November 3, 2023

ДУРЁҒДИ

ХУРШИД ДЎСТМУҲАММАД

(ҳикоя)

Фавқулодда фожиа юз бериши мумкинлиги ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаганди.

Уч кундирки, югур-югур, чопа-чопдан тиним бўлмади. Ким шодиёнага атаб янги энгил-бош тиктирган, ким совға-салом излаган, яна кимлар қамишдан бел боғлаб, қўл-оёғи чаққон хизматчилар сафидан жой олган, десангиз.

Дурёғди эса тўйбоши. Ходимлар тўйхонага қай тартибда ташриф буюради, кимлар қайси гуруҳдан жой олади, совға-саломлар қай тартибда тақдим этилади, табрик сўзини айтиш учун кимларга нав­бат берилади-кимларга берилмайди, чунки бундай олиймақом шодиёнада заррача икир-чикир ҳам назардан четда қолдирилмайди. Зеро, “айбдор” кичкина одам эмас! Хуллас, “Тартиб-батартиб!” деганларидек, шуларнинг барини “ишлаб” чиқавериб тўйбошининг тинкаси қуриди.

Раис буванинг кутилмаганда, “Базмни уйда қиламиз” деган гапи ҳаммасидан ошиб тушди. Таажжуб! Ахир, бир имо қилса, шаҳарнинг мана-ман деган тўйхонаю базмхоналарининг ҳашаматли эшиклари ланг очилади-ку!.. “Йўқ, – деди у гапни икки қилишларига ўрин қолдирмай, – ҳаётда бир марта бўладиган хурсандчилигимни ўзимнинг кулбамда ўтказай!”

Илло, раиснинг “кулба”сига унча-мунча дабдабахона эгалари ҳавас қилса арзир экан. Дурёғди бунга ич-ичидан тан берди. У кеча бу хонадонга икки дафъа келди, базм майдонини кўздан кечирди, дов-дарахту гулзорни тартибга келтиришганини кўрди, сўнгра арзанда меҳмонлар учун махсус, ходимлар ва ҳоказо меҳмонлар учун алоҳида-алоҳида жой ҳозирлатди, ҳофизлару машшоқлар, раққосаларгача бири-биридан кўркам, бири-биридан сулув супачалар ясаттирди. Бугун эса, бошқалардан хийла илгари келиб, яна бир қур боғ айланди. Чаппар уриб очилган, бири-биридан ноёб ва нодир гуллардан нигоҳини узолмай қолди. Тўғри, раис ҳаётда қўлига гулқайчи тутмаганлигини, идора боғбони эрта баҳордан то кеч кузга довур мана шу боғдан чиқмаслигини яхши билади у. “Бас, – деди у узоқ масофани ортда қолдирган пойгачидек нафасини ростлаётиб. – Ниҳоят етиб келдик!..” Дурёғди мамнун чеҳра билан меҳмонларни ичкарига таклиф қиларкан, ичидаги гапларнинг шарпасини ҳам сиртига чиқармади, албатта.

Унинг алами ичида эди. Уч кундан буён тиним билмагани ундан нарига, лекин юраккинасининг аллақаерида пусиб ётган алам ўти аланга олганча ўчай демас, ўчиш қаёқда, дам-бадам оловнинг аждаҳо тили вужудини кулга айлантирмоқчидек забтига олаётганди.

Бу аланга, бу оловга гугурт чақилганига анча бўлганди.

Қўл остидагиларга: “Тақдиринг менинг қўлимда!” деб дағдаға сўқишдан ҳузур топадиганлар тоифасидан эди раис бува. Ўрни келса-келмаса, бировга игна суқиб турмаса, кўнгли ҳаловат топмас, ишлар юришмаётгандек, одамлар унинг раислигини унутиб қўяётгандек хавотирга тушарди. “Ёнғоқ” кўпроқ етакчи бошқарма бошлиғи Дурёғ­дининг бошида чақиларди. Ваҳо­­ланки, бообрў бошқарма бошлиғи бўл­­миш Дурёғдининг катта жамоада иззат-ҳурматини жойига қўймайдиган ходим йўқ, зеро, у киройи хушмуомала, чеҳрасидан табассум аримас, бирон кимсага “сен” деган одам эмасди.

Раис жаноблари эса бошқарма бошлиғининг исмидаги “Дур”дан ҳайиқарди, “Дур”ни тилга олгиси келмас, бордию, бехосдан тилга олса ёхуд бошқаларнинг забонидан “Дур”ни эшитса ўзини қадр-қиммати ерга урилгандай ҳис этарди. Шу боис:

– Ёғди! – деб чақиради уни.

Идорада азалдан ўрнатилган ички тартиб-интизомга кўра, Дурёғди қўлда қалам-дафтари билан дарҳол раис бува ҳузурида ҳозиру нозир бўлади.

– Ассалому алайкум! Лаббай! – дейди у олампаноҳ ҳузурга қадам қўяр-қўймас.

Раис бува дарҳол мақсадга кўчмайди, кўчмайдигина эмас, бошқарма бошлиғи кириб келганини ҳатто сезмаганликка олади. Ғоятда зарур юмуш билан банд одамдек, кўзойнакли нигоҳларини қадаб, алланималарни титкилаб, ёзиб-чизишда давом этади. Дурёғди қайтиб дамини чиқармайди. Оғирлигини дам у-дам бу оёғига ташлаб пойгакда қаққа­йиб тураверади. Ниҳоят, раис бош кўтаради.

– Ия, – дейди димоғида, дўриллаб. – Қачон кирдинг? Саломни еб қўйдингми?!

– Чақирган заҳотингиз кирдим... Салом бер...

У гапини адоғига етказмайди.

– Қор ёғгандай кирасан-да, Ёғди, товушинг чиқмайди...

Дурёғди бирор сўз айтиб барака топмаслигини яхши билади, шунинг учун ўлганининг кунидан жилмайиб қўя қолади.

– Менга қара, – дейди раис бува, тўсатдан бағоят муҳим бир масала ёдига тушган одамдек, жиддий тортиб. Дурёғди қўлидаги қалам-дафтарни ёзишга чоғлайди. Раис давом этади: – Бунча кичкинасан? Жимитсан? Онангдан туғилганча қолганмисан, нима бало?

– Йўғ-е!

– Нима, йўғ-е! Сочинг­ни ҳурпайтириб олганинг­ни қара! Бўйим баланд кўринади, деб ўйлайсан-да, шундайми? Ғўддайишингдан ўргилдим!..

Дурёғдининг диққати ошади, раис бува худди унинг бўй-бастини муҳокама қилиш учун атайин чақиртиргандек таъби тирриқ бўлади, илло буни у дунёю бу дунё сездирмайди.

Кейинги пайтлар раис жамоа йиғинларида, яъни қанчадан-қанча эркак-аёл ходимлар ҳузурида очиқдан-очиқ Дурёғдининг бўйини, тароққа бўйсунмас сочини, бўйинбоғининг узун-қисқалигию ранг-тусигача калака қиладиган одат чиқарди. Ходимлар кулмай деса тиржайиб ўтирган раис олдида хижолатда, кулай деса, бошқарма бошлиғининг ҳурмати баланд. Бу ўнғайсизликни жуда яхши ҳис қилиб турган Дурёғди ҳар сафар оғирликни зиммасига олар, тилини тияр, шайтонга хай берар, ҳатто бор-е, деб ишдан бўшаб кетишга журъат қилолмаётганига ўзини ўзи койишга тушар, лекин ичида раисни чунонам бўралатардики, у сўзларни на айтиб бўлади, на ёзиб! Ҳар сафар бўралатиб, чангини қоқиш­лари битта хулоса билан якунига етарди: “Пайти келар, шу-ундай қасдимни олайки! Уйингни куйдираман, сан чаласавод кеккаймани!..”

Ҳақиқатда, пайти келдими, ҳар қалай, мазлумнинг доди кўкка етди!

Меҳмонлар бир гуриллаб келдию, жойлар тўлди ҳисоб. Ҳофизлар хонишни бош­лаган, яккам-дуккам “олинг-олинг”лар қулоққа чалинаётган, бироқ ҳамон кутиб олувчилар қаторида раис кўринмасди, бундан унинг ўрнига “ҳассакаш”лик вазифасини ўтаётган Дурёғди етакчилигидаги учовлон йигит хижолатда эдилар.

Раис буванинг феъли маълум, у киши азал-азалдан лавозими ўзиникидан қуйидагиларга илтифот кўрсатишни ўзига ор деб билади. Шу феъли зўрлик қилди чоғи, ўзининг етмиш йиллик таваллуд санасини нишонлаш ниятида унинг хонадонига ташриф буюраётган не-не меҳмонларга пешвоз чиқмади. Бу борада ҳам оғирлик Дурёғдига тушаётган, у ўзини хонадон соҳибидек тутиб, ҳазил-ҳузул билан орада туғилаётган ноқулайлик-хижолатвозликни сездирмасликка ҳаракат қилаётганди.

Дурёғди ўз касбининг дарғаси эканлигини билмаган, эшитмаган одам йўқ эди. Ҳатто раис бува сўзсиз қуллуқ қиладиган катта раҳбар ҳам Дурёғдининг ишчанлиги, ҳалоллиги, меҳнаткашлигидан бохабар, унда-бунда йиғилишларда унинг исмини тилга олиб қў­йи­ши Дурёғдининг бўйини бир қарич ўстириб юборар, раиснинг эса... ғашини келтирарди.

Навбатдаги хос йиғилиш якунланай деганди. Ҳе йўқ-бе йўқ, катта раҳбарнинг биқинида ўтирган мулозимбоши раис етмиш ёшга тўлаёзганини тилга олдию!

– Йўғ-е! – деб юборди катта раҳбар. – Етми-иш?! Ўйламабмиз, кутмабмиз. Бехабармиз.

Раис бир кўзлаб бошини хам қилди, иккинчи кўзини раҳбардан узмади. Шу ўтиришида унинг ичига ўт кетган, чурқ этиб оғиз очса, ичидаги алангадан олиймақом мажлисхона ёниб, кул бўлиши муқаррар эди. Раҳбарнинг кейинги хулосаси раиснинг манглайини мўлжалга олган ўқдек узилди.

– У ҳолда раисимиз кексалик гаштини сурсинлар...

Йиғилиш шу ерга етган жойида тугамади – тўзиди. Ҳамма ҳайрон, ҳамма бир-бирига савол назари билан аланглаган. Раис эса қулоғи том битган, гаранг. Қаддини ростлай деса, оёқлари бемажол.

Вазиятга раҳбарнинг биқинидан узоқ­лашмайдиган мулозимбошининг дудуқланиб берган саволи аниқлик киритди.

– Демак... Раислик лавозими...ни ўйлаб кўрамиз-да...

Раҳбар худди бу нозик масалани олдиндан пишитиб қўйгандек, дарҳол жавоб қайтарди:

– Раислик?.. Ана, анави йигит бор-ку... – У Дурёғди томон қараб олиб, эслади: – Исми... Ёғдумиди?

– Ҳа-ҳа, Дурёғди бор.

– Юбилей ўтсин, кейин вақтинча бўлса-да, шу йигит бошқариб турса...

Тамом! Раис бир лаҳзанинг ўзида собиқ раисга айланди, унинг назарида коинот ушбу мажлисхона шифтига боғлаб қўйилгану, шу бир оғиз оғзаки тайинлов билан узилиб унинг бошига ағдарилиб тушгандек бўлди. Осмон босиб қолди уни. Қай аҳволда қаддини ростлайди у, ростлай олармикан?!

Аланг-жаланглаб, югурик нигоҳлари билан ҳов нарида турган Дурёғдини топди. У қадди-қомати келишган, жингалак сочи бирам ўзига ярашган, айниқса, чеҳрасидан нур таралгандай, бўйинбоғи оловдай кўзини қамаштирди. Ҳатто уни ўзининг ўрнига тайинлов билан табрикламоқчи бўлди, шекилли, оғиз жуфтлаган жойида лунжи бир томонга тортиб кетди, гапи гапга ўхшамади. Катта раҳбар мулозимлари қуршовида машваратхонани тарк эта бош­лаган, мажлис аҳли тик туриб ҳурмат сақлаган, фақат раисгина ўтирган курсидан кетини узолмай қолганди.

“Ҳолинг шу экану, тўнғиз! – деди Дурёғди. – Ўрнингдан туролмай қолдинг-ку! Бу ҳали ҳисоб эмас. Ўрни келади, ана ўшанда барча ҳақоратларингга бир қилиб жавоб қайтармасам отимни бошқа қўяман! Шундай мулзам қилайки, шу-унча йил раислик қилганингга пушаймон бўласан ҳали! Ҳа, кўрасан!”

Дурёғди алам-аччиқда қанчалик тилини қайрамасин, дамо-дам ўзининг бундай кек сақлайдиган, ўзгага ёмонликни соғинадиган одам эмаслигига имон келтирар, бироқ яна ва яна ич-ичидан ўтган алам-аччиқлари бош кўтариб, уни қасдма-қасдига курашга чорлар, барча алам-ситамларни бир қилиб ҳиссасини чиқариш фурсати келишига ишонарди.

Дурёғди хижолатдан ўзини қўйишга жой тополмай қолди, у айб иш қилган одамдек ходимлар билан оғзаки тайинлов мавзусида гап очилишини истамас, раисга кўринмасликка уринар, рўпара келса, кўзини ундан олиб қочар, раис эса бамисоли... қутирди. Қутириши киноя, кесатиқ, пичингга кўчди. Бўлса-бўлмасга жамоани ҳузурига йиғар, бўлса-бўлмаса йўқ ердан нуқсон топиб, бутун айбни Дурёғдининг бошига ағдарар, бу билан Дурёғдининг кимсан ўзидек валломатнинг лавозимини эгаллашга нолойиқ эканлигини кўрсатиб қўйгиси келар, нуқул, “Ҳали хомсан, Ёғди, анча хомсан”, деб қўярди.

Очиғини айтганда, шу кунларда Дурёғдидан кўра раиснинг мушкули оғирроқ эди. Чунки Дурёғди учун раислик курсисини эгаллашдан кўра, раисдан эшитган-кўрган ситамларининг аламини олиш муҳимроқ эди. Шу пинҳона мақсад унинг ичида тошдек қотган эди. Раис эса ҳиқилдоғига қадар мавҳумлик ботқоғига ботган – лавозимидан кетадими-йўқми, кетса, қачон кетади, қай зайл­да кетади, шу-унча йил довруғ солиб қилган хизматлари нечоғли қадр­ланади-қадрланмайди ва ниҳоят, алҳол, бу “тахти равон” наҳотки, мана шу Ёғдига насиб этади?! Қалашиб келган бу саволлар боши узра ёпирилиб, икки-уч куннинг ичида уни эзиб қўйди, қаддини букиб қўйди, шаштию важоҳатини синдириб ташлади. Шу ўй-хаёлда юрса қадами чалишиб кетар, гапирса дудуқланар, ўтказаётган йиғилиш­лари ҳам одатдагиларига ўхшамас, ҳатто ходимларни нима сабабдан чақиртирди, уларга қайси муҳим ва зарур гапини айтмоқчи эди, кимларни алқаб, кимларга танбеҳлар ёғдирмоқчи эди – зумда унутар, бошини елкалари орасига тортиб, қисинибгина ўтирган Дурёғдини кўз қирининг “тиғи”га боғлаганча унга чанг соларди.

Афтидан, раисга кексалик гаштини суриш имконини “бериш” масаласи унутилгандек эди, тўсатдан...

Тўсатдан миш-миш болалади. Болалаш ҳам гапми, қанот ёзди, қанот ёзиш ҳам гапми, оғиздан-оғизга шаталоқ отиб ҳаммаёқни чангитиб юборди. Ўша, бир оғиз гапи билан ғалванинг уясини қўзғаган мулозимбоши раис­га қўнғироқ қилганмиш, уч куннинг ичида юбилейни ўтказинг, хизматингиз катта, тантанага ўзимиз бош бўламиз, деганмиш!..

Кейинги уч кунда уч йилга татийдиган воқеа­лар юз бериб улгурганининг боиси шунда эди.

Бироқ шодиёнага бош бўлишга ваъда берганлар хийла ҳаяллашди. Ва бирдан кўзлари тўрт бўлиб дарвозахонада қадалиб туриб қолган Дурёғдининг чўнтак телефони “кутилган” мақомда нағма қилди. У телефонни қулоғига олиб бормасидан илгариёқ арзанда меҳмонлар келишаётганини сезди. Дарҳол йигитлардан бирини ичкарига югуртирди-да, ўзи кўчага чиқди. Шу пайт ҳаллослаганча ёнида пайдо бўлган раис машинадан тушиб келаётган уч нафар мулозим ва мулозимбоши қаршисига қулоч очиб, чеҳраси чарақлаганча пешвоз юрди.

Шундан кейингина боядан бери базмхонани босиб турган кўзга ташланмас дуд-бўрон пардаси кўтарилди. Мулозимбоши ўзига қуллуқ қилиб пешвоз чиққан таниқли ҳофизга жилмайиб, “Шўхидан бўлсин!” деб ижозати-лутф қилди.

Бадабанг базм бош­ланди.

Дурёғди бу ёғига ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлади, деган хаёлда пича енгил тортди. Ўйлаб кўрса, эрталабдан буён туз тотимабди. Дастурхон тўла ноз-неъмат. Тамадди қилгиси келди, қўли бормади, шунда ўй-хаёл қатламларига ханжардек суқилган, занг­лаган мих янг­лиғ қоқилган “қадрдон” мақсад бехосдан қўзғалиб, жон-жонини ўртаб юборди. “Ҳой, йигит, бугун раисликнинг сўнгги куни, эртага кеч бўлади. Қўлингдан нима келади, ҳаракатингни қилиб қол!” дегандек ичидан нидо, исён кўтарилди. Алам ақлдан зўр келганда, парокандаликнинг жилови бўшалади. Дурёғди буни билади, тушунади, лекин “Қандай қилиб?!” деган саволга жавоб тополмаётган эди у. Нима, сўз олиб, казо-казо меҳмонлар ҳузурида раис чолнинг чангини чиқарсинми?! Йўқ, ярамайди, бундай гўдакликнинг жойи эмас. Ёки коса тагида ним коса қабилида, узиб-узиб олсинми? Бунга қурби, фаросати етади Дурёғдининг. Йўқ, тагдор гапларни ким қандай тушунади, номаълум, мавриди эмас. Бирортасидан маслаҳат сўролмаса! Лекин қандай бўлмасин, топиши шарт! Темир шу тобда ланғиллаб қизиб турибди, эртага у совийди, сўнг фойдаси йўқ, қизиғи ҳам қолмайди. Мартабадан кетган одамнинг ортидан тош отиш эса Дурёғдига ярашмайди.

Боши ғовлаб кетди.

Дурёғди беихтиёр ўрнидан турди. Раис бува, чинданми ё ясамами, меҳмонларга навозиш кўрсатар, “Ҳар кимни мана шундай хурсандчиликка етказсин, олинглар, олинг­лар. Каминанинг хонадонида би-ир мириқсанглар менинг бошим осмонга етади. Эсдан чиқмайдиган бўлсин, ҳа-а, эсдан чиқмайдиган!” деб давра айланарди. Шу пайт унинг нигоҳи Дурёғдига тушди.

– Ҳа, Ёғди, тўйбошилик қилиб, ўзингга жой қолмабдими?

Дурёғди раиснинг истеҳзосини пайқади, бироқ у пичингни эътиборсиз қолдирди. Даврани тарк этиб, боғ томон юрди. Турфа ва ноёб гуллардан, гулзордан нигоҳини узолмай қолди, ҳадемай раис бува мана шу жаннатмонанд боғ-роғда бемалол-безавол кексалик гаштини суришини кўз олдига келтирди.

У худди бирор ёққа ошиқаётгандек тез-тез қадам ташлар, шундай қилса, бир тўхтамга келадигандек тую­лар, афсус, нафақат одим ташлаши, тутқич бермас ўй-хаёли буткул измидан чиқиб кетганди.

Бир пайт базмхона томондан шовқин-сурон қўпди. Дурёғди қулоғини динг қилди. Шундагина у ўзининг исми тилга олинаётганини эшитди. Жадал юриб борганида, мулозимбоши давра ўртасида сўз айтишга чоғланган, раис бува эса унинг чап томонида, чинакам бобойлар қиёфасида қаддини букиб, сомеъларча бош эгиб турарди. Мулозимбоши маънодор имо қилиб, Дурёғдини ўнг ёнига чорлади.

– Инсоннинг ҳар бир куни ғанимат, – дея табрикни узоқдан бошлади мартабали меҳмон. – Эртани қўяйлик, салдан сўнг қандай воқеалар юз беришини бандаси билмайди, билолмайди. Шундай экан, бугунги шодиёна...

Дурёғди жим туролмади. Мулозимбоши кўпни кўрган, фаҳми нозик инсонлигини яхши билар, лекин у шу тобда унинг ичидан ўтаётган иштибоҳ тўла мулоҳазалар гирдибодини кўриб тургандек, ундаги ёзувларни сўзма-сўз ўқиётгандек гапираётганидан ҳайратда қолди.

У ҳанг-манг бўлиб мулозимбошига анг­райди. Бироқ табрик айтувчи яна нималар деб фалсафа сўқди, англамади. Узуқ-юлуқ сўзлар қулоғига чалинди, холос: “Ҳаёт ўтаверади... Авлодлар алмашади... Ҳурматли раисимиз етмиш йиллигини зўр тантана қилаётган мана шу файзли оқшом...” Дурёғдининг қулоғига бошқа сўз кирмади. Кўз олди қоронғилашди, боши чирпирак бўлиб айланди. Пичирлаб такрорлаган “Файзли оқшом?..” деган саволи ёнидагиларга эшитилмади. Қаторида турган кимгадир суянмоқчи эди, айни шу лаҳзада жон тарк этган қўли шилқ этиб тушди. Ўзи юз тубан ағдарилиб, мулозимбоши билан раис буванинг оёғи остига қулади...

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД