July 14, 2023

БИР   ГАПИРИБ,   ЎН   КУЛИБ...

ИЖОДИЙ ЗИДДИЯТ

Каттагина хонада иккита бўлим жойлашган. Беш киши ўтирамиз.

Адабиёт ва санъат бўлимида атоқли адиб Неъмат Аминов мудир, машҳур шоир Зоҳиджон Обидов катта муҳаррир. Ориф Фармон адабий ходим. Маданият ва маърифат бўлимида Қутби Носирова мудира, камина ходим.

Зоҳиджон ака кўзи тушган нарсага, ҳатто одамларга ҳам, кўриниши ва ҳолатидан келиб чиқиб, маталми, ҳазилнамо байтми тўқиб ташлашга ниҳоятда уста. Орифжон ҳам ҳозиржавобликда у кишидан қолишмайди.

Зоҳиджон ака Орифжондаги ишга бироз бефарқлик, ёшликка хос тоқатсизликдан озурда бўлса, Орифжон устоз шоирдаги андак баланд­парвоз, аммо ўзига ярашиб ҳам тушадиган кинояли кесатиқларидан ранжиб, бир-бирларини янишиб юришарди. Қўйингки, икки ўртада қанақадир биров билар-билмас ижодий зиддиятга ўхшаш бир ҳолат бор эди.

Бир куни Зоҳиджон ака қандайдир мавзуда эҳтирос билан гапира бошлади. Орифжон секин туриб, эшикка йўналди. Бу ҳол устоз шоирга бироз малол келди, шекилли, заҳрини байтга битиб юборди:

О, Фармон чиқди-кетди,

Бурнида қурти билан...

Ориф Фармон остонага етган ерида ортига қайрилди ва Зоҳиджон Обидовнинг мўйловини нишонга олиб деди:

З.Обидов қолаверди,

Лабида мурти билан.

Зоҳиджон ака таъби нозик танти инсон эди. Орифжоннинг байти ўзиникига қараганда бирмунча назокатли, қолаверса, гидирдан холи эканлигини тан олди, шекилли, оғзини катта очиб, хандон отиб кулди.

ОРҚАСИ БИЛАНГАПИРИШ

Иттифоқо, «Муштум» ходимлари бир хонага йиғилиб, ҳангома сархонасининг чўғини қалаб, даврани гуриллатиб турибмиз. Неъмат ака, Саъдулла ака, Бекмирза ака, Саид ака, Мурод ака, Алижон ака, қўйингки, «Муштум»чиларнинг ўша кунлардаги энг “миравой акалар”и шу ерда. Негадир Ориф Фармон кўринмасди.

– Орифжон қаерда? – сўради Неъмат ака.

– Хонасида, ишлаб ўтирибди, – деди Адҳам Жўрабоев.

– Мақола тушириш нормасини бажармагани учун кеча «летучка»да гап эшитгану, - дея аниқлик киритди кимдир. Шу пайт Саид Равшан:

– Тўхтаб туринглар, ҳозир Орифни бир лақиллатамиз, – деди-да, олдидаги телефон гўшагини рўмолчаси билан ўраб, Орифжоннинг рақамини териб, ғўлдиради:

– Сў-лўм ўлўй-кў-ўм. Ўрип-жон керак эди.

Шундоққина қўшни хонада эса Орифжоннинг куйиниб, жиғибийрон бўлаётгани эшитилиб турибди:

– Ҳа, мен! Орифжонман! Нима дедингиз? Жуда хира эшитиляпти! Тушунтириброқ гапиринг!..

Хуллас, Саид ака мазмунсиз, тутуруқсиз сўз ва оҳанглар билан Орифжонга анчагина ишлов берди-да, чаққонгина Адҳам Жўрабоевга буюрди:

– Ана энди ўзини чақириб чиқинг бияққа...

Остонада Орифжон пайдо бўлди. Кўриниб турибди, у бу «фитна»дан бехабар. Саид ака фурсатни бой бермай, ҳужумга ўтди:

– Мухлисларингиз қўнғироқ қилишяптими дейман, биғиллаб ётибсиз?

Орифжоннинг авзойидан кўнглига ҳазил сиғадиган жой қолмаган, Саид аканинг саволи ўлганнинг устига тепгандай бўлди, шекилли, пўнғиллади:

– Билмийман, қанақадир бир бемаза трубкага кети билан гапиряптими-ей...

ЎЙНАШИ ТОПИЛМАДИ

Бош муҳаррир хонаси. «Муштум»нинг ижодий жамоаси жам бўлиб журналнинг нав­батдаги сонига мўлжалланган расмларни танлашмоқда. Бош рассом Алижон Холиқов чап қулоғига эркак киши тасвирини сирға қилиб тақиб олган, енгилтабиатроқ нозаниннинг карикатурасини кўрсатиб, бунга нима дейсизлар, дегандай қараб турибди.

– Қулоғидаги ким? – сўради Иброҳим ака.

Раҳбардан бундай саволни кутмаган эканми, бош рассом миясига келган сўзни айтиб юборди:

– Эри.

– Ия, – деди ажабланиб Саид Равшан, – унда сирғасининг иккинчиси қаёқда қолди?

Ходимлар ўртасида гап қочди.

– Ҳар қандай юморда ҳам ҳаётийлик, энг муҳими, шарм-ҳаё бўлиши керак, – иддао қилди бошқа биров.

– Ахир, эри битта бўлса нима қилсин, бечора,– дея луқма ташлади яна кимдир.

Мунозарани жимгина кузатиб ўтирган бош муҳаррир бош рассомга амр этди:

– Ундай бўлса, хонимнинг иккинчи қулоғига ўйнашини илиб қўйинг.

Бош рассом раҳбарнинг бу гапини нозикроқ тушундими ёки тасвирдаги аёлнинг ўйнаши топилмадими, ҳарқалай, ўша расм журналда босилмай қолиб кетди.

«СУВАРАК» СОЧИДА

Неъмат ака таътилга чиқиб, дам олиш учун Сочига кетган. Хонада Зоҳиджон Обидов, Мирзо Кенжабек ва камина қолганмиз. Бир пайт телефон жиринглаб қолди. Гўшакдан машҳур шоир Толиб Йўлдош домланинг овози

янгради. Толиб ака “Муштум”чилар билан жуда иноқлашиб кетган, шунинг учун бўлса керак ҳамма билан ўз иниси ёки ўртоғидай муомала қилар, бу ҳолатни ҳеч ким малол олмасди:

– Ким бу?! Суварак қани?!

Билдикки, Неъмат Аминовни йўқлаяптилар (улар ўзаро шу даражада ҳазил-ҳузулли, қадрдон эдилар). Ўша кунларда ёзувчининг «Елвизак», «Суварак» номли қиссалари «Ёшлик» журналида босилиб, жуда машҳур бўлиб кетган пайтлари эди.

– Сочида, дам оляптилар, – жавоб қилдим мен.

– Дам оляпти дигин. Қачон келади?

Толиб ака жавобимни ҳам кутмай гўшакни қўйдилар.

Валий шоирнинг бу гаплари бизга нашъа қилди. Кўп ўтмай Неъмат ака ҳордиқдан қайтиб, ишга чиқди. Толиб аканинг навбатдаги ҳазилини эшитиб, қотиб-қотиб кулди.

– Ҳа қария, йўғимизда нолу бир қилиб қў­йибди-да. Ҳали қараб турсин.

Уч-тўрт кун ўтгач, телефон яна жиринг­лаб қолди. Икки улуғ ижодкор ўртасида салом-­аликдан сўнг тахминан мана шундай савол-жавоб бўлди:

– Мен сизга Сочидан совға опкелдим, Толиб ака.

– Кам бўма. Яхши йигитсанде, оканг айлансин. Совғанг нима?

– Шапка.

– Размери неччи?

– Олтмишинчи (Толиб ака доим шапка кийиб юрар эди).

– Э-э, катталик қилади-ю, – деган норозироқ овози келди шоирнинг.

– Ничево, озгина пайтава ўрасангиз, лоппа-лойиқ келади...

Неъмат ака шошилиб гўшакни жойига қўяр экан, мамнун жилмайди:

– Биру бир қилдик, қх-х...

НЕГА ҚУШХОНАДЕЙИШАДИ?

Машҳур ёзувчи Ўткир Ҳошимов устози Саид Аҳмаддан сўраётганмиш:

– Саидаҳмад ака, ҳайвонлар сўйиладиган жойни нега қушхона дейишади?

– Қассобхона дейишса, опкелинаётган буқалар бўкириб, ҳамма ёқни бузиб юборишади-да, болам.

Абдунаби БОЙҚЎЗИ