August 11, 2023

ИККИ ИШҚ ФАЛСАФАСИ “Меҳробдан чаён” романидаги бир эпизод ҳақида

Ҳазрат Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги “Ишқ зикрида” бобида ишқнинг таснифи берилиб, у уч қисм – авом ишқи, хавосс ишқи ва сиддиқлар ишқидан иборат эканлиги қайд этилади. Бундаги сиддиқлар ишқи жуда юксак мавқе бўлиб, улар, сиддиқлар валоят, яъни валиликнинг аъло, яъни юқори, нубувватнинг адно (қуйи) даражасида турадиларки, бу жонли ҳаётдан беҳад юксаклик деганидир. Авом ва хавосс ишқи ҳаётда ёнма-ён учраши нисбатан табиий.

Ундан ташқари яна бир – ишқи мажозий, яъни реал, ҳаётий муҳаб­бат ва ишқи илоҳий, яъни Ҳаққа, Аллоҳга бўлган муҳаббат – таснифи мавжуд. Ва айрим тадқиқотларда ишқи мажозий ишқи ҳақи­қийнинг муайян бир кўриниши сифа­ти­да қайд этилади. Бу ишқ каби сирли ва мураккаб масалага назарий жиҳатдан қарашдир. Лекин ҳаётда, воқеликда ва унинг инъикоси бўлган бадиий адабиётда икки ишқ орасидаги тафовут оғир, драматик, баъзан фоже йўсинда кечиши мумкин.

Шу жиҳатдан Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романидаги бир эпизод ғоятда муҳим. Раънога хондан совчилар келиб, Солиҳ Маҳдумда “хонға қайин ота бўлиш” истаги ғолиб чиққач, севишганлар ҳаётида айрилиқ хавфи қаттол қиличини кўтарганда, ошиқ-маъшуқлар ўртасида шундай гап кечади. Бунда илоҳий ишқ билан ҳаётий севги тўқнашади ва ўзаро айрилади. Келажакдаги айрилиқни салкам бўйнига олган Анвар дейди:

“Йўқ. Мажозий ажралиш – ажра­лиш эмасдир, чунки биз бир-биримизга мажозий боғланмағанмиз, ҳақиқий боғланишни эса қатъ этиш ифлослар уҳдасидан келмас. Бас, шу ҳолда биз икков нега хафа бўлайлик, Раъно?”

Анвар бунда илоҳий маънодаги юксак ишқни кўзда тутмоқда, бу борада у билан баҳслашмоқ ўринсиз. У – ўзича ҳақ. У ўз фикрини шундай мустаҳкамлайди: “Ишқ давоми авом ўйлаганча васл эмас – ҳажрдир. Зеро, васл ишқ ўтини сўндирғучи, ҳажр эса камолатка эришдиргучидир...”. Шу гапдан сўнг Анварнинг: “Сен шу иккидан қайси бирисини танлайсан, Раъно?” деган сўроғига сукутда қолган Раъно, савол такрорлангач, ортиқ даражада муҳим фалсафий жавоб беради. Бу – кулфат ёқасида турган Раънонинг ва буюк Қодирийнинг теран фалсафаси эди. Раъно дейди:

“Мен кейингисини... Бироқ хоннинг ифлос тўшагида ётмайман”. Кейингиси эса ҳажр эди. Лекин Раъно бир пайтнинг ўзида реал ҳаётда ҳажрга тушишни истамайди. Васл – ҳаётий ишқ, “ҳажр эса камолатка эришдиргучи” илоҳий ишқ эди. Демак, Раъно илоҳий ишққа содиқ, бу ишқнинг буюклигини англайди. Лекин.... Ҳозир унинг тақдири қил устида турибдики, шу боис у кейинги, хон тўшаги ҳақидаги гапни айтмоқда.

Икки гап орасидаги уч нуқта (...) ҳам лаҳзалик сукутни, ҳам икки тоифа ишқ орасидаги жарликни ифода этмоқда. Такрор бўлса-да, айтамиз, Раъно ишқда “камолатка эришдиргучи” ҳажрни ёқлайди, бу буюк ҳақи­қат эканини англайди. Аммо ўзи­нинг ёш умри хазон бўлишини ҳам истамайди.

Ошиқлар тақдири қил устида турган бир пайтда кимнинг мантиғи устун, яъни ҳаётийроқ. Шубҳасиз, Анварнинг ҳажр ҳақидаги гапи юксак мавқеда ҳақиқат. Лекин айни пайтдаги вазиятда у мағлубиятни тан олишга тенг. Анвар ҳажрга, яъни айрилиққа рози. Раъно асло рози эмас. Адиб асарнинг 51-бобини бежиз “Жасур қиз” деб атамаган. Бу ном Раънога жуда ярашиқли.

Абдулла Қодирий инсон руҳиятининг олис пучмоқларига киришда моҳир эди. Аслида, бу буюк ёзувчиларнинг илоҳий насибасидир. Буюк адиб асарлари, айниқса, унинг икки романида талай руҳий кашфиётларга гувоҳ бўламиз. Шулардан бири, юқорида кўриб ўтганимиз, “Меҳробдан чаён” романидаги ушбу эпизоддир.

Адиб қачон буюк, қачонки, кутилмаган, етти ухлаб тушга кирмаган вазиятлар яратса, кутилмаган ҳолат ва фикрлар орқали китобхонни ҳам ҳаяжонга солса, ҳам чуқур ўйга толдирса. Оддий тасвир қалами бор ҳар кимсанинг қўлидан келади. Силлиқ баён қилиш – бу ҳали ёзувчилик, бадиият дегани эмас. Бадиият эса, абадиятга тенг. Шу боис ҳам Қодирий абадийдир.

Сувон МЕЛИ,

филология фанлари доктори