БИРИНЧИ УСТОЗ
Янги ўқув йили бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Куни кеча пойтахтимиздаги 144-мактабга кириб биринчи қават бўйлаб борар эканман, одатдагидек, шу қаватда жойлашган бошланғич синфхоналарига кўзим тушди. Синфхоналар қаторидан ўтгач, эшиги очиқ хонага кириб бордим. Бу хона 3-“А” синф ўқувчиларига ажратилган бўлиб, ўқитувчи кўргазмали воситалар, синф ўқувчиларининг иш жилдларини тартибга келтираётган экан. Хона озода, тоза, ёруғ, деворга ортиқча кўргазмали воситалар илинмаган. Электрон доска, компьютер сингари замонавий ўқув воситалари шай ҳолда. Досканинг тепасида “Салом, мактаб!” деган ёзув бор, хуллас, қисқача айтганда, болалар келиши билан дарсни бошлаб юборса бўлаверади.
Бошланғич синф ўқитувчиси Машрабхон Умарова билан танишдик. Олий тоифали, 2010 йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” деган шарафли номга сазовор бўлган. Орадан бир йил ўтгач, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. “Халқ таълими аълочиси”, “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари, яна бир қанча мукофотлар, фахрий ёрлиқлар соҳибаси. Кўриниб турибдики, у ўз касбининг устаси, эътироф этилган устоз!
Юқори синфларда фан ўқитувчиларини танлаш қийин масала, лекин кўпни кўрган ота-оналар фарзандларини биринчи синфга бераётганда тажрибали бошланғич синф ўқитувчисини излашади. Чунки бошланғич синф ўқитувчиси (чет тиллари ва жисмоний тарбия фанларидан ташқари) болаларга тўрт йил мобайнида меҳр билан таълим-тарбия беради. Қанчалик машаққатли, ва айни пайтда, шарафли вазифа! Шўх, тўполончи болаларни жойига ўтқазиб, қўлига қалам тутқазиб, ҳарф танитиб, юриш-туриш қоидаларини ўргатиш биргина муаллим учун қанчалар қийин. Шарафли томони эса, у – биринчи устоз! Барчамиз биринчи ўқитувчимизни яхши эслаймиз. У хотирамизда меҳрибон, билимдон, эҳтиромга лойиқ инсон қиёфасида сақланиб қолган.
Суҳбатимиздан аён бўлдики, Машрабхон Умарованинг синфига бир томони Ҳасанбой, бир томони Зангиота томонлардан ҳам ўқувчилар қатнаб дарс олар экан.
– Шундай масъулиятли касбни танлашингизга нималар туртки бўлган? – сўрадим Машрабхон Умаровадан.
– Мен мактабда улғайганман десам ҳам бўлади. Онам Санобархон Умарова Олтиариқ туманидаги мактаблардан бирида кутубхоначи бўлиб ишлаган. Ўқувчилик йилларим бўш вақтимни ҳар доим кутубхонада ўтказганман. Онамга дарсликларни тартибга солишга кўмаклашардим. Янги келган китобларни рўйхатга олиш, ўқувчиларга тарқатиш ва йиғиб олишни, китобсевар ўқувчилар билан суҳбатлашишни яхши кўрардим. 1991 йилгача, яъни мактабни тугатгунча мактаб кутубхонасидаги аксарият китобларни ўқиганман. Биринчи ўқитувчим, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 39-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Салима Сотқиналиева қалбимда бу касбга меҳр уйғотган. Биринчи устозим ҳозиргача эришган ютуқларимдан ғурурланиб юради. 2010 йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловида иштирок этганимда ҳам Тошкентга келиб далда берган. Ютуқларимга омил бўлган яна бир устозим – бундан 10–15 йил аввал мактабимизда директор вазифасида ишлаган Гулчеҳра опа Расулова бўлади. Устоз мени “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2010” республика танловида қатнашишга ундаган, қўлингиздан келади, дея ўзимга ишонч уйғотган ва яқиндан ёрдам берган, йўл-йўриқ кўрсатган, қўллаб-қувватлаган. Ва ниҳоят, беғубор қалблар – мактабга илк бор қадам босиб келган болажонларни яхши кўрмай бўладими!? Ахир, уларнинг ҳар бири бир олам-ку! Уларнинг соддалиги, очиқлиги, ҳаракатчанлиги, интилишлари менга куч-ғайрат бағишлайди.
– Таълим жараёнида мунтазам тарзда ўзгаришлар юз беради. Уларни ўзлаштириб бориш бугунги ўқитувчи учун қийин эмасми? Яъни дунёдаги илғор иш тажрибаларини амалда қўллаш маъносида айтяпман. Замонавий бошланғич синф ўқитувчилари учун нималар зарур деб ўйлайсиз?
– Ўтган йили Туркияга бориб келдим, кейинги ҳафта бир гуруҳ устозлар билан Грузияга илмий-амалий анжуманда иштирок этиб, тажриба алмашишга кетяпмиз. Дунёнинг айрим давлатларидаги ҳамкасблар билан алоқа боғлаб, янгиликларни алмашиб турамиз. Умуман, соҳадаги ўзгаришларни ўз вақтида ўрганиб, амалга татбиқ этиш ишимизнинг самарали бўлишини таъминлайди. Ўқитувчи мунтазам изланиши керак, деб ўйлайман. Ҳозир Британия мактабида ҳам дарс бераман. У ердаги муҳит бошқа, аммо ўша мактабдаги илғор тажрибаларни ўз синфимда қўллайман.
Шунингдек, ўқитувчилар малака ошириш институтида маърузалар ўқийман ва тингловчилар билан суҳбатларда ҳам кўплаб янгиликлардан хабардор бўламан. Умуман, халқаро илғор тажрибалар билан ҳам, ўзимизнинг мактаблардаги янгиликлар билан ҳам мунтазам танишиб бораман. Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси менга куч-ғайрат беради.
– Бошланғич таълим тизимида хориж тажрибасидан нималарни ўрганиш керак, деб ўйлайсиз?
– Айтиш мумкинки, аксарият ривожланган давлатлар таълим тизимида болаларнинг эркинлигига алоҳида аҳамият берилади. Шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳамкорлиги, бир-бирига мувофиқлиги диққатга сазовор. Мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбияга катта эътибор қаратилади, аммо бу жараён болаларга хос ўйинлар асосига қурилади. Яна бир тажриба шундаки, АҚШ ёки Туркия сингари мамлакатларда болалар беш ёшдан бошлаб мактабга қабул қилинади. Балки бу масалани мутахассислар атрофлича ўйлаб кўришлари керакдир. Чунки бугунги болалар бундан ўн ёки ўн беш йил олдинги болалардан кескин фарқ қилади. Йилдан йилга ахборот оқими кучайиб боряпти, болаларимизни қанчалик эрта тарбиялашга киришсак шунчалик яхши. Ҳозирги пайтда болалар боғчаларга тўлиқ қамраб олинган, боғчаларда эса таълим сифати ортиб бормоқда. Буни янада кучайтириш лозимдир. Хорижий иш тажрибасини ўрганиш ва амалиётда қўллашда миллийликни сақлашни унутиб қўймаслик керак, холос.
Машрабхон Умарованинг тажрибали устоз сифатида “Бошланғич таълим – билимлар пойдевори”, “Иш тажрибаларидан намуналар”, “Биринчи устоз” номли услубий қўлланмалари чоп этилган. Шунингдек, Буюк Британияда бўлган халқаро илмий-амалий анжуманда “Бошланғич таълимда ўқитишнинг самарали шакл ва методлари” мавзусида маъруза қилиб, махсус диплом билан тақдирланди. Бундан ташқари, юртимизда ўтказилаётган таълим-тарбия соҳасидаги анжуманларда фаол иштироки, янги дарсликлар яратиш ва уларни тажрибадан ўтказишда ҳам унинг жонкуярлиги ибратга молик. Шу ўринда карантин пайти ўқувчиларга телевидение орқали онлайн тарзда 360 соатдан зиёд дарс ўтганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
– Турли феъл-атворли, ҳар хил савиядаги ота-оналар билан муомала, муносабатда бўлиш қийинчилик туғдирмайдими?
– Мен ота-оналардан мамнунман. Улар ўқувчиларимнинг топшириқларни бажаришида яқиндан ёрдам беришади. Ота-оналар билан алоқани изчил йўлга қўйганмиз. Махсус телеграм каналимиз орқали улар ўз фарзандларининг билими ҳақида истаган вақтида маълумот олиши мумкин. Ота-оналар иштирокидаги мажлисларимиз алоҳида тадбир тарзида амалга оширилади. Масалан, охирги мажлисларимиздан бирида ўқувчиларнинг тўгарак машғулотларга иштироки муҳокама қилинди. Унда болалар тўгаракда ўрганган билимларини ота-оналар олдида намойиш этишди. Биз ота-оналарга муаммоларни эмас, уларнинг ечимини, қилинган ишларнинг натижасини кўрсатамиз. Бу иш усулимизни янада ривожлантириш режаларини тузиб чиқамиз. Аммо мени ташвишга соладиган муаммолардан бири нотинч оилалар фарзандларининг тақдиридир. Масалан, бундан уч-тўрт йил аввал ўқитган синфимдаги бир ўқувчининг ота-онаси ажралишган, онаси бошқага турмушга чиққан, бола бувисининг қўлида қолган. Онаси баъзан мактабга келиб болага кўп пул бериб кетарди. 2-3 синфларда телефон олиб берди ва ҳоказо. Бу “ғамхўрлик” унинг бошқа болалардан ажралиб қолишига олиб келди. Бошланғич синфларда бундай ҳолат билинмаслиги мумкин, аммо 6-7 синфда тарбияси суст болалар яққол ажралиб қолади. Бундай оилалар болалар тарбиясига ҳалал беради. Афсуски, оила билан боғлиқ муоммоларни тўла-тўкис бартараф этиш қийин. Ота-оналар фарзандларининг фанларни ўзлаштириш бўйича тутган алоҳида дафтарини тўрт йил давомида кузатиб боришади. Бу аввалги кундалик дафтардан фарқ қилади, чунки унда 1-4 синф давомида болалар бажарган машқлар ўз ифодасини топган бўлади.
– Бу бошланғич синф ўқитувчиларининг иш ҳужжатларига расман киритилмаган, менингча.
– Тўғри. Бу менинг шахсий иш услубим. Болалар барча дарсларни синфда бажаради. Уйга вазифалар, асосан, шеър ёд олиш, ўқиш бўлиши мумкин. Ўқувчилар уйга берилган вазифани тайёрлагач, дейлик, берилган шеърни ёдлаб, ёддан айтилган шеърни ота-оналар телефонга ёзиб олиб, кечқурун менга юборишлари мумкин. Телеграм бизга катта ёрдам беради. Мен ҳар оқшом телефонимга келган хабарларни кўриб, ўрнида баҳолаб, ота-оналарга қайта юбораман. Албатта, савол-жавоблар аслида дарс жараёнида олиб борилади, аммо бир жиҳати бор: ота-оналар болаларининг дарс қилишларини ўзлари кўриб, гўё ўзлари баҳо олгандек хурсанд бўлишади. Қолаверса, навбатдаги дарсда болалардан уйга вазифа сўралмайди, чунки вазифани бажарганларини биламан. Вақт тежалади. Хуллас, бизнинг кунлик машғулотларимиз мактабда ўтиладиган 4-5 соат дарс билан чекланмайди. Ота-оналар, ўқувчилар менга истаган пайтда мурожаат этиши мумкин. Мен эса, болалар дарсни ўзлаштиришлари учун барча имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Муҳими, ота-оналар фарзандларининг таълим олиши жараёнида фаол иштирок этади. Бу жуда долзарб масала.
– Мана, 27 йилдан буён болаларга ҳарф ўргатиб, сабоқ бердингиз. Минглаб ўқувчиларнинг биринчи устозисиз. Улар орасида ўзингиз яхши кўрган, унутилмас ўқувчилар кўпми?
– Ҳаммасининг ўзига хос томонлари бор. Баъзида шундай иқтидорли ўқувчилар чиқиб қоладики, уларга ота-оналар билан ҳамкорликда қўшимча таълим берилмаса бўлмайди. Аммо мен бошланғич синфда тўрт йил ўқитган, 2019 – 2020 йили мактабни битирган ўттиз нафар ўқувчимнинг 28 нафари олий ўқув юртига ўқишга кирган эди ва кейинчалик ҳаётда ҳам улар ўз йўлларини топиб кетишди. Ҳозиргача улар билан хабарлашиб турамиз. Мен уларни 5-синфга ўтиб, кейинчалик мактабни битириб кетгунча кузатиб, маслаҳатларимни бериб бордим, синф раҳбарлари билан биргаликда ишладик. Ажойиб синф эди.
– Болалар билан дарсдан ташқари машғулотлар ҳам ўтказасизми?
– Дарсдан ташқари машғулотларни табиат қўйнида, болалар театрларида ўтказиш мумкин. Шунингдек, қизиқувчан болалар учун дарсдан кейин математика, инглиз тили фанларини қўшимча ўқитаман.
– Таълим-тарбия жараёнида энг муҳим масала нима?
– Аввало, болани ҳар бир сўзни тўлиқ ва тўғри адабий тилда талаффуз қилишга ўргатиш керак. Бу аниқ-тиниқ фикрлашга асос бўлади ва бошқалар билан фикр алмашишда муҳим аҳамиятга эга. Болаларнинг она тилида равон сўзлаши келажакдаги ютуқларининг дебочасидир.
Машрабхон Умарованинг ишларига ривож тилаб, мактабдан чиқар эканман, кўпдан бери ўзимни қийнаб келаётган бир саволга жавоб топгандай бўлдим: бугунги замонавий ўқитувчи қандай бўлиши керак? Замонамиз қаҳрамони демоқчи эмасман. Шунчаки бизнинг болалик тасаввуримизда қолган ҳурматли, билимли, ўқувчиларга ибрат бўладиган, ота-оналар қадрлайдиган ўқитувчи тимсоли ҳақида ўйлаяпман. Ҳар бир даврнинг ўз устозлари бўлади. Балки бугунги ўзбек ўқитувчиси Машрабхон Умарова сингари ҳаракатчан, ижодкор, билимли, ўз соҳасига доир хорижий иш тажрибаларини пухта эгаллаган, дарсларини самарали ташкил этиш учун ҳар қандай қолипни бузишга қодир, ташаббускор бўлиши керакдир.