October 27, 2023

“ИНСОН УЧУН ҲАЁТ МУҲИМ, ЯШАШ ЗАРУР”

Асқар АЙТМАТОВ:

Самарқанд вилоятидаги Абдулҳамид Мажидий номидаги Каттақўрғон шаҳар ўзбек драма театрида атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан унинг “Эрта қайтган турналар” қиссаси саҳналаштирилди. Асарни саҳнага олиб чиқиш арафасида бу ерга ташриф буюрган Чингиз Айтматовнинг ўғли Асқар Айтматов сўзга чиқиб, ўзбек-қирғиз халқлари дўстлиги, адабий алоқалар, Чингиз Айтматов ижодига Ўзбекистонда берилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Бош муҳаррир Ҳумоюн Акбаров “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси учун Асқар Айтматов билан эксклюзив интервью уюштирди. Мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

– Асқар Чингизович, Ўзбекис­тонга хуш келибсиз.

– Раҳмат. Хушвақт бўлинг.

– Ўзбек халқи Чингиз Айтматовни ўз ёзувчиси сифатида яхши кўради.

– Буни мен биламан. Отамнинг юртингизга, халқингизга, адабиётингизга меҳри ўзгача эди. Бағрикенглик, самимиятни ўзбеклардан ўрганиш керак, дерди.

– Ўзбек китобхонларининг Чингиз Айтматовга меҳри юксаклиги сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Халқларимиз ҳаётининг ўхшашлигида. Отам рус тилида ижод қилган бўлса-да, ҳеч қачон қирғиз заминидан узоқлашиб кетмаган. Эътибор бериб қарасангиз, унинг асарларида ишлатилган мақолу нақллар ҳар икки халққа хос бўлганидек, ривоятлару асотирларнинг илдизлари умумтурк сарчашмаларига бориб боғланади. Уруш жафоларини қирғиз халқи қанчалик оғир кечирган бўлса, ўзбек халқи ҳам ундан кўп азият чеккан. Шу маънода, отамнинг асарларида акс этган ҳаёт ҳақиқатлари ўзбек китобхонларининг ҳам юрагини забт этган, деб ўйлайман.

– Бугун ўзбек саҳнасида қўйи­лаётган асарни Чингиз Айтматов “Ўғлим Асқарга” деб, Сизга бағиш­лаган экан.

– Ҳа шундай. Эътибор берган бўлсангиз, қошсўз сифатида асарга қирғиз халқ қўшиғи “Оқсой, Кўксой, Сариқсой – кезмаган ер қолмади, Лекин ҳеч бир ўлкадан ўхшашинг топилмади...”, “Иов” китобидан “Иовга элтди чопар шумхабар: “Ўғлонлар кўксига санчилмиш ханжар...”, Қадимги Ҳиндистон адабиёти ёдгорлиги “Тҳерагатҳа”дан:

Қайта-қайта даласини шудгор қилар қўшчилар,

Қайта-қайта сепадилар ерларига уруғ, дон,

Қайта-қайта ёмғир билан сийлар уларни осмон...

Умид билан ер ҳайдайди одамлар,

Умид билан уруғ сочар одамлар,

Умид билан денгиз кетар одамлар, –

деган сўзлар киритилган. Бу бежиз эмас. Халқлар тарихини эзгулик бир-бирига боғлаб туради. Ер, ҳаво, сув боғлаб туради. Шу сабабли инсон учун ҳаёт муҳим, яшаш зарур.

– Адабиёт бу маънода инсонни тарбиялайди, демоқчисиз...

– Албатта. Мана шу “Эрта қайт­ган турналар” асари болалигимда тарбиямга муҳим таъсир ўтказган. Ўйлайманки, бошқалар учун ҳам шундай.

– Сиз дипломат сифатида мамлакатларимиз истиқболига қандай қарайсиз?

– Мамлакатларимиз истиқболи қардошлигимизда, қондошлигимиз­да. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу борада олиб бораётган ишлари мақтовга лойиқ. Бағрикенглик инсонга хос фазилат. У буни намоён этмоқда. Қирғиз-ўзбек асрлар давомида бирга яшашган. Уларни ажратиб бўлмайди. Бугунгидек тадбирлар мана шу юксак мақсадларга хизмат қилади.

– “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ҳақида фикрин­гизни билмоқчийдик.

– Бу Ўзбекистондаги нуфузли адабий газета. Бу газетани отам ҳам олиб турарди. Униўзбек адабиётининг кўзгуси деб атарди. Яқинда газета саҳифаларида “Қирғиз-ўзбек дўстлиги тимсоли” деб номланган суҳбат-мақолада академик Оқил Салимов халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларининг илдизи теранлиги борасида мулоҳаза юритиб, қадрдон дўсти Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш учун Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан юртингизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтган гапларини ўқиб тўлқинланиб кетдим. Газета кейинги пайтларда Қирғизистонга етиб бормаяпти, шекилли. Маданий-маърифий алоқа­­ларимиз мустаҳкамланиши жара­ёнида эзгу анъаналар яна қайтадан йўлга қўйилиши керак. Қирғизис­тон­даги ўзбек мухлисларига ўзбек адабий газетаси, Ўзбекистондаги қирғиз мухлисларига қирғиз адабий газетаси етиб бориши қардош­лигимиз мустаҳкамланишига хизмат қилади.

– Ташаккур.