорликларига оид “Матншунослик ва манбашунослик терминлари луғати” китобида эса ўзига хос қўлёзма манбалар билан бевосита алоқадор юзлаб истилоҳларга илмий таъриф берилган. Манбалардан мисқоллаб йиғилган маълумотлар навоийшунос М.Ҳакимовнинг илм йўлидаги заҳматли меҳнатини яққол намоён этади. Айни пайтда, бугунги кунда бирламчи манбалар билан ишлайдиганлар учун бу китоб муҳим қўлланмадир.

Олим узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида Республикамиз бўйлаб мунтазам илмий сафарларда бўлиб, аҳолидан кўплаб қўлёзмаларни харид қилган ва уларни илмий тавсиф этиб борган. Масалан, Наманган вилоятидан топилган қўлёзмалар ҳақидаги маълумот архив ҳужжатларида қайд этилган. “Ноёб топилма” мақоласи озарбайжонлик Байрам Ҳорун ўғли Тойирбековдан олинган Алишер Навоийнинг “Хамса” ва “Лисон ут-тайр” асари қўлёзмаси ҳақидадир. Булар орасида “Мажолис ун - нафоис”нинг ХVI асрда кўчирилган нодир нусхаси 1971 йили қўқонлик Муҳиддин Эшонхоновдан олингани ҳужжатлаштирилган бўлиб, илмий жиҳатдан муайян аҳамиятга эга.

Ҳужжатлар орасида олимнинг бир неча тадқиқотчиларнинг диссертацияларига ёзган тақризлари ўрин олган. Б.Саримсоқовнинг “Ўзбек маросим фольклори” номли монографиясига, Абдуқодир Ҳайитметовнинг “Темурийлар даври ўзбек адабиёти” китобига ва Порсохон Шамсиев тайёрлаган “Алишер Навоий. Ҳикоятлар” рисолаларига ёзилган тақризлари бор. Яна М.Ҳакимовнинг номзодлик ва докторлик ишига олимларимиз томонидан ёзилган тақризлар ҳам сақланиб қолган. Бугун бу тақризлар сараланиб, зарур илмий шарҳлар билан чоп этилса, мутахассислар учун бой материал беради. Чунки илмий тақризлар тор илмий доира учун ёзилади, уни кам сонли кишилар ўқийди.

Каталогни нашр этишдаги баъзи бир жузъий камчиликларни ҳам айтиб ўтишни жоиз, деб ўйлаймиз. Сўзбошидаги баъзи маълумотлар билан архив ҳужжатлари орасида ноаниқликлар учрайди, баъзи бир матбаа ва имло хатолари ўтиб кетган. Аммо шунга қарамай, каталог ўз вақтида нашр этилган, ҳужжатлар орасида тадқиқотчиларга зарур бўлган маълумотлар талайгина.

Маъмура РАШИДОВА,

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи катта илмий ходими