November 3, 2023

ШИВИРЛАДИ КЕЧ КУЗ ЁМҒИРИ

Шоира ЭРМАТОВА

ЭЗГУЛИК ХАБАРИ

Қардош республикалар чегаралари очилганда

Дарёлар меҳрга тўлгани,

Бир ширин саболар елгани,

Эзгулик хабари келгани,

Орзулар уруғин нишлаши,

Ҳисортоғ йилқисин кишнаши,

Икки халқ бир нонни тишлаши,

Болалигим ўтган кўҳна йўл,

Чаманга айланди ўнгу сўл,

Юрак, мудом оқибатли бўл,

Ариди элларнинг ташвиши,

Дўстнинг қадим йўлга қайтиши,

Булбулнинг алёрлар айтиши,

Муборак, муборак, муборак!

КУЗ ЁМҒИРИ

Шивирлади кеч куз ёмғири,

Интизор юрагим толгандай.

Ошкор бўлиб баҳорнинг сири,

Гулзор хазон бўлиб қолгандай.

Тўлин ой нурларин ёпиндим,

Менгзадим ўзимни Зуҳрога.

Боғларим, ҳар қанча топиндим,

Саҳрога айланди, саҳрога...

Ишқ ғамидан ёшланди кўзим,

Гўё шабнам қоплар юзимни.

Гар соғинса топсин, деб ёрим

Кўкларда қолдирдим изимни...

Кузнинг илиқ ёмғири ёғди,

Муҳаббатим саробга оғди...

ХОТИРА САСИ

Муҳаббат боғини оралаётган,

Ошиқ юрагини яралаётган.

Субҳи содиқларда таралаётган,

Дилни ўртагувчи ғариб ноласан.

Зоҳири алдамчи, ботини биллур,

Нигоҳидан олам кулга айланур,

Суҳбати жонимга вобаста ҳузур,

Унсиз ёғаётган нурми, жоласан?

Меҳрсиз дунёлар қоронғи, зулмат,

Кўҳна фалак узра ой ҳам ғанимат.

Яқин келаётир азалий қисмат,

Менсиз йўлакларда йиғлаб қоласан.

Неча маҳбуб ўтди куйиб доғларда,

Қайтмас, қайтолмасмиз гўзал чоғларга.

Қара, оқшом чўкди кузги боғларга,

Хотиралар билан нафас оласан...

ОЛИС...

Олисдасан мендан дилга яқиним,

Сенсиз ҳувиллаган йўллар бир ғариб.

Ошиқман ул масъум нигоҳларингга,

Кутганим, топганим, минг йил ахтариб....

Мунис вужудингда меҳр жонсарак,

Хешу ақрабога нур сочган ниҳол.

Бедор соғинчимга тасалли бериб,

Сенсиз тунларимни ёритар ҳилол.

Соғиндим, ҳузурбахш табассумингни,

Азизим, мен томон келаяпсанми?

Мангу ғалаёнли, ҳиссиз дунёда

Сен-ла бахтлилигим билаяпсанми?

Шоира ЭРМАТОВА