УСТОЗЛАР ХИЗМАТИ ЭЪТИБОРДА
Кейинги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида фаолият юритиб келаётган устозлар меҳнатига эътибор ортиб бормоқда. Куни-кеча Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида миллий санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ижодкор зиёли-ўқитувчиларнинг илмий унвонлар билан тақдирлангани фикримизга далилидир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига биноан, 2020 – 2021 ўқув йилидан бошлаб Маданият вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларида фаолият юритиб келаётган профессор-ўқитувчиларнинг ижодий фаолияти натижалари “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси”, “Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи” фахрий унвонлари профессор илмий унвонига, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонлари эса, доцент илмий даражасига тенглаштирилди.
Ижодкорларни тақдирлаш маросими муносабати билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда маданият, санъат, адабиёт вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Тадбирда санъат йўналишидаги устоз санъаткорларнинг 24 нафарига профессорлик, 27 нафарига доцентлик илмий гувоҳномалари топширилди. Профессорлик илмий унвонига лойиқ топилган устоз санъаткорлар қаторида Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Гавҳар Зокирова, Алишер Икромов, Козим Қаюмов, Абдуҳошим Исмоилов, Озодбек Назарбеков ва бошқа миллий санъатимиз дарғалари бор.
– Биз жуда бахтли санъаткорлармиз, – деди Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров. – Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилди. Аслида эстрада жуда масъулиятли ва мураккаб йўналиш. Ёшларга мазкур йўналишда сабоқ беришга қўлдан келганича ҳаракат қиляпмиз. Мана, бугун кўпчилигимиз илмий даражаларга сазовор бўлиб турибмиз. Бундан буён ҳам кучимиз борича миллий санъатимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда янгиланиш жараёни давом этаётганини таъкидлаб, ижодкор зиёлиларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирдилар.