September 15, 2023

КЎНГИЛ БОҒЛАРИДА

Мухлиса РАҲМАТИЛЛАЕВА

* * *

Опа, келинг, бир дардлашайлик,

Кўкда ҳилол мизғиган маҳал.

Дил титроққа айланиб кетди,

Соғинганман, кўзларим маҳтал.

Жуда толдим, сабрим толиқди,

Аҳволингиз қандай билмадим.

Тушунмаслар даврасин ташлаб,

Ёнингизга бекор келмадим.

Кўзларимда маҳзунлик ҳоким,

Умримга ҳам ҳоким бошқалар.

Бир севгини дардин тушунмай,

Томирларим ишқсиз чайқалар.

Жонга тегди одамлик дарди,

Ришталар, бу – узилган тор-ку!

Нимасидан қўрқамиз, опа,

Ҳаққа элтар кўнглимиз бор-ку!

* * *

Бир-бир умидини узаверди дил,

Умидлар ҳориди, ҳориди сабр.

Нетай, бу қисматга асирмиз биз ҳам:

Баҳорлар куз билан учрашмас, ахир.

Тушун, сукунатга ҳеч тоқатим йўқ,

Қанийди овозинг қулоқда қолса.

Алам қилмайдими сенинг ўрнингни,

Бошқаси индамай эгаллаб олса...

Йўллар туташмайди қундуз қошингдек,

Энди қуёш кулмас, киприкларим нам.

Менинг хотирамда яшайверасан,

Сенинг юрагингда борманми мен ҳам?

* * *

Кипригинг тўкилди,

кимни соғиндинг?!

Бундай савол берманг, етар, бўлди, бас.

Битта киприк экан, унинг пойига,

Юрагим тўкилиб кетса ҳам келмас.

Келмайди...

Сиз уни билмайсиз,

Ўзини ўзи ҳам билмайди мендек.

Кетса, келмас йўлдан орни ўлдириб,

Мана биз келдик.

Келдик....

Сўнгагимиз синди қиличдек,

Қаддимиз ҳижрондан букилиб кетди.

Томирда шарқираб оққан қонимга,

Кўзёшим оғудек тўкилиб кетди.

Кетди...

Юрган йўлимизда тошлар зирқирар,

Узилиб кетди-я жонимнинг тори.

Энди истасак ҳам кўришолмаймиз

Ҳа, демак, шу экан қисматнинг бори.

* * *

Бунча оз севасиз, ёмон севасиз.

Марина Цветаева

Кўнгил боғларига хазон тўкилди,

Баҳорлар бахш этиб, ҳамон севасиз.

Ашкимни жойлабон қароғингизга,

Бунча оз севасиз, ёмон севасиз!

Бўлди етар энди, кетинг дейману,

Изимдан термулиб, пинҳон севасиз.

Муҳаббатни сочиб бу олам аро,

Сарсари севасиз, сарсон севасиз.

О, мен шошқалоқман, гапга кирмас қиз,

Дунёни назарга илмай севасиз.

Ҳаттоки ортимдан соямни ҳайдаб,

Ёнимдан бир нафас жилмай севасиз.

Мухлиса РАҲМАТИЛЛАЕВА